«Атлетико» ёки «Реал Мадрид»: «Мадрид дербиси»да ким ғалаба қозонади?

13:12 27 Сентябр 2025 Спорт
100 0

Бугун, 27 сентябрь куни Испания Ла Лигаси доирасида 7-турнинг марказий ўйинига гувоҳ бўламиз. Ушбу баҳсда Мадриднинг «Атлетико» клуби ўз ҳамшаҳари «Реал Мадрид»ни қабул қилади. Биз ушбу ўйин олдидан жамоаларнинг ҳолати ва имкониятларини кўриб чиқамиз.

«Мадрид дербиси»

«Атлетико» ва «Реал Мадрид» жамоалари шу вақтга қадар 241 марта ўзаро ўйин ўтказган. Ушбу ўйинларнинг 176 таси Испания Ла Лигаси, 44 таси Испания кубоги, 11 таси УЕФА чемпионлар лигаси ва яна 10 таси турли 2-даражали мусобақалар доирасида бўлиб ўтган.

«Реал Мадрид» жамоаси жами ўйинларнинг 117 тасида ғалаба қозонган. Бу барча ўйинларнинг 49 фоизи дегани. 61 та ўйинда «матрасчилар»нинг қўли баланд келган. Қолган 63 баҳсда дуранг натижа қайд этилган.

Ушбу ўйинларда «Реал Мадрид» жамоаси рақиби дарвозасига 398 та гол киритган. «Атлетико» эса шу вақтга қадар «қироллик клуби» дарвозасига 308 марта йўл топа олган.

«Атлетико» жамоаси 1947 йил «қаймоқранглилар»ни 5:0 ҳисобида мағлуб этган. Бу «Атлетико»нинг «Реал» устидан қўлга киритган энг йирик ғалабаси ҳисобланади.

Худди шундай, «Реал Мадрид» ҳам ўз ҳамшаҳарини 1983 йил 5:0 ҳисобида мағлуб этган. Бу эса «Реал»нинг «матрасчилар» устидан қозонган энг йирик ғалабасидир.

2019 йилнинг ёзида ушбу жамоалар Халқаро чемпионлар лигаси мусобақаси доирасида ўзаро ўйин ўтказганлар. Ушбу ўйин 7:3 ҳисобида «Атлетико Мадрид»нинг ғалабаси билан якунланган. Айни шу баҳс мазкур жамоалар ўртасидаги ўйинларда энг кўп гол киритилган ўйин сифатида тарихда қолган.

Сўнгги ўйинлар

Жамоаларнинг сўнгги 10 та ўйинига аҳамият берсак деярли натижалар тенг эканини кўриш мумкин.

Ушбу ўйинларнинг 4 тасида дуранг натижа қайд этилган. 4 та баҳсда «Реал Мадрид», яна 2 та ўйинда эса «Атлетико Мадрид» ғалаба қозонган.

Ушбу клублар ўртасида кечган сўнгги баҳс 2025 йилнинг 12 апрель санасида УЕФА чемпионлар лигаси доирасида бўлиб ўтган.

Дастлабки баҳсда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган «қироллик клуби» ушбу ўйиннинг 1-дақиқасидаёқ ўз дарвозасидан тўп олиб чиқади. Голга Конор Галлахер муаллифлик қилади. Ўйин айнан 1:0 ҳисоби билан якунига етади. Пенальти сериясида эса Хулиан Алварес ва Маркос Лёрентенинг хатоси сабаб Диего Симеоне жамоаси ўйинни ютқазади.

Бу йилги натижалар

«Реал Мадрид» жамоаси бу мавсум Ла Лигада жуда яхши старт олди. Клуб дастлабки 6 та турда «Осасуна», «Реал Оведо», «Малёрка», «Реал Сосиедад», «Эспанёл» ва «Леванте» жамоаларини мағлуб этган ҳолда 18 очко жамғариб, турнир жадвалида яққол карвонбоши бўлиб турибди.

Шунингдек, «Реал Мадрид» УЕФА чемпионлар лигасини ҳам муваффақиятли бошлади. Жамоа дастлабки турда Франциянинг «Марсел» клубини қабул қилди ва 2:1 ҳисобида рақибидан устун келди. Умумий ҳисобда «қироллик клуби»нинг бу йилги ғалабали серияси 7 та ўйинга етди.

«Атлетико»да эса ишлар яхши эмас. Жамоа мавсумни «Эспанёл» клубига мағлуб бўлиш билан бошлади. Кейинги 2 турда «Элче» ва «Алавес» жамоалари билан дуранг ўйнади. Ниҳоят, 4-турга келиб мавсумдаги дастлабки ғалабасини қўлга киритди. Симеоне жамоаси ушбу турда «Вилярреал» клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этишни уддалади.

Жамоа кейинги турда ҳам дуранг ўйнади. Бу сафар «Малёрка» билан ва сўнгги турда «Раё Валлекано» клубини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Ҳозирда «матрасчилар» Ла Лига жадвалида 9 очко тўплаган ҳолда 9-ўринни эгаллаб туришибди.

Шунингдек, клуб УЕФА чемпионлар лигасини ҳам муваффақиятсиз тарзда бошлади. Дастлабки турда «Атлетико» «Ливерпул» клуби майдонидан 2:1 ҳисобидаги мағлубият билан қайтди.

Жамоаларнинг бу йилги статистикаси

Урилган голлар сони

«Реал Мадрид» – 14

«Атлетико Мадрид» – 9

Ўтказиб юборилган голлар сони

«Реал Мадрид» – 3

«Атлетико Мадрид» – 7

Тўп назорати

«Реал Мадрид» – 59,5 %

«Атлетико Мадрид» – 61 %

Тўп узатмаларини аниқлиги

«Реал Мадрид» – 87 %

«Атлетико Мадрид» – 90 %

Тўп учун курашларда ютиб чиқиш

«Реал Мадрид» – 56 %

«Атлетико Мадрид» – 50 %

Ўртача ҳар ўйиндаги зарбалар сони

«Реал Мадрид» – 7

«Атлетико Мадрид» – 5

Жамоаларнинг ютуқ ва камчиликлари

«Атлетико Мадрид»нинг кучли томонлари:

1. Жамоада чидамлилик юқори. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати жуда яхши. Симеоне жамоасида курашувчанлик кайфияти доим бўлган ва ҳозирда ҳам шундай.

2. Клубга қўшилган янги футболчилар жамоа ўйинига тез киришиб кетишди.

3. «Атлетико» азалдан ҳимояси билан танилган ва айнан бу борадаги устунлигини сақлаб қолмоқда. Улар ҳимоядан чиқишда деярли хато пас амалга оширишмайди. Тўпсиз ҳам яхши ҳаракат қила олишади.

Жамоанинг камчиликлари:

1. Ҳужумдаги самарадорликнинг камлиги. Жамоа кўплаб вазиятлар ярата оляпти, аммо кўплаб ҳужумлар зарбагача етиб бормаяпти.

2. Муқобил тактика ва диверсификация етишмаслиги. Баъзан Симеоне консерватив ёки уюштирилган тактикаларга таянади. Ҳужумга ўтганда ижодий ёки ўзгарувчан ечимлар етишмайди. Рақиблар ҳимоя ташкил қилишда «Атлетико» режалари билан аллақачон таниш бўлиб улгурган. Шунингдек, ҳужум чизиғида кўпроқ вариантларга эҳтиёж сезиляпти.

«Реал Мадрид»нинг кучли жиҳатлари:

1. Жамоага янги келган футболчилар аллақачон мослашиб кетишди.

2. Жамоа ҳужумларда жуда хилма-хил ўйнаяпти. Хаби Алонсо келгандан сўнг креативлик анча ошди.

3. Жамоанинг етакчилари – Мбаппе, Винициус Жуниор ва бошқалар максимал спорт формасига кириб улгуришди. Айниқса, Мбаппе қаторига 4 та ўйиндан бери гол уриб келмоқда.

«Қаймоқранглилар»нинг камчиликлари:

1. Ҳимояда тезкор ҳужумларга қарши барқарорлик етишмайди, бўш жойлар қолдириб қўйишади.

2. Яратувчи имкониятлар кўп бўлсада, ҳужумни якунлашда баъзан самарадорлик паст бўлади.

3. Юқори босим қўядиган рақиблар қарши ўйин қуриш ва комбинацияларни давом эттиришда қийналишади.

Сўнгги сўз

Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда, бугунги баҳсда «Реал Мадрид» клубининг устунлигини қайд этиш мумкин. Бугунги баҳс фаворити – «Реал Мадрид». Аммо яхши биламизки, «Мадрид дербиси»да одатда кутилмаган натижалар кўп кузатилади. Ушбу ўйинда нималар бўлишини бугун билиб оламиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?