БАА ва Туркия чемпионатида омадсизлик, Эронда ғалаба

11:14 19 Октябр 2025 Спорт
348 0

Ўтган ҳафта давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари ўз клублари таркибида маҳаллий чемпионат ўйинларида иштирок этишди.

Ушбу ўйинлар натижалари ва футболчиларнинг иштирокига тўхталиб ўтамиз.

Отабек Шукуров ва Акмал Мозговой

Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатида 6-тур ўйинлари орқада қолди. Ушбу тур доирасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Отабек Шукуров ва Акмал Мозговой фаолият олиб бораётган “Банияс” клуби сафарда мусобақа пешқадами “Ал-Айн” клуби билан куч синашди.

Таъкидлаш керакки, айни вақтда “Банияс”нинг ҳолати ҳавас қилгудек эмас. Жамоа дастлабки 5 та турнинг барчасида мағлуб бўлган ҳолда сўнгги ўринни эгаллаб турганди. Бу гал ҳам жамоа мағлубиятга учради.

Учрашувда “Ал-Айн” клуби 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Гўлларга Ҳуссин Раҳими, Софиян Рахими, Александро Ромеро ва Коджо Лаба муаллифлик қилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси Отабек Шукуров ўйинни асосий таркибда бошлади. 75-дақиқада Ҳалфан Муборакка алмаштирилди.

Ўйин давомида Отабек жами 57 марта тўпга тегинди. У узатган 48 та паснинг 36 таси ўз манзилига аниқ етди. Бу — 75 фоизлик кўрсаткич дегани. Узун узатмаларнинг аниқлиги бўйича эса Шукуров 60 фоизлик натижа қайд этди.

Дарвоза томон 2 марта зарба йўллади. “Sofascore” портали Отабекнинг 75 дақиқалик ўйинини 6,2 баллга баҳолади.

Терма жамоанинг яна бир аъзоси Акмал Мозговой ҳам ўйинни асосий таркибда бошлади ва тўлиқ ҳаракат қилди.

Акмал жами 43 марта тўпга тегинди. У узатган 41 та паснинг 39 таси аниқ етди — бу 95 фоизлик натижа дегани.

Узун пасларнинг аниқлиги бўйича 67 фоизлик кўрсаткич қайд этган футболчи 2 марта фолсиз рақибдан тўпни олиб қўйди. “Sofascore” портали Акмалнинг ўйинини 6,5 баллга баҳолаган.

Азиз Ғаниев жамоасида ҳам мағлубият

Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатининг 6-туридан ўрин олган яна бир ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азиз Ғаниев тўп сураётган “Ал-Батаеҳ” клуби ўз майдонида турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турган “Ал-Ваҳда” жамоасини қабул қилди.

Учрашув 1:3 ҳисоби билан меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланди. “Ал-Ваҳда” жамоаси киритган гўлларга Умар Кейта, Душан Тадич ва Лукас Пимента муаллифлик қилди. “Ал-Батаеҳ” жамоасининг ягона жавоб гўли эса Диней Боржес ҳисобига ёзилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азизжон Ғаниев ўйинни асосий таркибда бошлади ва 89-дақиқада Муҳаммад Жумага алмаштирилди.

Ғаниев ўйин давомида 58 марта тўпга тегинди. У узатган 45 та паснинг 37 таси аниқ етди — бу 85 фоизлик натижа.

Азиз елкама-елка курашларда 8 марта қатнашди ва уларнинг ярмида ғалаба қозонди. У узатган 2 та калит пас ҳам беxато амалга оширилди.

“Sofascore” портали Азиз Ғаниевнинг ўйинини 6,8 баллга баҳолади.

“Истиқлол Теҳрон”дан ғалаба

Бу турга келиб, ниҳоят “Истиқлол Теҳрон” клуби мухлислари ҳам ўз уйларига хуш кайфиятда кетадиган бўлишди.

Ўтган 7 та ўйинда “Чодар Малу”, “Мухаррақ”, “Шамс Азар”, “Пайкан”, “Истиқлол Ҳузестон”, “Ал-Васл” ва “Зоб Аҳан” клубларига қарши ўйнаган Теҳрон жамоаси ушбу баҳсларнинг бирортасида ғалаба қозона олмаётган эди. Бу гал жамоа мусобақа жадвалида охиридан иккинчи бўлиб турган “Мес Рафсанжан” клубини мағлуб эта олди.

Ўйинда киритилган ягона гўлга Жасир Асани муаллифлик қилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Рустам Ашурматов ўйинни асосий таркибда бошлади ва 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.

Рустам ўйин давомида 57 марта тўпга тегинди. Аниқлик бўйича 97 фоизлик кўрсаткич қайд этди. Елкама-елка курашларда 6 марта ғалаба қозонди.

Эрондаги маҳаллий футбол порталлари унинг ўйинини 8,9 баллга баҳолади.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир аъзоси Жалолиддин Машарипов эса жароҳати туфайли ушбу ўйинда майдонга тушмади.

Элдор Шомуродов гол урди

Туркия чемпионатининг 9-туридан ўрин олган баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов тўп сураётган “Истанбул Башакшеҳир” клуби ушбу мамлакатнинг энг кучли жамоаси — “Галатасарой” билан куч синашди.

Учрашувда меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. “Галатасарой” жамоаси киритган голга Лерой Сане муаллифлик қилди. “Истанбул Башакшеҳир” клубининг ягона жавоб голи эса Элдор Шомуродов ҳисобига ёзилди. Таъкидлаш керакки, ушбу гол киритилишидан 8 дақиқа олдин ҳам Шомуродов гол урган, аммо ушбу гол офсайд туфайли ҳисобланмаганди.

Элдор Шомуродов ўйинни асосий таркибда бошлади ва тўлиқ ҳаракат қилди.

Ўйин давомида жами 37 марта тўпга тегинди. У берган 26 та узатманинг 15 таси ўз манзилига аниқ етиб борди. Бу, ўз навбатида, 60 фоизлик кўрсаткич дегани.

Тўп учун курашларда бир неча бор иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси сардори уларнинг 3 тасида ғалаба қозонди. 1 марта фол ишлатди, 1 марта унга нисбатан фол қўлланилди.

“Sofascore” портали Элдор Шомуродовнинг ушбу ўйиндаги ҳаракатларини 7 баллга баҳолади.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир етакчиси Аббосбек Файзуллаев эса Қувайт билан ўйинда олган жароҳати туфайли ушбу баҳс қайдномасидан ўрин олмади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер