АҚШ молия вазири Украинадаги можарони 90 кунда тўхтатиш шартини айтди

11:42 16 Сентябр 2025 Дунё
119 0

АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг фикрича, агар Европа Россия нефтини харид қилаётган давлатларга нисбатан иккиламчи бож жорий этса, Украинадаги можаро 2–3 ой ичида якунланиши мумкин. Бу ҳақда у Reuters ва Bloomberg агентликларига берган интервьюсида маълум қилди.

«Кафолатлайманки, агар Европа Россия нефтини сотиб олувчиларга жиддий иккиламчи бож солса, можаро 60 ёки 90 кун ичида тўхтайди», — деди Бессент.

Унинг таъкидлашича, АҚШ Европа давлатлари билан ҳамкорликда «Роснефть» ва «Лукойл» каби компанияларга нисбатан янада қаттиқроқ санкцияларни кўриб чиқиш ниятда.

Шанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам НАТОга аъзо барча давлатлар биргаликда ҳаракат қилса ва Россия нефтини харид қилишни тўхтатса, Москвага қарши жиддий санкциялар жорий қилишга тайёрлигини айтди. Унинг қўшимча қилишича, Европа давлатларининг ҳозирги санкциялари самарасиз, чунки улар Россия энергия манбаларини сотиб олишда давом этмоқда.

Шу билан бирга, Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто Венгрия ва Словакия Брюсселнинг Россиядан нефть ва газ олиш имкониятини чеклаш ҳаракатларига йўл қўймаслигини билдирди. Унга кўра, бу икки давлат энергия таъминотисиз қолиши мумкин.

Москва эса Ғарб томонидан қўйилаётган босимни бефойда деб ҳисобламоқда. Россия раҳбариятининг таъкидлашича, санкциялар бир неча йилдан бери кучайиб боряпти, аммо мамлакат уларга бардош беряпти. Президент Владимир Путин Ғарбнинг асосий мақсади миллионлаб одамлар ҳаётини оғирлаштириш эканини қайд этган ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига кучли зарба берганини айтган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?