Андижон атиргуллари жаҳон бозори сари йўл олмоқда

14:04 28 Январь 2026 Жамият
124 0

Балиқчи туманида қишлоқ хўжалигининг ноанъанавий, бироқ юқори қўшимча қийматга эга йўналишларидан бири атиргулчилик изчил ривожланмоқда. Хусусан, туманда фаолият юритаётган “Чинобод нурли замин” агрофирмаси далаларида 600 хилдан ортиқ атиргул кўчатлари парваришланмоқда. Ушбу кўчатлар нафақат ички бозор, балки хорижий давлатларга ҳам экспорт қилиняпти. Ўтган йилда агрофирма томонидан Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ҳамда Белоруссия давлатларига жами 1 миллион туп атиргул кўчати экспорт қилинган. Бу эса Балиқчи атиргулчилигининг ташқи бозорларда ҳам ўз харидори борлигидан далолат беради. Эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилдан бошлаб атиргулчилик маҳсулотлари экспорти янада кенгайтирилиши режалаштирилган.

—Ҳозирда бу йўналишда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда,-дейди туман ҳокимлиги масъул ходими Музаффарбек Каримов. -Хусусан, ўтган мавсумда йиғиб олинган атиргул япроқлари белгиланган талаблар асосида қуритилиб, қадоқлаш ишлари амалга ошириляпти. Зеро, жаҳон бозорида мазкур маҳсулотнинг 1 килограмм нархи 160–250 АҚШ доллари атрофида баҳоланмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, қуритилган атиргул гулбарглари таркибида инсон саломатлиги учун фойдали бўлган табиий моддалар мавжуд. Улар иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис ушбу маҳсулотга жаҳон бозорида талаб юқори. Қуритилган атиргул япроқлари тиббиётда, косметология соҳасида, шунингдек, озиқ-овқат саноатида, айниқса қандолатчилик ва парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Эътиборга молик томони шундаки, атиргул хомашёсини экспорт қилаётган давлатлар сони ҳали кўп эмас. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Балиқчи туманида ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар истиқболли ҳисобланади.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер