Андижонда куз-қиш мавсуми учун махсус штаб фаолияти кучайтирилди

10:47 11 Декабрь 2025 Жамият
326 0

Андижон вилоятида куз-қиш мавсумини муаммосиз ўтказиш мақсадида ташкил этилган махсус штаб узлуксиз фаолият юритмоқда. Штаб таркибига мавсум билан боғлиқ барча хизмат ва ташкилотлар вакиллари жалб этилган бўлиб, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва улар ижросини таъминлаш доимий назоратга олинган.

— Фуқаролар мурожаатлари махсус тузилган ишчи гуруҳлар томонидан жойига чиқилган ҳолда ўрганилмоқда, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Андижон ҳудудий филиали ахборот хизмати раҳбари Мухлисахон Собирова. — Аниқланган муаммоларни ўз вақтида ва сифатли ҳал этиш учун ҳар бир шаҳар ва туманда махсус таъмирлаш гуруҳлари тузилган. Куну тун фаолият юритаётган ушбу гуруҳлар тажрибали мутахассислар ҳамда замонавий техник воситалар билан таъминланган.

Шу кунга қадар штабга 200 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг ҳар бири белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган.

Айтиш жоизки, бундай мувофиқлашган ва тизимли фаолият аҳолининг кундалик турмуш шароитини яхшилаш, энергия таъминотида узилишларни барвақт олдини олиш ҳамда куз-қиш мавсумини барқарор ва бехатар ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?