Андижонда уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Андижон туманида кўпчиликни хавотирга солган хабар тарқалди. Нима эмиш, одамларнинг далаларда қаровсиз қолган сигирлари ўғирланаётган экан. Аслида ҳам шундай ҳолат кузатилди.
— Одaтда, ҳар сафар сигирларимизни дала четидаги ўтлоққа боғлаб, ўз ишимиз билан банд бўлар эдик, — дейди “Дўнгқишлоқ” маҳалласида яшовчи Комилжон Мусаев. — Шу пайтгача уларни ҳеч ким ўғирламаган. Шу боис бу сафар ҳам кўнгил хотиржамликда уй ишлари билан банд бўлиб қолдим. Бир пайт бузоғимдан хабар олгани далага келсам, у жойида йўқ экан. Атрофдан излаб топа олмагач, ташвишга туша бошладим. Шундан сўнг туман ички ишлар бўлимига хабар қилдим. Орадан икки кун ўтгач, бузоғим топилганини айтишди.
Аниқланишича, Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи Д. исмли шахс (тергов ишлари давом этаётгани сабабли исм-шарифлар очиқланмаяпти) олдиндан ўйлаб юрган режасини амалга ошириш учун икки нафар ҳамқишлоғини кўндирган. Кейинчалик вояга етмаган шахсни ҳам шерикликка олиб, жиноий гуруҳ тузишган. Содир этиладиган жиноятлар изини яшириш мақсадида бошқарувидаги “Дамас” автомашинасининг давлат рақамини алмаштиришган. Бунинг учун эса Андижон шаҳридаги “Ғайрат” маҳалласида яшовчи фуқарога тегишли автомобилнинг давлат рақамини ўғирлаб, “Дамас”га ўрнатишган.
— Биз бузоқ ва сигирларни ўғирлаб, боқиб, семиртириб, кейин сотишни, шу тариқа даромад қилишни режалаштирган эдик, — дейди Д. исмли шахс тергов жараёнида. — Бироқ ўзганинг мулки бошқа бировга буюрмас экан. Энди содир этган жиноятимиз учун жавоб беришимизга тўғри келади. Қилмишимдан афсусдаман. Мен каби йўлдан адашган кимсаларга бу хатони такрорламасликларини маслаҳат бераман.
Тергов давомида маълум бўлишича, гуруҳ аъзолари нафақат Андижон туманида, балки Жалақудуқ ва Шаҳрихон туманларида ҳам ўзгалар мулкини ўзлаштиришга уринган ва жами 9 бош сигирни ўғирлаб кетишган.
Айни пайтда тергов ишлари давом этмоқда. Ўғирланган сигирлар эса ўз эгаларига қайтарилди.
Саминжон ҲУСАНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг