«Археология устуни» Эдвард Ртвеладзе таваллудининг 80 йиллигига бағишланган кеча бўлиб ўтди

18:15 17 Май 2022 Жамият
768 0

Архив сурат

Бугун Киночилар уйида атоқли олим, археолог, академик, тарих фанлари доктори, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларда» лойиҳасининг илмий раҳбари Эдвард Василевич Ртвеладзе таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ташкил этилди. Хотира кечаси «Eriell Group» нефть-сервис компанияси ҳомийлигида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов «Эдвард Ртвеладзе хотираси» номли хотира китобининг дастлабки пилот нашрини тақдим этди. Китоб олимнинг ҳамкасблари, дўстлари, оила аъзолари ва яқинлари томонидан ёзилган 50 дан ортиқ мақолани ўз ичига олган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси таҳрир кенгаши раиси, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва маданий меров вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, Грузиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Зураб Абдушелишвили иштирок этди.

Эдвард Ртвеладзе Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятининг улкан қатламларини, Буюк Ипак йўлининг эски ва янги йўлларини тадқиқ этган. Олим Ўзбекистонда ва хорижда чоп этилган 800 дан ортиқ илмий мақолаларга муаллифлик қилган.

Олим илмий фаолияти давомида давлатимизнинг юксак мукофотлари — Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, 2001 йилда «Буюк хизматлари учун», 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати», 2017 йилда «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан тақдирланган. Бундан ташқари, у Грузия Республикасининг шараф ордени — «Гирдебис Оредени» лойиқ кўрилган.

Эдвард Ртвеладзенинг сўнгги йиллардаги энг машҳур археологик кашфиётлардан бири милоддан аввалги IV охирида асос солинган Окс Александриясидир. Қадимий шаҳар милодий I аср бошларигача Сурхондарё ҳудудида мавжуд бўлган.

Олим Ўрта Осиё ва Шимолий Кавказда 100 дан ортиқ археологик экспедицияларда қатнашган. Ртвеладзе 1990 йиллар охирида Тохаристон археологик экспедициясини тузиб, қадимий Кампиртепа манзилгоҳида тадқиқотларни қайта тиклаган, бу ерда Ўрта Осиё археологик амалиётида биринчи марта аҳоли пунктининг тўлиқ очилиши амалга оширилган, унинг жойлашуви ва Кушонлар даврига оид шаҳар тузилмаси аниқланган.

Сўнгги йилларда Э. Ртвеладзе «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий раҳбари вазифасини бажарган. Унинг раҳбарлигида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумига оид 50 та китоб-альбом нашр этилган.

Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти лойиҳалари доирасида «Ўзбекистоннинг меъморий эпиграфикаси», «Тарихий кутубхона», «Ўзбекистоннинг атоқли олимлари» туркум китоблари устида ҳам ишлаган.

2020 йил апрель ойида олимнинг рафиқаси, археолог ва архивчи Лидия Ртвеладзе вафот этади. Эдвард Ртвеладзе ўзининг яқинда нашр этилган «Лидия Львовна Ртвеладзе. Ҳаёт, илм, оила» китобини рафиқасининг хотирасига бағишлаган эди. Эдвард Ртвеладзе жорий йилнинг 10 февралида вафот этган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер