Андижонда ёт ғоялар таъсирига тушган бир гуруҳ ёшлар қўлга олинди

21:36 20 Январь 2026 Жамият
425 0

Видеодан кадр

Андижон вилоятида халқаро террор гуруҳи таъсирида Сурияга чиқиб кетмоқчи бўлган 13 нафар шахс аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Шаҳрихон тумани Сарой маҳалласида яшовчи 2008 йилда туғилган шахс ижтимоий тармоқлар орқали террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларни тинглаши оқибатида Суриядаги «Аҳли сунна вал жамоа» номли террористик ташкилот таъсирига тушиб қолган. У ташкилот аъзоларнинг тарғиботчилари билан алоқада бўлиб, яшаш манзилида жамоат тузиб ҳаракатланишини ва уларнинг буйруқларини бажариши юзасидан топшириқ олган.

Топшириққа асосан Instagram ижтимоий тармоғида «Ал гариб» номли профиль очиб, буйруққа асосан террористик ташкилот медиа маркази томонидан тайёрланган видео, аудио материалларни жойлаштирган.

Бу ҳам етмагандек, у ўзи билан тенгдош бўлган Улуғнор ва Шаҳрихон туманларида яшовчи 2006–2009 йилларда туғилган 13 нафар йигитдан иборат бўлган «Ахилар» номли виртуал жамоатга аъзо бўлиб, жамоат аъзолари билан жиҳод ва ҳижрат қилиш мавзулари ҳамда халқаро террорчилик ташкилотларининг даъват ва чақириқларини муҳокама қилиб келган.

Аниқланишича, улар кейинчалик Сурияга чиқиб кетишини режалаштиришган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида мазкур жамоат фаолиятига чек қўйилиб, 13 нафар ёшларнинг чет элга чиқиб кетиши олди олинган.

Ҳолат юзасидан жамоат аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244¹-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер