Андижонда футзал бўйича Жаҳон чемпионати кубоги намойиш этилди

16:17 12 Август 2024 Жамият
625 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Маълумки, Ўзбекистон мезбонлик қиладиган футзал бўйича FIFA Жаҳон чемпионатининг «Д» гуруҳи ўйинлари Андижонда ўтказилади. Айни дамда ҳудудда йирик мусобақага тайёргарлик ишлари давом этмоқда. 24 августга қадар кубок республикамизнинг барча манзиллари бўйлаб намойиш этилади.

— Футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионатига Марказий Осиё мезбонлик қиладиган биринчи ФИФА турниридир, — дейди ташкилий қўмита аъзоси Акмал Рустамов. — Ўйинлар Нукус, Андижон, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида 14 сентябрдан 6 октябргача бўлиб ўтади. Андижондаги илк ўйин 15 сентябрь кунига мўлжалланган. Унда Испания, Қозоғистон ва Янги зеландиялик спортчилар ўзаро куч синашади.

Яқиндагина фойдаланишга топширилган Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида бўлиб ўтган жаҳон кубоги намойишида ёш спортчиларга футбол тўплари ва эсдалик нишонлари тарқатилди.

— Мен Улуғнор туманидаги 18-умумтаълим мактабида ўқийман, — дейди тадбир иштирокчиси Нигина Жалолова. — Футболни яхши кўраман. Келажакда бу спорт тури нафақат, ўғил болалар, балки қизлар учун ҳам севимли эканини амалда ифода этмоқчиман.

Жаҳон чемпионати давомида вилоятга кўплаб сайёҳларнинг ташриф буюриши ҳам кутилмоқда.Тадбир қатнашчилари, меҳмонлар учун қулай шароитлар яратилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?