Австралия сентябрда Фаластин давлатини расман тан олади, Янги Зеландия ҳам қарор қабул қилиш арафасида

15:51 11 Август 2025 Дунё
194 0

Фото: The Daily Aus

Австралия бош вазири Энтони Альбанезе мамлакат сентябр ойида Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳақдаги баёнот Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида эълон қилинади.

«Икки давлат тамойили — Яқин Шарқдаги зўравонлик айланасини бузиш, Ғазодаги можаро, азоб-уқубатлар ва очарчиликка барҳам бериш учун энг тўғри йўл», — деди Альбанезе Канберрадаги матбуот анжуманида.

Австралиянинг бу қадами Канада, Франция ва Буюк Британия келаси ойда БМТга аъзо давлатларнинг кўпчилигига қўшилиб, Фаластинни расман тан олишга тайёргарлик кўраётган пайтга тўғри келмоқда.

Баёнот Сиднейда юз минглаб одамлар Исроилнинг Ғазо сектордаги уруш сиёсатига қарши йирик намойиш ўтказганидан бир ҳафта ўтиб берилди. Намойишда қатнашганлар санкциялар жорий этиш ва Исроил билан қурол савдосини тўхтатишни талаб қилишган.

Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг ҳам Фаластинни тан олиш бўйича хавф йўқлигини таъкидлади. Шу билан бирга, мухолифатдаги Либерал партия бу қарорни танқид қилиб, Австралия ўзининг энг яқин иттифоқчиси — АҚШ билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирди.

Парламентдаги тўртинчи йирик сиёсий куч — «Яшиллар» партияси эса Фаластинни тан олиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Партия вакиллари Австралиянинг Исроил билан қурол савдосини тўхтатиши ва санкциялар жорий этишини талаб қилмоқда.

Альбанезенинг таъкидлашича, Фаластин халқининг ўз давлатини тузиш ҳуқуқини тан олиш Австралиянинг Фаластин маъмуриятидан олган мажбуриятларига асосланади ва бу қадам фаластинликларга ҲАМАС таъсиридан ҳоли равишда ўз тақдирини белгилаш имконини беради.

Янги Зеландия ҳам қарор арафасида

Янги Зеландия ташқи ишлар вазири Уинстон Питерс мамлакат сентябр ойида Фаластин давлатчилигини тан олиш ёки олмаслик бўйича расмий қарор қабул қилишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу масалада турли сиёсий кучлар ўртасида турли қарашлар мавжуд ва ҳукумат барча фикрларни инобатга олади.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазога қарши ҳарбий ҳаракатлари оғир оқибатларга олиб келмоқда. Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, уруш бошланганидан бери камида 61 430 киши ҳалок бўлган, 200 га яқин одам, жумладан 96 бола очликдан вафот этган.

БМТ маълумотларига кўра, 193 аъзо давлатдан 147 таси Фаластин давлатини аллақачон тан олган. Бу дунё мамлакатларининг тўртдан уч қисми дегани. Бироқ 1947 йилда БМТ тасдиқлаган Фаластинни бўлиш режаси ҳалигача амалга ошмаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?