Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси муҳокама қилинди

18:31 13 Январь 2025 Сиёсат
276 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси муҳокама қилинди.

Давлат дастури лойиҳасида аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувларидан бири сифатида белгиланганлиги таъкидланди.

Давлат дастурида 5 та устувор йўналиш белгиланган бўлиб, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналишида ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган мақсадлар қамраб олинган.

Хусусан, жорий йилда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамров даражасини ошириш 98 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим муассасалари учун  65 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китобларини яратиш ва амалиётга жорий этиш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, умумий ўрта таълимни ривожлантириш учун хусусий секторни кенг жалб қилиш мақсадида нодавлат умумий ўрта таълим мактаблари сонини 600 тага етказиш кўзда тутилган.

Хорижий илмий ташкилот ва университетларга илмий стажировкага юборилган тадқиқотчиларнинг умумий сонида 35 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг улушини 80 фоизга оширилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида 7,1 млн нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида энг кўп учрайдиган юрак қон-томир, қандли диабет, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари хавфини аниқлаш мақсадида профилактик кўрикларни ўтказиш ҳамда 3 – 18 ёшли 10 млн нафар болаларда онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича оммавий ва селектив скринингдан ўтказиш чоралари режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, мажлис давомида “Ўзбекистон – 2030”  стратегиясининг “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналишида мамлакатнинг тинчликсевар, прагматик фаол ва изчил ташқи сиёсатини амалга оширишга доир 10 та мақсадни қамраб олган таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Жумладан, ратификация қилинган халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш, етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан истиқболли ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Сенаторлар томонидан умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, олий таълим муассасалари рейтингини яхшилаш, ёш тадқиқотчиларнинг улушини ошириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга оширишга қаратилган таклифлар билдирилди.

Шунингдек, халқаро ҳамкорлик, хорижий инвестицияларни ва туризмни жадал ривожлантириш ҳамда аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишда масъул вазирлик ва идораларнинг ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Муҳокамалар якунида сенаторлар, экспертлар ҳамда мутахассислар томонидан Давлат дастури лойиҳасига бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер