Андижондан Мўйноққа пиёда отланган юртдошларимиз бугун пойтахтга етиб келди. Улар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида бўлишди

21:16 24 Февраль 2021 Спорт
1158 0

Аввал хабар қилганимиздек, «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони ижросини таъминлаш мақсадида сирдарёлик икки юртдошимиз бутун Ўзбекистон бўйлаб пиёда юриб ўтишга қарор қилишган эди.

Эътиборлиси, 15 февраль куни Андижон шаҳридан йўлга чиққан бу азаматлар кунига ўртача 40-45 километр масофани босиб ўтишмоқда. Бугун сайхунободлик юртдошларимиз Элдорбек Жўраев ҳамда Тўлқин Усмонов Тошкент вилояти орқали ўтиб пойтахтимизга етиб келишди. Йўл-йўлакай уларга телевидение ходимлари ҳамроҳлик қилишди.

Матонатли юртдошларимизни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳамда ОАВ вакиллари кутиб олишди.

«Сизларнинг бу матонатингиз ва жасоратингиз таҳсинга лойиқ, - деди учрашувда Равшан Сайфиддинович. – Футбол ҳакамлари бир ўйинда ўртача 15-18 км масофани босиб ўтишади. Сизлар эса бир кунда ўртача 40 — 45 км масофани ортда қолдирмоқдасиз. Албатта, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги сизларнинг бу ташаббусингизни олқишлайди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Ижтимоий тармоқлар орқали сизларга юртдошларимиз ҳам хайрихоҳ бўлишаётганини кузатиб турибман. Ишонаманки, Мўйноққача бўлган масофада сизлар жуда кўп юртдошларимизни соғлом турмуш тарзига ошно этасизлар, бу йўлда сизларга куч-қувват тилайман».

Шундан сўнг вазирлик номидан Э.Жўраев ва Т.Усмоновларга эсдалик совғалари топширилди ва уларга оқ йўл тиланди.

Ўз ўрнида ушбу юртдошларимиз самимий қабул учун вазирлик раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Ва албатта ҳар қандай об-ҳавога қарамасдан ўз мақсадларидан асло чекинмасликка ва насиб этса «Наврўз» умумхалқ байрамини Мўйноқда қорақалпоқ халқи билан кутиб олишга ҳаракат қилишини билдирди.

«Келгусидаги мақсадларимиз — нафақат Ўзбекистон, балки хорижий мамлакатларни ҳам пиёда босиб ўтиш ва она Ватанимиз байроғини чет элларда ҳам мағрур ҳилпиратиш», - деди ўз сўзида Элдорбек Жўраев.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер