Ақл кўпга етказар, илм — кўкка

21:23 09 Февраль 2022 Жамият
1768 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"

«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари бош муҳаррирининг Иқтисод ва маркетинг масалалари бўйича ўринбосари, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг фахрий профессори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Акром Ҳошимов Халқаро ахборотлаштириш академияси ҳақиқий аъзолигига сайланди.

Мазкур академия жамиятни ахборотлаштириш ва ягона жаҳон ахборот ҳамжамиятини ташкил этиш истагида бўлган ҳамфикрларнинг ўзини ўзи бошқарадиган жамоат бирлашмаси ҳисобланади. Aкадемиянинг мақсадлари жаҳон ҳамжамиятининг ахборот маданиятини ошириш, бу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш, халқ хўжалигининг барча тармоқларида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, ишлаб чиқариш, илмий, ўқув-методик, ахборот-таҳлилий адабиётлар, газета ва журналларни нашр этишдан иборат.

Халқимизда «Ақл кўпга етказар, илм — кўкка», деган мақол бежиз айтилмаган. Игна билан қудуқ қазишдек машаққатли касбнинг этагидан тутган инсон борки, эл-юрт олдида ҳамиша юзи ёруғ, мартабаси улуғдир. Бу ҳақиқатни Акром Ҳошимов ўз ҳаёти ва фаолияти мисолида исботлаб келмоқда. Унинг муаллифлигида 2 та монография, 3 та ўқув-қўлланма ҳамда 2 та дарслик чоп қилинган. Шунингдек, олим АҚШ, Россия, Япония, Малайзия, Чехия, Хитой, Германия, Франция каби дунёнинг қатор давлатларида бўлиб, ўз мутахассислиги бўйича тажриба ва малакасини оширган. Унинг илмий раҳбарлигида 2 нафар иқтисодиёт фанлари номзоди, 1 нафар иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 1 нафар иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) етишиб чиққан.

Акром Ҳошимов бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) илмий даражасини берувчи Илмий кенгаш ва унинг қошидаги Илмий семинар ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) илмий даражасини берувчи Илмий кенгаш ва унинг қошидаги Илмий семинар аъзосидир.

Илм-фан, маърифат фидойиси, жонкуяр олимнинг Халқаро ахборотлаштириш академияси ҳақиқий аъзолигига сайлангани оила аъзолари, яқинлари қатори бутун таҳририятимиз жамоасини ҳам бениҳоя хурсанд қилди. Олимни ҳаётидаги яна бир муваффақият билан табриклаб, келгуси илмий-ижодий фаолиятида янги уфқлар ёр бўлишини тилаймиз.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер