“Бахтим шул – Ўзбекнинг Зулфиясиман”
Яхши шеър мудраб ётган руҳиятни уйғотади. Тонгнинг нафасидек кўнгилга хуш ёқади. Кўклам ҳавосидек баҳру дилингизни очиб юборади. Ҳар йили эрта баҳорда икки боғлам бинафша кўтариб, ўзбекнинг севимли шоираси Зулфияхоним ҳайкали қошига борар эканмиз, беихтиёр қалбга яқин мисралари жаранглайди:
Ҳамон эътиқодим – ҳақиқат, ҳақдир,
Сўзлайман юзимни тутиб Каъбага.
Емира олмайди ўткинчи тақдир,
Осуда ўтади руҳим абадга.
Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,
Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,
Бахтим шул – Ўзбекнинг Зулфиясиман.
Она юрт, севги, баҳор мадҳига йўғрилган бу сатрлар нурланган ҳар бир кўнгил ҳамиша шундай самимий изҳорларга муштоқ. Туғилган гўшага кўнгил ришталари билан боғланиб, шукроналик ҳиссини туйиш ижодкор учун қанчалик бахт бўлса, китобхон учун ҳам фараҳлидир.
Кўклам ва бахт жарчиси, тонг куйчиси Зулфияхоним шеърларини ўқиганда тонгнинг оқ алангаси, қировли майсалар нафаси, кумуш нурлар жаранги, қор тагидан бош кўтарган бинафшанинг ифори димоғимизга урилади. Шоира баҳорда таваллуд топгани учун табиат манзаралари ҳаёти, тақдирига уйғунлашиб кетган.
“Деразамнинг ортида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади...”
Гулни кўриб ишқпараст қалбим,
Минг айтилган дарддан куйлади...
ёки...
Баҳорга бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради, жўшқин, забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас...
Аёл қалби энг нозик хилқат. Зулфияхоним шеърларида аёллар дунёси алоҳида ўрин тутади. Ўзи ҳам истеъдоди, меҳнати, ростгўйлиги, билан ижодда, ҳаётда шуҳрат топди. “Бир мавзуда чекланиб қолгим келмайди. Лекин дугоналарим, тенгдош – замондошларим ҳаёти, ўзбек аёлининг ҳозирги қиёфаси ўзининг шоирона ифодасини талаб этиб, мени ҳамиша ҳаяжонга солади”, дея ёзади эсдаликларининг бирида Зулфия опа.
Неча аждод кечган боғдан йўл қолди,
У йўлларда Сиздан мендан йўқдир из!
Сиз Мену, Мени Оналик олди,
Аёл зоти кетмас ҳаётдан изсиз...
“Фусункор сўзга, инсонни гўзалликлар сари чорловчи дунёни кашф этувчи, бадиий сўзга бўлган муҳаббат чўғини илк бор қалбимга солган онам эди”, дея ёзади шоира.
Инсон юрагида бонг урган ҳиссиёт борки, барчаси аёл қалбига яқин.
Зулфияхонимга оилавий бахт тўла-тўкис насиб этмаган бўлса-да, у шеърларида “Мен ўтган умримга ачинмай қўйдим... Чунки, иззатни ҳам кўрдим” дейди. Бошига булутдек ёғилган айрилиқ азобини, ғам андуҳларни матонат билан енгади. Унинг изтироблари, армонлари ҳам тоғдек бардошли, вафоли, иродали аёл садоқати гавдаланади.
Не-не гўзал ёшликлар келар,
Умри боқий ҳаёт йўлида.
Ўшанда ҳам ўриклар гуллар,
Сен бўласан диллар тўрида...
– Ҳаётимнинг ўн йили Ҳамид Олимжон билан ҳамнафас ва ҳамқадам ўтгани мен учун улкан бир бахт бўлди, – деб ёзади Зулфияхоним хотираларида. – Йирик шоир, бениҳоя меҳнаткаш, ноёб интизом эгаси, дўстларига меҳрибон, душманларига аёвсиз Ҳамид Олимжон – турмуш ўртоғим, болаларимнинг отасигина бўлиб қолмасдан, айни чоғда сезгир маслаҳатчим ҳам эди. Мен ундан фикрлашни, меҳнат қилишни ва шеър ёзишни ўргандим, ижод мактабидан таълим олдим. Аммо...
Бахтли муҳаббатни куйлаган созим,
Ўлим ханжарига тегди-ю синди...
Бир неча ой ўтгач, қалбимдаги айрилиқ шалораси қуйилиб-қуйилиб ўзанига йўл топди, шекилли, қаламдан алам бўлиб мисраларга қуйила бошлади. Ҳар бир сўз чўғдай, йўқ, яллиғланиб турган қўрғошиндай, мен уларни ёза бошладим. Кейини “Уйда бўғилдиму эшикка чиқдим”, “Бу кун янги йилмиш... демак ажиб тун”... ёзилди. Кейин ёзилаверди, ёзилаверди. Айрилиқнинг қаҳратон қиши менинг ёнишимга совиш бағишламади. Ҳаёт мени бир қадам тоблади чоғи. Энди у шеърларни эълон қила бошладим. Ҳамид Олимжонсиз баҳор келаверди, ҳамма ёқ янгилана бошлади. Зилол, оқ, пушти ранглар Тошкентнинг ичкари ҳовлиларига ҳам кириб, гул сочиб юрди. Биринчи баҳор... Ҳар новда, ҳар майса ўзича уйғониб, баҳор келди – менинг дарду армоним ошгандан ошиб кетди.
Бир кун хизматдан қайтиб, ётоғимга кириб, оқшомгача чиқмай қоғоз мук тушганим эсимда. Вақт ўтгани, тун кирганини сезмай қолдим. Хонам эшиги секин очилиб, меҳрибон ва мунисгинам, қайнонам кирганларини сезмабман.
– Болам, нима бўлди, дам оляпсиз деб кирмадим, – деб чироқни ёқдилар.
– Туринг, овқатланишга чиқинг болалар кутиб қолди, – дедилар.
– Хўп, аяжон, – деб қаламимни қоғозни устига ташлаб, кийимимни ҳам алиштирмай болаларим олдига чиқдим. Сўнг... яна қоғозга мук тушдим. Қайғудан музлаб қолган юрак ва туйғулар савалаётганини ҳозир ҳам томир-томиримдан ҳис қиляпман...
Ташқарида тонг отяпти... Яна меҳрибонгинам, ғарибликдаги ҳабибим қайнонам кирдилар:
– Болам, тун бўйи ўтириб ёздингиз. Энди ишга қандай борасиз? Бундай қилманг, юринг, нонушта тайёр...
Шу тунда “Баҳор келди сени сўроқлаб” деган шеър ёзилган эди...”.
Зулфия опа Ҳамид Олимжонсиз 50 баҳорни қаршилаган бўлса-да, ҳар доим “Қаламинг қўлимда, созинг қалбимда” дея қалбида ҳижрони, қўлида сози билан ҳаётни куйлади. Юракдаги ҳасратларини ушбу мисраларга тўкиб, баҳра олди:
Икки кўзим икки қорачиғ –
Мунисим Ҳулкарим, алпим Омоним.
Ширин набиралар ҳаётдан тортиғ,
Ҳар бирин жонига пайванддир жоним.
Шоиранинг ўрта мактаб дарслигига кирган “Ўғлим, сира бўлмайди уруш” шеъри ҳам оналик бахти, меҳри, тилаги билан ёзилган. Ўша йиллари Иккинчи жаҳон уруши таҳликаси шоира ижодига таъсир ўтказган. “Менинг ўғлим ҳаётга керак”, деган битиклари бугун ҳам барчамизга осуда замонамизнинг қадрига етишга ундайди. Ҳар айтган сўзи қалбда эзгулик, ҳақиқат, тимсоли бўлиб муҳрланади. Зулфия опанинг шеърият осмонида кенг қанот ёзишида нафақат Ҳамид Олимжон, балки Ойбек домланинг ҳам беқиёс ўрни бор. “Қуёшга қалам” достонини Ойбек домлага бағишлагани бежиз эмас.
Йўл демак, ўтилган бир умр демак,
Ҳеч бири муқиммас тупроқ сингари.
Лекин замон ўта борлиғи ҳикмат,
Биз-ла келаётган кимлар йўллари...
Зулфияхоним босиб ўтган йўл – шодлик, бахт ва йўқотишлар, дўстлар, устоз-шогирдлар, қилинган ишлар ва амалга ошмаган режалар, сафар таассуротлари билан бой кўнгил йўли бўлди. У турмушнинг машаққатли ва залворли йўлларини кечиб, ўрик гуллари, кўклам чечакларининг нафосати, гўзаллигидан илҳом олиб, барчасини шеърга солди. Шунинг учун ҳам шеърлари қалбимизда ҳанузгача жаранглайди, шогирдлари опани ҳар йили меҳр билан ёдлайди.
Адиба УМИРОВА,
“Халқ cўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг