АРМИЯ ВА ХАЛҚ БИРЛИГИНИНГ ИФОДАСИ

22:13 14 Январь 2021 Жамият
3298 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Мамлакатимизда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда.

Пойтахтимизда 14 январь куни бир қатор байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Эрта тонгда Мустақиллик майдонида Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси  вакиллари саф тортди.

Ватан ҳимоячилари ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.

Давлатимиз мадҳияси янгради. Фахрий қоровул взводи монумент ёнидан тантанали марш садолари остида ўтди.

Шунингдек, бугун Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари ҳарбий оркестр садолари остида “Ватанга қасамёд” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, она Ватан ҳимоячиси рамзига ҳурмат-эҳтиром кўрсатди.

“Халқлар дўстлиги” саройида бўлиб ўтган тадбирда сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ота-оналар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тантанали тадбир аввалида “Халқлар дўстлиги” майдонида Қуролли Кучларимизнинг замонавий қурол ва ҳарбий техника намуналари, мудофаа саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва байрам сайли ташкил этилди.

Муҳташам майдон янада ўзгача кўрк ва салобат касб этган. Бу ерга келганлар юз-кўзида байрамона шукуҳ, бугунги тинч-осуда кунларга шукроналик туйғулари балқийди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Майдон марказида 65 метр юксакликки тикилган Ватанимиз байроғи мағрур ҳилпирайди. Унга боққан нигоҳларда завқ, ғурур-ифтихор порлайди. Миллий туғимизнинг мовий, оқ, яшил ранглари, қизил чизиқлари зарра булутсиз, беғубор осмонда янада тиниқ, янада ёрқин намоён бўлади. Унга боқиб, ажиб бир ҳаловат туясиз, тинчлик, осудаликнинг нақадар буюк неъмат эканлигини теран ҳис қиласиз. Мана шу мусаффо осмон, осуда ҳаёт учун борлиғингизни бағишлашга рози бўласиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Сайилда Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Армия ва халқ — бир тану бир жондир”, деган улуғвор ғоя қанчалик халқчил ҳамда ёшлар таълим-тарбиясида ниҳоятда самарали эканлиги яна бир бор ўз ифодасини топди. 

Майдонда ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳаларнинг кўргазмага қўйилгани, ҳарбий палаткалар тикилиб, уларнинг ичида ҳарбий кийим-кечаклар, буюмлар намойиш этилгани юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг аскарлар ҳаётини тасаввур этишига, Ватанни ҳимоя қилиш катта шараф, айни пайтда ғоят масъулиятли вазифа эканини чуқур тушунишига имкон яратди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Автоматларни қўлига олиб кўраётган, танкларга, зирҳли ҳарбий автомобилларга, офицерларнинг эгнидаги либосга, бош кийимига, елкасидаги юлдузларга катта қизиқиш ва иштиёқ билан боқаётган болакайлар қалбида эл-юртга муҳаббат, унинг посбони бўлишдек шонли касбга меҳр уйғонган бўлса, не ажаб...

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ҳарбий оркестр садолари тантанали тадбир бошланганидан дарак беради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ўқиб эшиттирди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Табрикда таъкидланганидек, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

Тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим — ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш имконини берди.

— Мамлакатимизда миллий армиямизни профессионал кадрлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини ўзимиз таълим олаётган олий ўқув юртида замонавий шарт-шароитлар яратилгани мисолида яққол кўриб турибмиз, — дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси курсанти Дилшод Назаров. — Бу ерда ҳарбий ўқув ҳамда машғулотлар илм-фан ва техниканинг илғор ютуқлари асосида ўтказилмоқда. Таълим муассасамизда ҳар қандай хавф-хатарни бартараф этишга қодир, тезкор қарорлар қабул қила оладиган, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга кадрлар тайёрланмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Юртимизда муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида қабул қилинмоқда. Бу армия сафларини жисмоний тайёргарлиги ва интеллектуал салоҳияти юксак йигитлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётир.

Ватан ҳимоячиларининг хизматни ўташ ва яшаш жойларидаги ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, резервга бўшатилган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш ҳам доимий эътиборда.

Ҳарбий хизматчилар учун янги турар жойлар қуриш, мавжуд турар жой фондини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Янги йил байрами арафасида ҳам мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида ҳарбийлар учун янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Юзлаб ҳарбийларимиз янги йилни янги уйда кутиб олди.

Бу йил мамлакатимизда “Ватанпарварлик ойлиги” “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида ўтказилмоқда. Тадбирда намойиш этилган таниқли санъат усталари, ёш ижрочилар ва истеъдодли ҳарбийлар иштирокидаги байрам дастури мазмунида ҳам ана шу шиор ўз ифодасини топди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Саҳна кўринишларида эл-юрт озодлиги учун жон берган Широқ, Тўмарис, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди каби ёвқур аждодларимиз, буюк салтанатни барпо этган Соҳибқирон Амир Темур, истиқлол фидойилари жадид боболаримиз образлари жонланди. Улар бугунги авлодларни Ватанни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга даъват этади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Иккинчи жаҳон уруши даврида бугунги тинч-тотув кунларимиз учун оловли жангоҳларда фидойилик кўрсатган генерал Собир Раҳимов, мушфиқ оналаримизнинг сабр-матонати тимсолига айланган Зулфия Зокированинг ўғиллари ака-ука Холматовлар сиймоси ҳар биримизни бугунги дориломон кунларнинг қадрига етишга ундайди.

Байрам тадбирлари бутун мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

 

Дилшод КАРИМОВ (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?