Барқарор ривожланиш йўлидаги янги босқич

16:51 16 Март 2026 Сиёсат
262 0

2025 йил эълон қилинган глобал ҳисобот нимани кўрсатмоқда?

Бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бири — барқарор ривожланиш ҳисобланади. Иқлим ўзгариши, камбағаллик даражасини қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ижтимоий тенгсизлик ва экологик муаммолар каби глобал таҳдидлар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга соляпти. Иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат ва экологик мувозанатни уйғунлаштирган янги тараққиёт моделини шакллантиришга ундамоқда.

Шу мақсадда 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартиби қабул қилинди ва унда инсоният тараққиётининг асосий йўналишларини қамраб олган 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари белгиланди.

2025 йилда эълон қилинган Барқарор ривожланиш бўйича ҳисоботда мазкур мақсадларга эришиш жараёнида дунё давлатлари қандай натижаларга эришгани таҳлил қилинди. Ҳисобот маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, барқарор ривожланиш ғояси глобал миқёсда кенг қўллаб-қувватланаётган бўлса-да, уни амалга ошириш жараёнида ҳали ҳам қатор жиддий муаммолар сақланиб қоляпти.

БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги 193 давлатдан 190 таси барқарор ривожланиш бўйича миллий стратегиялар ва дастурларни қабул қилган. Бу ҳолат барқарор ривожланиш тамойиллари халқаро ҳамжамият томонидан умумий тараққиёт йўли сифатида қабул қилинганини кўрсатади.

Мамлакатлар Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёнида Ихтиёрий миллий шарҳ механизми орқали ўз тажрибалари ва натижаларини тақдим этмоқда. 2015 йилдан буён кўплаб давлатлар камида икки марта миллий шарҳ тақдим этган бўлиб, 2025 йил учун яна 39 та мамлакат ўз ҳисоботини эълон қилишни режалаштирган. Фақат уч давлат — Гаити, Мянма ва АҚШ — ушбу жараёнда иштирок этмаган. Шунингдек, маҳаллий даражада ҳам барқарор ривожланиш сиёсатини баҳолаш учун Ихтиёрий маҳаллий шарҳлар амалиёти кенгайиб бормоқда.

Бироқ амалий натижалар барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги мураккабликларни ҳам кўрсатяпти. Ҳисоботга кўра, жаҳон миқёсида Барқарор ривожланиш мақсадларининг атиги 17 фоизигина белгиланган режа бўйича амалга оширилмоқда, қолган қисмида эса секинлашиш ёки орқага кетиш ҳолатлари кузатилган.

Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик мувозанат ва биохилмахиллик, шаҳарлар инфратузилмасининг барқарорлиги, адолат ва ҳуқуқий институтлар самарадорлиги каби соҳаларда жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Мутахассислар томонидан бу ҳолатга асосий сабаблар сифатида геосиёсий можаролар, иқтисодий инқирозлар, молиявий ресурслар етишмаслиги ҳамда иқлим ўзгариши келтирилмоқда.

2025 йилги ҳисоботга кўра, барқарор ривожланиш индекси бўйича етакчиликни асосан Европа мамлакатлари сақлаб қолмоқда. Хусусан, Финляндия биринчи, Швеция иккинчи ва Дания учинчи ўринни эгаллаган. Германия ва Франция ҳам юқори натижаларга эришган давлатлар қаторига киради.

Бу мамлакатларда ижтимоий ҳимоя тизими, таълим ва тиббиёт соҳалари юқори даражада ривожланган бўлиб, давлат бошқарувида шаффофлик ва самарадорлик таъминланган. Шунга қарамай, ҳатто ушбу давлатлар ҳам барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

Шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатлари сўнгги ўн йил ичида барқарор ривожланиш бўйича энг тез ўсишни намойиш этмоқда. Масалан, Непал, Камбоджа, Филиппин, Бангладеш ва Мўғулистон индекси сезиларли даражада ўсган. Шу қаторда Бенин, Перу, Бирлашган Араб Амирликлари, Коста-Рика, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ҳам барқарор ривожланиш бўйича жадал тараққиётга эришган мамлакатлар қаторига киритилган.

Қувонарлиси, ҳисоботда Ўзбекистон Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақасида барқарор ривожланиш бўйича энг тез тараққий этаётган давлатлардан бири сифатида қайд этилган.

2025 йилги рейтингга кўра, Ўзбекистон 167 та давлат орасида 73,1 балл билан 19 поғонага кўтарилиб, 62-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз 2015 йилдан буён Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақаларида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида фаол суръатларда тараққиётга эришган давлат сифатида эътироф этилди. Бу кўрсаткичлар юртимизда барқарор ривожланиш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ва жамиятнинг фаол иштирокини намоён этмоқда.

Шу билан бирга, ҳисоботда барқарор ривожланишга эришишдаги асосий тўсиқлардан бири — молиявий ресурслар етишмаслиги ҳам таъкидланади. Дунё аҳолисининг қарийб ярми мазкур дастурни амалга ошириш учун етарли молиявий имкониятларга эга бўлмаган давлатларда яшайди. Айниқса, ривожланаётган мамлакатлардаги ташқи қарзларнинг ортиши, инвестиция ресурсларининг чеклангани, халқаро молиявий тизимдаги тенгсизлик каби муаммоларга дуч келмоқда.

Мутахассислар фикрича, барқарор ривожланишга эришиш учун халқаро молиявий архитектурани ислоҳ қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Шу мақсадда ҳисобот муаллифлари ривожланаётган мамлакатларга имтиёзли кредитлар ажратиш, ташқи қарзларни қайта кўриб чиқиш, халқаро экологик жамғармаларни кенгайтириш, глобал инвестиция оқимларини ривожланаётган давлатларга йўналтириш каби амалий чораларни таклиф этмоқда.

Ҳисоботда шунингдек, барқарор ривожланишни таъминлашда инсон капиталига сармоя киритиш алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланади. Мутахассислар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига инвестиция киритиш узоқ муддатда иқтисодий ўсишни таъминлашини қайд этмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, инсон капиталига киритилган инвестициялар 20 фоизгача иқтисодий натижа бериши мумкин. Бундан ташқари, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, “яшил” энергетика ва инновацион технологиялар барқарор ривожланишни тезлаштирувчи муҳим омиллар сифатида баҳоланмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам барқарор ривожланишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таҳсинга сазовор. Камбағалликни қисқартириш дастурлари, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда рақамли трансформацияни жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатнинг барқарор тараққиёт йўлидаги позициясини мустаҳкамламоқда.

Экспертлар фикрича, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш, глобал молиявий тизимни ислоҳ қилиш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, инсон капиталига инвестицияларни ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш каби устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги тавсия этилган.

Ҳисобот натижалари бир томондан кўплаб мамлакатлар барқарор ривожланиш йўлида сезиларли ютуқларга эришаётганини тасдиқласа, иккинчи томондан глобал миқёсда ҳали ҳам катта муаммолар мавжудлигини кўрсатади. Айниқса, геосиёсий зиддиятлар, молиявий ресурслар тақчиллиги, экологик инқирозлар ва ижтимоий тенгсизлик каби омиллар барқарор тараққиёт жараёнини секинлаштирмоқда. Шу сабабли, барқарор ривожланиш фақат алоҳида давлатларнинг эмас, балки бутун инсониятнинг умумий масъулиятидир.

Ҳозирги шароитда глобал ҳамкорликни кучайтириш, адолатли молиявий тизимни шакллантириш, инновация ва инсон капиталига сармоя киритиш орқали барқарор тараққиётни таъминлаш инсоният олдида турган стратегик вазифалардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда, 2030 йилгача белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш нафақат қийинлашади, балки инсониятнинг келажак тараққиёти ҳам жиддий хавф остида қолиши мумкин.

Элёржон САМИНОВ,

Барқарор ривожланиш маркази директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?