«Маънавият фестивали» бахтли болаларга қувончли онларни ҳадя этмоқда

22:49 05 Июнь 2021 Маданият
1810 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"

Болалик инсон умрининг энг беғубор, орзу-умидларга тўла жўшқин ва ҳароратли дамдир. Боланинг кулгуси,  кўзларидаги қувонч бутун оламни ёритадигандек гўё. Халқимиз азалдан болажон халқ, бунга тарихимиздан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бугун ҳам юртимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар қаторида эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жаҳон андозаларига мувофиқ билим олиши, маънавий камол топиши учун етарлича шарт-шароитлар яратилган. Шунинг баробарида уларнинг мароқли хордиқ чиқаришини ташкил этиш мақсадида турли кўнгилочар тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар-бир болага меҳр ва эътибор кўрсатилмоқда. Буни биргина “Меҳр” операциялари давомида Ватанимизга қайтарилган болалар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бу борада “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳам уларнинг ҳаётга қайта мослашуви, билим олиши учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани ҳеч биримизга сир эмас. 

Шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун ҳам “Маънавият фестивали” доирасида “Болаларга маърифат улашиб”, “Маърифат тур”, “Бахтли болалик” лойиҳаларини амалга ошириб келинмоқда. Кеча 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат ва нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан “Анҳор-Локоматив” боғида ўтказилган маданий-маърифий тадбир ҳам бир неча эзгу ғояларни ўзида мужассамлаштирди.

“Маърифат тур” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қариб уч минг нафар фарзандлари иштирок этди. Унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, психолог, Республика экспертлар кенгаши аъзоси Жамила Шермуҳаммедова, “Ўзбекфильм” киностудияси актрисаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Барно Кадирова, Алишер Атабаев, Рихсибой Алиевлар иштирок этишди.

Китоб – замонлар тўлқинида сузувчи, ўзидаги маънолар хазинасини аждодлардан авлодларга авайлаб етказувчи тафаккур кемасидир, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти Ахборот хизмати бўлим бошлиғи Алишер Азимов.
- Унинг ҳар бир саҳифаси ҳикматларга бой ва дилларга рўшнолик киритиб, эзгу туйғуларни уйғотмоққа қодир. Шу боис, фестиваль доирасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳам асосий мақсад қилиб белгилангани, ўйлайманки, ўтказилаётган тадбирлар аҳамиятини янада оширмоқда.

“Болаларга маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида болалар маънавиятини янада юксалтириш, дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган китоблар кўргазмаси, юртимиздаги илм, фан, санъат ва маданият вакиллари ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида учрашувлар бўлиб ўтди. “Қувноқ цирк” томошасини маза қилиб томоша қилдик, ---- дейди пойтахтлик Диёра Отамуродова. ---- Бошқа тадбирлар ҳам биз, ёшларга, болажонларга манзур бўлди. “Паннога расм чизиш” дастурида эса ўз орзуларимни сурат орқали ифода этдим. Кўплаб аттракционлар биз учун бепул хизмат қилди. Барчаси учун ташкилотчиларга раҳмат!

“Ҳунармандчилик кўргазмаси”да болалар миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъати йўналишлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ва истеъдодли болалар иштирокида концерт намойиш этилди. Тадбирда сўзга чиққанлар, болажонларни байрам билан табриклаб, беғуборлик уларни тарк этмаслигини тилашди. Кўзимиз қувончи, бизнинг эртамиз ва ҳаётимиз мазмуни бўлмиш кичкинтойларимизга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари берилди. “Бахтли болалик” хайрия дастури барча болажонларга манзур бўлди. Эслатиб ўтамиз, «Маънавият фестивали» доирасидаги бир-биридан қизиқарли лойиҳалар, кўнгилларга чинакам маънода бахт ва хурсандчилик улашувчи тадбирлар  давом этмоқда.

 

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ
"Халқ сўзи"

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?