«Барселона» иштирок эта олмайдиган турнирнинг мукофот жамғармаси 1 миллиард АҚШ доллар этиб белгиланди

10:42 27 Март 2025 Спорт
172 0

«FIFA Club World Cup 2025» мусобақаси учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги рекорд мукофот пули ажратиладиган бўлди. Ушбу тақсимот модели FIFA Кенгаши ва Европа клублар ассоциацияси каби асосий ҳамкорлар билан муҳокама қилинган. FIFA президенти Жанни Инфантинонинг таъкидлашича, мусобақа формати 7 та учрашувдан иборат гуруҳ ва плей-офф тизими асосида ўтказилади.

Янги тизим бўйича ғолиб жамоа 125 миллион долларгача даромад олиш имконига эга бўлади. Шу билан бирга, 250 миллион доллар миқдоридаги солидарлик дастури орқали дунё бўйлаб клуб футболи ривожига ҳисса қўшилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, FIFA ушбу мусобақа орқали ҳеч қандай маблағни ўзда сақлаб қолмайди ва барча даромад клублар ўртасида тақсимланади. Шу орқали ташкилот футболнинг ҳақиқатан ҳам глобал спорт турига айланишига ёрдам бермоқчи.

Мусобақа учун умумий мукофот пули 1 миллиард АҚШ долларни ташкил этади. Бунинг 475 миллион доллари клубларнинг мусобақадаги спорт натижаларига, 525 миллион доллари эса қатнашув учун тақдим этилади.

Спорт натижаларига қараб белгиланган мукофотлар қуйидагича: гуруҳ босқичида ғалаба учун 2 миллион доллар, дуранг учун 1 миллион доллар, 1/8 финалга чиққанлар 7,5 миллион доллар, чорак финал — 13,125 миллион доллар, ярим финал — 21 миллион доллар, финалга чиққан жамоа — 30 миллион доллар ва ғолиб клуб — 40 миллион доллар қўшимча мукофот пули олади.

Қитъалар кесимидаги иштирок учун ажратиладиган маблағлар ҳам аниқ белгиланган. Европа клубларига 12,81 миллион доллардан 38,19 миллион долларгача (спорт ва тижорат мезонлари асосида), Жанубий Америкага — 15,21 миллион доллар, Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси, Осиё ва Африка клубларига — 9,55 миллион доллардан, Океания клубларига эса — 3,58 миллион доллардан ажратилади. Бу кўрсаткичлар иштирокчи клублар учун тенг шароитлар яратишга хизмат қилади.

FIFA ушбу модел орқали нафақат спортдаги рақобатни кучайтиришни, балки футболнинг глобал даражадаги ривожига туртки беришни мақсад қилган. Мукофот пулининг юқори даражада белгиланиши ва даромадларнинг барча клублар ўртасида адолатли тақсимланиши орқали бутун жаҳонда клуб футболига бўлган қизиқиш ва имкониятлар янада кенгаяди.

Қайд этиш керакки, ушбу нуфузли мусобақада Европанинг 12 та клуби иштирок этади. Афсуски, улар орасида «кўҳна қитъа»нинг машҳур клубларидан «Барселона», «Манчестер Юнайтед», «Милан» каби клублари иштирок эта олмайди. Айниқса, «кўканорли»ларнинг турнирда иштирок этмаслиги кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?