АҚШ конгрессменлари Украинага 47 миллиард доллар ажратишни назарда тутувчи янги қонун лойиҳасини таклиф қилишди

11:01 20 Февраль 2024 Дунё
82 0

Фото: AP

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари Браян Фитцпатрик ва Жаред Голден конгрессменлардан Украина ва Исроилга молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг муқобил вариантини қўллаб-қувватлашни сўради. Бу ҳақда маҳаллий “Hill” нашри хабар бермоқда.

“Икки партиявий қонунчилар гуруҳи ўз ҳамкасбларини ўтган ҳафта киритилган хорижий ёрдам ва чегара хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасининг ўзгартирилган версиясини қўллаб-қувватлашга чақирмоқда”, дейилади манбада.

Республикачи Фитцпатрик ва демократ Голденнинг фикрича, Украина қийин аҳволда, бу Конгресснинг молиявий ёрдам кўрсатишдаги кечикишининг тўғридан-тўғри натижасидир.

Қонун лойиҳасининг муқобил вариантида Украинага 47 миллиард, Исроилга ўн миллиард, Ҳинд-Тинч океани минтақасига беш миллиард ва Пентагоннинг Яқин Шарқдаги операцияларини қўллаб-қувватлаш учун икки миллиард доллар ажратиш кўзда тутилган.

Ўтган ҳафта АҚШ Сенати миллий хавфсизлик мақсадлари учун 95 миллиард доллар, жумладан, Украинага ёрдамни қайта тиклаш учун 60 миллиард доллар миқдорида қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат муаллифлари ундан Америка чегарасини ҳимоя қилиш ва миграция ислоҳоти учун маблағ ажратиш бўйича бандларни чиқариб ташлаган.

Шу билан бирга, республикачи мухолифат кучли бўлган Вакиллар палатаси қонун лойиҳаси бўйича овоз бермасдан 28 февралгача танаффусга чиқди. Унинг маърузачиси Майк Жонсоннинг таъкидлашича, конгрессменлар олдида бошқа вазифалар турибди, хусусан, Америка Қўшма Штатлари бюджети бўйича ишларни якунлаш.

Бундан ташқари, у республикачилар назоратидаги Вакиллар палатаси Мексика билан чегарада хавфсизликни кучайтириш қоидаларини ўз ичига олмаган ҳужжатни кўриб чиқмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?