Андижонда хизмат вақтида ҳалок бўлган профилактика инспектори «Жасорат» медали билан тақдирланди
Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги
Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Юксалиш» маҳалласидаги хонадонда юз берган жанжални бартараф этиш чоғида 65 ёшли маст фуқаро томонидан ўлдирилган профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев Президент фармонига асосан «Жасорат» медали билан тақдирланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги хабар хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 8 июль куни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги мутасаддилар ўз хизмат вазифасини ўтаётган вақтда ҳалок бўлган, профилактика инспектори катта лейтенант Абдурасул Абдувалиевнинг оила аъзолари билан учрашган.
Вилоят раҳбари марҳумнинг онасига ҳамдардлигини билдириб, «Жасорат» медалини унга топширган.
Учрашув давомида қаҳрамоннинг юксак фазилатлари, хизмат давридаги шижоати ва мардлиги ёдга олинган. Шунингдек, Ватан тинчлиги йўлида қилган хизматлари ҳеч қачон унутилмаслиги, доим эътибор ва эъзозда бўлиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Юксалиш» маҳалласида хизмат бурчини бажараётган ҳудуд профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев маст ҳолатдаги 65 ёшли фуқаро томонидан пичоқлаб ўлдирилгани, гумондор воқеа жойидан яширингани ҳақида хабар берилган эди.
Мазкур жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс Ю.Холбозоров жорий йил 4 июль куни соат тахминан 06:30 ларда Хўжаобод туманидаги «Юксалиш» маҳалласида жойлашган «Сўқолоқ» қабристонидаги маккажўхори майдонида яшириниб ётган ҳолатда аниқланган.
Унинг қўлга олиниши давомида у ўзининг қорин қисмига пичоқ билан жароҳат етказган. Шундан сўнг унга тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва шифохонага етказилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г» банди (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига нисбатан қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг