Бен-Гвир Ал-Ақсо мажмуасида ибодатхона қурмоқчи

15:18 27 Август 2024 Спорт
257 0

Исроил Миллий хавфсизлик вазири Бен-Гвир Ал-Ақсо мажмуасида ибодатхона қуришини айтди. Мамлакатлар ва қатор расмийлар унинг статус-квога қарши бўлган хавфли изоҳини танқид қилган.

Ал-Ақсо Ислом оламининг учинчи муқаддас жойи ва Фаластиннинг рамзи ҳисобланади. Вазир журналист билан бўлган суҳбатда агар унга қолса ҳудудда ибодатхона қуришини билдирган. Исроил ҳукумати томонидан олиб борилган ўнлаб йиллик статус-квога кўра, яҳудийлар ва бошқа мусулмон бўлмаганлар Шарқий Қуддусдаги бинога ташриф буюриши мумкин, аммо ибодат қилиши мумкин эмас.

Бен-Гвир яҳудийларга бинода ибодат қилишга рухсат бериш кераклигини қайд этди.

"Араблар хоҳлаган жойларида ибодат қилишлари мумкин, шунинг учун яҳудийлар хоҳлаган жойларида ибодат қилишлари керак. Ҳозирги сиёсат яҳудийларга ушбу жойда ибодат қилишга имкон беради",  деган у.

2022 йил декабрь ойида Миллий хавфсизлик вазири сифатида иш бошлаганидан бери Бен-Гвир муқаддас жойга камида олти марта ташриф буюрган. Ал-Ақсо масжиди Иордания томонидан бошқарилади, аммо у ерга кириш Исроил хавфсизлик кучлари томонидан назорат қилинади.

“Ал-Ақсо ва муқаддас жойлар мусулмонлар учун тоза ибодат масканидир. Мамлакат муқаддас жойларга қилинган ҳужумларни тўхтатиш учун барча зарур чораларни кўради. Бу борада керакли ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланмоқда”,  дейилади Иордания Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Исроилнинг бир нечта расмийлари Бен-Гвирни қоралаган. Бенямин Нетаняҳу идорасининг баёнотида амалдаги сиёсатда ўзгариш йўқлигини маълум қилишган.

"Маъбад тоғидаги статус-квога қарши чиқиш хавфли, кераксиз ва масъулиятсиз ҳаракатдир", деди Мудофаа вазири Ёав Галлант.

"Бен-Гвирнинг ҳаракатлари Исроил давлатининг миллий хавфсизлигига хавф туғдиради”,  деб фикр билдирган Исроил Мухолифати раҳбари Яир Лапид. Унинг фикрича Бен-Гвирнинг шарҳлари Нетаняҳу ўз ҳукумати устидан назоратни йўқотганлигини англатади.

ҲАМАС вазирнинг изоҳлари хавфли эканлигини айтиб, Араб ва Ислом давлатларини муқаддас жойларни ҳимоя қилиш учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга чақирди. Миср Ташқи ишлар вазирлиги Исроилни ўз мажбуриятларини бажаришга ва кескинликни кучайтиришга қаратилган провокацион баёнотларни тўхтатишга чақирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?