Арманистон бош вазири давлат тўнтариши олди олинганини маълум қилди
Арманистонда ҳокимиятни ноқонуний йўл билан қўлга киритишга уриниш фош этилди. Бош вазир Никол Пашиняннинг маълум қилишича, мамлакатда вазиятни беқарорлаштириш ва ҳокимиятни эгаллаш бўйича тайёрланган кенг кўламли ва хавфли режа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бартараф этилди.
Пашинян ўзининг «Телеграм» каналида билдиришича, ушбу режада жиноий олигархик гуруҳлар ва айрим руҳонийлар иштирок этган. ТАСС агентлигининг хабар беришича, хавфсизлик кучлари эрталабдан «Муқаддас кураш» ҳаракати аъзолари ва уларнинг раҳбари архиепископ Баграт Галстаняннинг уйларида тинтув ишларини бошлаган.
Маълумотларга кўра, архиепископ Галстанян террорчилик ҳужумларини амалга оширишга тайёргарлик кўрган, ҳокимиятни эгаллаш учун керакли воситаларни сотиб олган ҳамда бунга шароит яратган. Шунингдек, «Муқаддас кураш» ҳаракати ва уни қўллаб-қувватлаган бир қанча мухолифатчиларнинг уйларида ҳам тинтувлар ўтказилгани қайд этилмоқда.
Мухолифатни қўллаб-қувватлаган миллиардер Самвел Карапетян ҳокимиятни эгаллашга даъват этган мақолалари учун ҳибсга олинган. Галстанян қароргоҳида ҳам операция ўтказилаётгани айтилмоқда.
Маълумот учун, Никол Пашинян ҳукумати ва Арманистон Апостол черкови ўртасидаги муносабатлар анча вақтдан бери совуқ бўлиб келаётган эди. Бош вазир черков раҳбарларини олдинги ҳокимият билан боғлиқ жиноий ҳаракатларда айблаб келган.
Иккинчи Қорабоғ урушидаги мағлубиятдан кейин Арманистон католикоси Гарегин II Пашиняндан истеъфога чиқишни талаб қилган, натижада ҳукумат ва черков ўртасидаги қарама-қаршилик янада авж олган.
Охирги пайтларда вазият нисбатан барқарор бўлиб турган бўлса-да, сўнгги воқеалар мамлакатда сиёсий муаммолар яна кескинлашганини кўрсатмоқда. Тергов ҳаракатлари ҳозирда давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг