«Асосий таркибдаги ўрнингиз кафолатланмаган»: Ўзбек футболи жамоатчилиги Абдуқодир Ҳусановнинг фаолиятидан хавотирда. Гвардиоланинг Ҳусанов ҳақидаги сўнгги фикрлари
Қишки трансферлар ойнасида Франциянинг «Ланс» клубидан Англиянинг «Манчестер Сити» клуби сафига қўшилган ўзбекистонлик марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг фаолияти, айни пайтга келиб барча футбол жамоатчилигининг эътибор марказида бўлиб турибди.
Гап шундаки, кўплаб футбол мухлислари ҳамда мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган ҳамда «Манчестер Сити» таркибига келиб қўшилганига кўп бўлмасдан апрель ойининг энг яхши ўйинчиси бўлишга ҳам улгурган ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов бугун «шаҳарликлар»нинг асосий таркибида кўриниш бермаяпти. Бу ҳолат ўзбек футболи жамоатчилигининг турли тахминларига сабаб бўлмоқда.

Кеча, 2 май оқшомида бўлиб ўтган Англия Премьер-лигаси доирасидаги «Манчестер Сити» ҳамда «Вулверҳемтон» жамоалари иштирокидаги баҳсда Ҳусановнинг захира ўриндиғи тугул, қайдномага ҳам киритилмагани ҳам футбол мухлислари томонидан салбий қабул қилинди. Ҳатто «футболчининг карьерасида чўкиш» бошландими» деган саволларни ҳам ўртага ташламоқда.
АПЛнинг 35-тур баҳси олдидан ташкил қилинган матбуот анжуманида «Манчестер Сити» клуби бош мураббийи Пеп Гвардиола Ҳусановнинг нима сабабдан майдонга тушмаётганига тўхталиб ўтди.
«Борнмут»га қарши ўйинда Ҳусанов сариқ карточка олди. Мен таваккал қилишни хоҳламадим ва чап қанотга янада фаоллик қўшмоқчи бўлдим. Шунинг учун Ҳусановни биринчи бўлимдан сўнг алмаштирдим.
Аммо, ўша дақиқаларда мен Нико бу қадар тез яхши ўйнаб кетади, деб ўйламагандим. Йошко эса марказга жуда яхши мослашиб олди. Бу шуни кўрсатадики, асосий таркибда ўз ўрнингизни кафолатланган деб ишониб қолмаслигингиз зарур. Шу билан бирга, энди буёғига умуман ўйнамай қолишим мумкин, деб ҳам ўйламаслигингиз керак.
Нунеш, ОʼРайли, Гвардиол барқарор ўйнамоқда ва бу орқали ўйинимиз ҳам яхши чиқмоқда. Ҳозирча мана шу боғлам барчамизни қаноатлантирмоқда. Абдуқодирнинг майдонга тушмаётганига ягона ва бирдан-бир сабаб мана шу», — дейди мутахассис.
«Манчестер Сити» «Вулверҳемтон» устидан қозонилган ғалабасидан сўнг АПЛ турнир жадвалида учинчи поғонага кўтарилиб олди. Афсуски, ҳамюртимиз бу учрашувда ҳам жамоасига ёрдам бера олмади. Шу тариқа Ҳусановнинг клуб захирасида ўтказаётган ўйинлари сони кетма-кет 5 та ўйинга етди.

Бу орада кўплаб хорижий футбол нашрлари, жумладан, Испаниянинг «Carpetas Blaugranas» нашри «Барселона» клуби Ҳусановни бир мавсумга ижарага олиб, кейинроқ тўлиқ сотиб олиш вариантини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзди. Бу хабар тезда тарқалиб, ўзбек футбол ишқибозлари орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ҳусановнинг агенти Гайрат Ҳасбиуллин футболчига каталонияликлар қизиқаётгани ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритиб ўтди.
Футбол агентининг сўзларига кўра, Испаниянинг «Барселона» клубидан Ҳусановнинг трансфери борасида ҳеч қандай расмий мурожаат ёки таклиф келиб тушмаган.
«Менга «Барселона»дан ҳеч ким қўнғироқ қилгани йўқ. Бу гаплардан хабардор эмасман. Клуб президенти Лапорта ҳам мен билан боғланмаган. Буларнинг барчаси шунчаки миш-миш», — деган Ғайрат Ҳасбиуллин.

Аввалроқ, Ўзбекистон футбол ассоциацияси маркетинг ва медиа бўлими бошлиғи Даврон Файзиев ҳам Ҳусановнинг доимий захирада қолаётгани масаласида футболчининг яқинлари билан боғланганини маълум қилган эди.
«Аслида нима бўляпти? Биринчи навбатда айтиб ўтаман, Гвардиола билан ҳеч қандай шахсий ва профессионал даражада зиддият йўқ. Аксинча, Пеп машғулотларда доимий тарзда унга эътибор қилади, позицияси бўйича тактик кўрсатмалар беради. Ишончи сўнмаган. Жисмоний жиҳатдан ҳам Ҳусановда ҳозир муаммо, пасайиш йўқ. Ўйинларда тушмаётганига сабаб — соғлом рақобат.
Яна бир ёш ҳимоячи Нико ОʼРайли чап қанотда кетма-кет учрашувларда голлар ва ассистлар қайд этгач, Йошко Гвардиол марказга ўтказилди. Диаш лидер сифатида марказий ўнг ҳимоячи сифатида ҳаракат қилмоқда. Пеп шу вариантни қўллагач «Манчестер Сити» қаторасига ютишни бошлади. Нафақат Гвардиола, аксарият мураббийлар натижа бўлиб турган жойда ротация қилмайди. Айниқса ҳимояда.
Қолаверса мавсум якунида «Манчестер Сити»нинг йўқотадиган ҳар битта очкоси чемпионлар лигасидан маҳрум қилиши мумкин. Бугун ютса ва ҳимоя яхши ўйнаса эртага яна шулар тушади. Бу нормал жараён.
Абдуқодир Ҳусановда ҳали имкон бўлади, ишонинг. Ўзининг ёндашуви позитив, пайт пойлаяпти. Фейк хабарларни ўқиб қолса балки кайфияти бироз бузилиши мумкин, лекин у ўқимайди. Сиз ҳам фақат ишончли манбаларни кузатинг», — деб ёзганди Даврон Файзиев.

Маълумот учун, Германиянинг нуфузли «Трансфермаркт» портали охирги 1 йил ичида 21 ёшгача бўлган ҳимоячилар орасида нархи энг кўп ошган 10 нафар футболчи номини эълон қилди.
«Манчестер Сити»нинг ўзбекистонлик марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ушбу рўйхатда «Барселона» клуби ҳимоячиси Пау Кубарсидан кейин, 2-ўринда қайд этилган. Унга кўра, ҳимоячининг қиймати охирги бир йил ичида 32,5 миллион еврога қимматлашган.
Эслатиб ўтамиз, порталнинг 2024 йил 3 июнь кунги янгиланишидан сўнг Ҳусановнинг қиймати 2,5 миллион еврога баҳоланган эди. Жорий йилнинг март ойидаги янгиланишдан сўнг эса, ҳамюртимизнинг трансфер қиймати 35 миллион евро этиб белгиланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг