Беҳбудий меросига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва ибратли фаолияти, илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Самарқанд вилояти педагогик маҳорат марказида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Унда профессор-ўқитувчилар, тарихчилар, беҳбудийшунос изланувчилар, таниқли журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Дастлаб Маҳмудхўжа Беҳбудий бюсти пойига гуллар қўйилди, марказ ҳовлисига кўчатлар ўтқазилди.
Илмий-амалий конференцияда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Рустам Қобилов ва Ҳусан Тўхтаев, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, тарихчилар, олимлар ва буюк нинг эвараси Шоҳруҳ Беҳбудий Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти, авлодларга қолдирган бой маънавий мероси ҳақида сўз юритди.
Таниқли адиб ва журналист Ф.Тошев Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илмий мероси хусусида фикр юритиб, маърифатпарвар бобомиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ янги маълумотлар билан кўпчиликни таништирди.
— Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарорида мужассам бўлган ғоялар мазмун-моҳияти Беҳбудий ғояларига ҳамоҳангдир, — деди Ф.Тошев. — Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг халқпарварлик, ватанпарварлик, маърифатпарварлик йўлидаги кенг кўламли фаолияти ҳар жиҳатдан ибрат, ҳурмат ва эътиборга лойиқ. Негаки, ўз даврининг ҳақиқий зиёлиси, улуғ маърифатпарварнинг ғоялари миллат фидойиларини ҳурлик, тараққиёт йўлида бирлаштирган.
Тадбирда Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида февраль ойида улуғ алломанинг “Падаркуш” драмаси қайта саҳналаштирилиши маълум қилинди. Ушбу саҳна асари юртимиздаги барча театрларда намойиш этилади. Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейига ҳам йил давомида кенг жамоатчилик, талаба ва ўқувчи-ёшлар, ёш ижодкорларнинг сафарлари уюштирилади.
Конференцияда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг авлодлари ҳам сўзга чиқиб, улуғ маърифатпарварнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлардан мамнунлигини билдиришди.
Тадбир қатнашчилари Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейида ҳам бўлиб, буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига оид қимматли маълумотлар, музейдаги жорий таъмирлаш, реэкспозиция ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Конференция иштирокчилари томонидан Беҳбудий ижоди, ҳаёт йўлини пухта ўрганиш лозимлиги, тадбирлар кўламини янада кенгайтириш бўйича таклифлар ўртага ташланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг