«Арсенал» энг кўп зарар қилди, энг катта фойда кўрган клуб эса...

2 сентябрь куни Англия Премьер лигаси клублари учун ёзги трансферлар ойнаси ёпилди. 80 кун давом этган трансферлар мавсумида АПЛ жамоалари 3,5 миллиард евродан ортиқ маблағга харидларни амалга оширишди. Шунингдек, ўз футболчиларини бошқа клубларга 2 миллиарддан ортиқ суммага сотишни ҳам уддалашди.
Бугун ёзги трансферлар ойнасида Англия Премьер лигасининг энг кўп фойда кўрган 5 та ва энг кўп зарар кўрган 5 та клубини кўриб чиқамиз.
Зарар кўрган клублар
«Арсенал»
Янги мавсумда ўз олдига чемпионликни мақсад қилиб қўйган Микел Артета бошчилигидаги жамоа ёзги трансферлари учун 293,5 миллион евро сарфлади. Таъкидлаш керакки, жамоа Зубименди, Гёкерес, Эзе ва Мадуэке каби номдор футболчилар билан шартнома имzoлади.
Шунингдек, «тўпчилар» жамоани тарк этган футболчиларнинг трансферларидан 10,3 миллион евро ишлаб топди. Тавареснинг «Лацио»га ўтиши ва Маркиньоснинг Бразилияга қайтиши бу пулларнинг асосий қисмини ташкил қилди.
Якунда «Арсенал» клуби ёзги трансферлар ойнасини 283,2 миллион евро зарар билан тугатди. Бу жорий йилги энг ёмон натижа ҳисобланади.
«Ливерпуль»
Чемпионликка асосий даъвогар сифатида эътироф этилаётган «Ливерпуль» клуби ёзги трансферлар ойнасида бутун дунё бўйича энг кўп пул сарфлаган жамоа бўлди. Таъкидлаш жоизки, клуб ёзда амалга оширган 2 та трансфери футбол тарихида амалга оширилган энг қиммат 10 та трансфер рўйхатидан ўрин олди.
«Мерсисайдликлар» ёзда Иcак, Экитикэ, Вирц, Керкез, Фримпонг каби футболчилар учун жами 487,9 миллион евро сарфлади.
Лекин жамоа «Ливерпуль»дан кетган футболчиларни ҳам яхши суммага сотишга эришди. Жумладан, Луис Диасни «Бавария»га 70 миллион евро эвазига, Дарвин Нуньесни эса «Ал-Ҳилол»га 53 миллион еврога сотишди. Умумий ҳисобда клуб футболчиларининг сотувидан 219,5 миллион евро ишлаб олди.
Шундай қилиб, «мерсисайдликлар»нинг ёзги трансферлар ойнасидаги якуний зарари 268,4 миллион еврони ташкил қилди.
«Манчестер Юнайтед»
«Манчестер Юнайтед» ҳар доим трансферлар бозорида фаоллиги билан танилган. Бу йилги мавсум ҳам истисно бўлмади. Клуб ёзда Матеус Кунья, Брайан Мбеумо ва Бенжамин Шешко каби футболчиларни сотиб олди. Шу ва бошқа трансферлар учун жами 250,7 миллион евро сарфланди.
Шунингдек, жамоани ёзда 10 дан ортиқ футболчи тарк этди. Уларнинг асосий қисми эркин агент сифатида кетишди ва «қизил иблислар» фақатгина Антони ва Гарначо трансфери ҳамда Расмус Хёйлунднинг ижара шартномасидан 74,2 миллион евро ишлаб олди.
Якунда Аморим жамоасининг ёзги трансферлар ойнасидаги соф зарари 176,5 миллион еврони ташкил этди.
«Тоттенҳэм»
«Тоттенҳэм» ҳам бу мавсумда «иштаҳаси карнай» клублардан бири бўлди. Европа лигасининг амалдаги чемпионлари ҳам ёзда қатор яхши трансферларни амалга оширди. Жумладан, Моҳаммед Қуддус, Дансо, Вускович, Симонс ва Матеус Тел каби футболчилар клубга келди. Уларнинг умумий трансферлари учун эса Томас Франк бошчилигидаги жамоа 210,6 миллион евро сарфлади.
Жамоани ёзда 13 нафар футболчи тарк этди. Улардан учтаси клубга моддий фойда келтирди. Брайан Хил, Сон Ҳын Мин ва Пьер-Эмиль Ҳёйбйергнинг трансферларидан жами 41,5 миллион евро даромад олindi.
Шу тариқа, «Тоттенҳэм» ҳам ёзги трансферлар ойнасини зарар билан якунлади. Бу зарар миқдори 169,1 миллион еврoни ташкил этди.
«Сандерленд»
10 йилдан сўнг Англия Премьер лигасига қайтган «Сандерленд» клуби янги мавсум олдидан ўз таркибида жиддий ўзгаришлар қилди. Жамоа «Страсбург», «Рома», «Брайтон», «Аякс», «Байер Леверкузен», «Хетафе» каби клублардан жами 11 нафар футболчини сотиб олди. Ушбу трансферлар учун лига дебютанти жами 187,9 миллион евро сарфлади.
Шунингдек, «Сандерленд» ёзда 4 нафар футболчисининг трансфери орқали пул ишлаб топишга муваффақ бўлди. Нектариос Триантис, Пьер Эква, Том Уотсон ва Жобе Беллингҳэм каби футболчиларнинг бошқа клубларга ўтиши клубга 51 миллион евро даромад келтирди.
Шундай қилиб, жамоанинг ёздаги умумий зарари 136,9 миллион еврога етди.
Фойда кўрган клублар
«Борнмут»
Фойда кўрган жамоалар рўйхатида «Борнмут» клуби етакчилик қилмоқда. Жамоа ёзда Диаките, Петрович, Бен Доак ва бошқа футболчилар билан шартнома имзолади ҳамда бу трансферлар учун жами 138,1 миллион евро сарфлади.
Жамоа ёзда ўз етакчилари Илья Забарнийни ПСЖга, Дин Ҳёйсенни «Реал Мадрид»га, Милош Керкезни «Ливерпул»га сотишга эришди. Шунингдек, яна 7 нафар футболчининг трансфери клубга даромад олиб келди. Умумий ҳисобда «Борнмут» ёзги трансферларидан 238,4 миллион евро ишлаб олди.
Шу тариқа, клубнинг ёзда ишлаб топган умумий фойдаси 100,3 миллион еврога етди.
«Брайтон»
«Брайтон» клуби одатда трансферлар бозорини фойда билан ёпишига ўрганиб қолганмиз. Бу гал ҳам шундай бўлди. Жамоага ёзда 6 нафар футболчи қўшилди ва уларнинг трансферлари учун 80 миллион евро сарфланди.
Шунингдек, жамоани ёзда Жоао Педро, Хулио Энсисо, Первис Эступиньян, Симон Адингра ва бошқа етакчилари тарк этди. Ушбу футболчиларнинг трансферларидан клуб 155 миллион евро ишлаб олди.
Шундай қилиб, жамоанинг ёзда ишлаб олган соф фойдаси 75 миллион еврога тенг бўлди.
«Брентфорд»
Ўзбекистонлик футболчи Муҳаммадали Ўринбоевнинг собиқ жамоаси энг кўп фойда қилган АПЛ клублари рўйхатида учинчи ўринда турибди. Жамоа ёзда «Ливерпуль», «Фиорентина» ва бошқа клублардан 5 нафар футболчи сотиб олди. Ушбу трансферлар 98,7 миллион еврога тушди.
Шунингдек, жамоа ўз етакчилари Брайан Мбеумо ва Йоан Виссани катта маблағга сотишга муваффақ бўлди. «Брентфорд» ёзда тарк этган футболчиларнинг трансферларидан жами 155,3 миллион евро ишлаб олди.
Жамоанинг ёзда ишлаб топган умумий фойдаси 56,6 миллион еврога етди.
«Кристал Пэлас»
Лондоннинг «Кристал Пэлас» жамоаси ҳам трансферлар ойнасини фойда билан ёпган клублар қаторидан жой олди. Юлдуз тайёрлаб сотиш бўйича анча-мунча клубларга дарз ўтиб бериши мумкин бўлган Оливер Гласнер жамоаси бу йил ҳам ўз йўлида давом этди.
Ёзги трансферлар даврида жамоага 4 нафар футболчи келиб қўшилди. Клуб уларнинг 3 нафари учун жами 55,3 миллион евро сарфлади.
Бироқ трансферлар ойнасини фойда билан ёпиш учун Лондон клубига биргина битта трансфернинг ўзи етарли бўлди. Эберечи Эзе «Арсенал» клубига 69,3 миллион евро эвазига сотилди. Шунингдек, Одсонн Эдуарнинг «Ланс»га ўтиши клубга 3,7 миллион евро даромад келтирди.
Шу тариқа, клуб ёзги трансферлар даврини 17,7 миллион евро фойда билан якунлади.
«Челси»
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби ҳам ёзги трансферлар ойнасини фойда билан ёпди. Одатда «Челси» клуби меъёридан кўп футболчиларни сотиб олиши ва уларга катта маблағ сарфлаши боис матбуот ва мухлислар орасида кўп танқид қилинади. Аммо «аристократлар»нинг стратегияси аниқ математик ҳисоб-китобларга асослангани учун клуб ҳар 5 йиллик ҳисоботида трансферлардан фойда кўраётгани қайд этилади.
Бу йил ҳам жамоа ёзда Жоао Педро, Гарначо, Гиттерс, Делап каби баҳоси 10 миллион евродан кам бўлмаган 9 нафар футболчини сотиб олди. Улар учун умумий ҳисобда 328,15 миллион евро сарфланди.
Аммо жамоа ортиқчалик қилиб қолган Жоао Феликс, Николас Жексон, Кепа Аррисабалага, Кристофер Нкунку, Нони Мадуэке каби жами 13 нафар футболчисини трансфер қилди. Ушбу савдолардан клуб ғазнасига 332,15 миллион евро келиб тушди.
Шу тариқа, клуб йилни 4 миллион евро фойда билан ёпди.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг