АҚШнинг «ташвиши», Ғазода саргардонлик ва НАТОда янги раҳбар (+видео)

20:11 03 Июль 2024 Дунё
729 0

«Энди йўқотадиган ҳеч нарсамиз қолмади»

Исроил кучлари Хон Юнис аҳолисининг кўчирилиши ҳақидаги буйруқ туфайли 250 мингга яқин одамни сарсонгарчиликка қўймоқда. Хонадонларини ташлаб кетаётган фаластинликлар ҳеч қандай чораси қолмаганлигини айтишмоқда.

Шу ерлик Аҳмад ал-Нажжар кундуз кунлари ҳарорат 30 даражадан ошаётгани ва бошпана йўқлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, оиласи қочиб кетган. Аммо Аҳмад ал-Нажжар ҳар қандай синовларга кўнган ҳолда уйига қайтган.

«Биз қаерга боришимизни билмасдик, янги чодир сотиб олишга пулимиз йўқ эди. Тунни кўчада ўтказишга мажбур бўлдик ва яна уйга қайтишга қарор қилдик. Нима бўлса бўлди, энди йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ», деган у.

Тинч аҳоли қаерга боришни билмайди. Халқаро ёрдам агентликлари Ғазода бошпана топиш мумкин бўлган хавфсиз жойнинг ўзи йўқлигини айтмоқда.

«НАТО Совуқ уруш давридаги менталитетга эга»

Хитойга босим ўтказиш мақсадида НАТОнинг Осиё-Тинч океани минтақасига илгарилаб бориши альянснинг Совуқ уруш даври менталитетини акс эттиради ва минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказади. Бу фикрлар Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили идораси томонидан айтилди.

Аввалроқ, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Япониянинг «Ёмиури» газетасига берган интервьюсида Хитойга босимни кучайтириш ва Осиёда минтақани барқарорлаштириш учун Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Янги Зеландия билан ҳамкорликка мазмун бериш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу ўринда Столтенберг «НАТО Хитойни душман деб ҳисобламайди, лекин у бизнинг қадриятларимиз, манфаатларимиз ва хавфсизлигимизга шубҳа туғдиради», деди.

«НАТО Бош котиби очиқчасига таъкидладики, альянснинг Осиё-Тинч океани минтақасига шарқ томон кенгайиши Хитойга босим ўтказиш учун мўлжалланган, бу барқарор Совуқ уруш менталитетини акс эттиради, кескинлик яратиш, қарама-қаршиликни қўзғатиш ва минтақавий тинчлик ва барқарорликка путур етказиш ниятида», дейилади Хитой ташқи ишлар вазирлиги янгиликларида.

Шу ўринда Хитой ташқи ишлар вазирлиги Йенс Столтенбергдан сўзларига изоҳ беришни сўраган.

Нидерландияда бош вазир алмашди

Нидерландия собиқ разведка бошлиғи Дик Схоф 2 июль куни қасамёд қилди ва бош вазир кабинетини қабул қилиб олди. Нидерландиянинг «Жеймс Бонд»и коалицион ҳукуматни бошқаради ва мамлакатнинг иммиграция бўйича энг қатъий сиёсатини амалга оширади.

У 14 йиллик бош вазирликдан сўнг НАТОнинг навбатдаги бош котиби бўладиган Марк Рютте ўрнини эгаллади. Схофнинг тайинланиши етти ой олдин ўтказилган умумий сайловлар натижаларига таянади.

Марк Рютте ўзининг эски иш жойини велосипедда тарк этди.

Малайзия ва Индонезия тинчликпарвар қўшинларини Ғазога юборишга тайёр

Малайзия ва Индонезия Фаластинга қўшма тинчликпарварлик қўшинларини юбориши мумкин. Бу ҳақда Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим маълум қилган.

«Фаластиндаги гуманитар вазиятга тўхталиб, мен Прабовога агар БМТ мандат берса Малайзия Индонезия билан ҳар қандай инсонпарварлик миссиясида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтдим», деган бош вазир Индонезиянинг сайланган президенти ва мудофаа вазири Прабово Субианто билан телефон орқали суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, Малайзия ҳам, Индонезия ҳам Исроилни мустақил давлат сифатида тан олмайди ва у билан бирор бир дипломатик ёки иқтисодий алоқаларга эга эмас.

АҚШ тинчини йўқотди: Эрон Африка уранига эга бўлмоқчи

Эрон ядро дастурини янада кенгайтиришни мақсад қилиб, Ғарбий Африкадан уран олишга интилмоқда. Бу ҳаракат АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларида хавотирлар уйғотган. Бу ҳақда «Newsweek» нашри хабар берди.

Ядро қуролларини назорат қилиш учун турли саъй-ҳаракатларга қарамай, Эрон дунёдаги энг илғор ядровий дастурларидан бирини сақлаб келмоқда. Охирги хабарлар мамлакатнинг ядровий фаолияти жадаллашиб бораётганидан далолат беради.

Нигердаги вазият ҳам бу ташвишларга сабаб бўляпти. 2023 йил июлидаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг, Россиянинг Вагнер гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланган янги раҳбарият Россия ва Эрон билан яқинлик кўрсатди.

Июнь ойида Эрон уранни янги илғор центрифугаларда бойитишни бошлади. Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ҳеч қачон ядровий қурол ишлаб чиқмаслигини таъкидлаб, мамлакатни ядровий фаолиятини тўхтатишга чақирган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўтган ҳафта Эронга қарши янги санкцияларни эълон қилганди. Унинг таъкидлашича, Теҳроннинг ядровий дастурини кенгайтириш борасидаги ҳаракатлари жуда катта хавфни юзага келтиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер