Андижон тиббиёт институтига университет мақоми берилади

Андижон вилоятида Президент раислигида ўтаётган йиғилишда ижтимоий соҳа масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Давлат раҳбари тиббиётда Андижон брендини яратиш бўйича барча имкониятлар борлигини таъкидлади.
Бу борада ўтган йили 650 ўринли клиника Андижон давлат тиббиёт институти балансига ўтказилиб, уни таъмирлаш ва жиҳозлашга 180 миллиард сўм берилди. Бу 11 минг талабага бир вақтни ўзида ҳам ўқиш, ҳам амалиёт ўташ имконини беради.
Институтдаги симуляцион марказда тиббиёт ходимлари малакасини 2 босқичда баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, клиника ёнига травматология, педиатрия ва жарроҳлик, гинекология бўлимини қуриб, кластерга айлантириш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Бунга яна 100 миллиард сўм ажратилиши маъқулланди.
Симуляцион марказда синовдан ўтган тиббий ходимларга қўшимча 100 фоиз устама берилиши белгиланди.
Ҳозир 2 минг нафар наманганлик ёшлар Андижонга қатнаб ўқиётганини ҳисобга олиб, Наманган давлат университетидаги тиббиёт факультети Андижон тиббиёт институти филиалига айланади. Бу филиал кейинчалик мустақил олийгоҳ даражасига олиб чиқилади, Андижон тиббиёт институтига эса университет мақоми берилади.
Умуман, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Ҳиндистондан келиб ўқимоқчи бўлганлар ҳисобига, вилоятда тиббий таълим экспортини йилига 20 миллион доллардан ошириш мумкинлиги таъкидланди. Мутасаддиларга хориждан келиб ўқиётган талабалар учун «талаба визаси» жорий қилиш бўйича бир ойда таклиф киритиш топширилди.
Андижондаги 400 дан зиёд маҳаллада аҳолига туну кун хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт пунктлари ташкил қилинди. Бу ерда қон босимини ўлчаш, укол қилиш, физиотерапия каби бирламчи оддий хизматлар кўрсатилади.
Президентимиз бу тажрибани маъқуллаб, мутасаддиларга бу йил ушбу тизимни қолган вилоятлардаги камида 100 тадан маҳаллада йўлга қўйишга топшириқ берди.
Андижонда замонавий хусусий клиникалар ташкил этиш учун олти ой давомида сотилмаган давлат объектлари тадбиркорларга тўғридан-тўғри 5 йил муддатга ижарага берилади, кейинчалик бу объектлар уларнинг ўзига хусусийлаштириб берилади.
Сўнгги йилларда техникумлар бўйича ҳам катта ислоҳотлар бўлди. Лекин Андижондаги 56 та техникумнинг барчасида ҳам ишлар янгича ташкил этилмаяпти.
Масалан, Андижон 4-сон техникуми ва Пахтаобод 2-сон техникумида талабаларнинг бир вақтнинг ўзида ўқиши ва ишлаб, даромад топиши бўйича ижобий тажриба яратилган.
Мактаблардагидек ўз устида ишлаб, салоҳияти ва кўникмасини оширган директорларни рағбатлантирадиган тизим эндиликда техникумларда ҳам жорий қилиниши белгиланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг