“Artel” компанияси эгизбулоқликларга 6 турдаги техникалар совға қилди

20:29 13 Сентябр 2022 Жамият
826 0

Фото: “Artel” матбуот хизмати

Жорий йилнинг 20 апрель куни кучли ёғингарчилик натижасида Жиззах вилояти, Фориш тумани «Эгизбулоқ» маҳалласида сел кузатилиб, бир қанча хонадонлар жиддий зарар кўрган эди. Бирдамликка ўрганган саховатпеша инсонлар юртимизнинг турли ҳудудларидан ёрдамга ошиқди. Жумладан, бу жараёндан “Artel” компанияси ҳам четда қолмади.

Куни кеча «Эгизбулоқ» маҳалласида барпо этилган 28 хонадон эгаларига “Artel” компаниясининг саховат карвони етиб борди. Ҳар бир хонадон эгаларига компаниянинг махсус сертификати, яъни 6 маҳсулотдан иборат маиший техника тўпламлари совға қилинди. Хусусан, тўплам — совутгич, газ плитаси, кир ювиш машинаси, телевизор, чангютгич ва дазмолни ўз ичига олган.

Тадбирда Фориш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдуманнон Саидхонов, туман «Нуронийлар» жамоатчилик кенгаши раиси Холмат Маматов ҳамда “Artel” компанияси раҳбарияти вакиллари ҳам иштирок этди. Жумладан, компаниянинг Ходимлар билан ишлаш бўйича департамент директори Лазизбек Маматов аҳолини шинам ва кўркам, замонавий қурилган уйлар билан қутлаб, уларга компания совғаларини топширди.

— Халқимиз азалдан бирдам, жипс. Синовли кунларда бу фазилатлар янада яққол намоён бўлади. Табиий офатдан зарар кўрган Фориш туманида бунёд этилган уй-жойларнинг мисолида ҳам давлат идоралари, ташкилот ва йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг бирдамлигини, аҳолини бевосита қўллаб-қувватлаганини кўриш мумкин, — дейди Лазизбек Маматов. — Бу жараён жаҳон тажрибасида корпоратив ижтимоий масъулият — ташкилот ва корхоналарнинг даромад олиши билан бирга, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиши, дейилади. Компаниямиз хайрия ишлари билан мунтазам шуғулланиб келган. Инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш тарзининг енгиллашишида кўмак бериш, қолаверса, илм-фан, спорт, китобхонлик ва бир қанча ижтимоий кўмак жараёнларида камарбаста бўлишни ўз олдига мақсад қилган. Бугунги хайрияларимиз ҳам оилаларнинг янги уйларига тўёнадир.

Тадбирда, меҳнат фахрийлари Зулайҳо Пардаева ва Сафар Соибов сўзга чиқиб, саховат ишларида ўз кўмагини аямаган инсонларга миннатдорлик билдирди. Тадбир сўнггида “Artel” компанияси жамоаси аъзолари маиший техника воситаларини ўз  эгаларига топширишди.

Эслатиб ўтамиз, “Artel” Марказий Осиёнинг энг йирик маиший техника ва электроника ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади. Компания ўз фаолиятини 2011 йилда газ плиталарини ишлаб чиқаришдан бошлаган. Бугунги кунда компания кўплаб турдаги маиший техникаларни ишлаб чиқармоқда.

“Artel” матбуот хизмати. (Т)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер