Андижон божхона тизимида коррупцияга қарши чоралар кучайтирилмоқда

09:56 16 Декабрь 2025 Жамият
277 0

Коррупция жамият тараққиётига жиддий тўсиқ бўлувчи, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини сусайтирувчи салбий иллат сифатида эътироф этилади. Унинг оқибатлари иқтисодий йўқотишлар билан чекланмай, инсон тақдири, тадбиркорлик эркинлиги ва адолат тамойилларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис коррупцияга қарши курашиш бугунги кунда дунёнинг барча мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам долзарб вазифа ҳисобланади.

Мазкур йўналишда Андижон вилоят божхона бошқармаси томонидан ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда соҳада амалга оширилаётган ишлар ва яратилган шарт-шароитларга бағишланган пресс-тур давомида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, аввало, божхона ходимлари ўртасида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида улар учун муносиб ижтимоий ва моддий шароитлар яратилмоқда. Жумладан, турар жой ижараси учун компенсация тўлаш, даволаниш харажатларини қоплаш, уй-жой ёки автомобиль сотиб олиш учун субсидия ва ссудалар ажратиш, шунингдек, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилган.

Шу билан бирга, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Божхона процедураларини соддалаштириш ва замонавий ахборот тизимларини жорий этиш орқали инсон омили камайтирилиб, тадбиркорлар учун ортиқча оворагарчилик ва вақт сарфининг олди олинмоқда.

Айни пайтда вилоят бўйича берилган лицензиялар асосида 28 та божхона омбори фаолият юритмоқда. Илгари транспорт воситалари божхона постларига олиб келиниб, ҳар бир ҳужжат алоҳида тартибда расмийлаштирилар эди. Бу жараёнлар рақамлаштирилиши натижасида ҳозирда ҳар бир транспорт воситаси ва юк ҳаракати онлайн тарзда кузатилмоқда. Маҳсулотни тушириш жараёнида божхона ходимларининг бевосита иштироки қисқартирилиб, барча расмийлаштирув ишлари «Божхона ва юк операциялари» ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.

Пресс-тур давомида маълум қилинганидек, 2025 йилнинг 11 ойи мобайнида Андижон вилоят божхона бошқармаси томонидан давлат бюджетига 4 трлн 245 млрд сўм божхона тўловлари ўтказилган. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига 2 трлн сўмдан ортиқ божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилган. 101 та ҳолатда эса 140 млрд сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти яратилган.

Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар божхона тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер