Ангренда сифати кафолатланмаган дори воситаларини сотган фуқаро қўлга тушди

15:23 24 Февраль 2025 Жамият
143 0

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Тошкент вилоятида сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини муомалага киритилишининг олди олинди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Унга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Ангрен шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида ноқонуний дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро А.А. умумий қиймати 132,4 миллион сўмлик 6 турдаги сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дори воситаларини сотишга урингани аниқланди.

Қонунбузар сифати кафолатланмаган ушбу дори воситаларини бошқа бир фуқаро И.Я.га 8 800 АҚШ долларига сотган вақтида тезкор тадбир ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дейилади департамент хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?