Амир Темур ва темурийлар даври ренессансида таълим тизимининг тутган аҳамияти

23:22 09 Апрель 2022 Маданият
30166 0

Фото: Иллюстратив фото

Марказий Осиё дунё цивилизациясининг қадимий марказларидан бўлиб, Турон ўлкасида қадимги даврдан бошлаб бошланғич мактаблар ва катталарга таълим берувчи ўқув даргоҳлари шакллана бошлагани маълум. Илк ислом уйғониш даври дея эътироф этиладиган IX-XII асрларда Мовароуннаҳр ислом дунёсининг маданий марказларидан бирига айланди. Бу даврда яшаб ўтган буюк аждодларимиз қолдирган илмий мерос ислом даври маданияти андозаларини белгилаб, умуминсоният цивилизацияси ривожига ҳам катта таъсир кўрсатди. Буюк аждодларимиз дастлабки таълимни ислом дунёсининг маданий ва илмий марказлари сифатида танилган Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг йирик шаҳарларида олишгани ҳам бу даврда таълим тизими ютуқларининг яққол далилидир. Илк ислом давридаёқ Мовароуннаҳрда бошланғич мактаблар, мадрасалар барпо этила бошлаган.

Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда таълимга эътибор, илм- фанга ҳомийлик давлат сиёсатига айланди. Барча шаҳарларда олий таълим даргоҳлари мадрасалар барпо этилиб, ўз даврининг етук олиму уламолари толиби илмларга дарс беришга жалб этилдию Амир Темур ва темурийлар даври қадим Турон ўлкасида маориф ва таълим тизими, илм-фан юксак ривожланган давр сифатида аҳамиятлидир. Темурийлар даври ренессанси ривожи бевосита Амир Темур асос солган улкан салтанатда адолатли бошқарув тизими барпо этилганлиги катта ўрин тутган. Қудратли салтанат ва маърифатли жамият барпо этишда қадим туркий давлатчилик анъаналари ва исломий шариатга таяниб иш тутган Амир Темур. ҳар қандай тараққиётнинг асоси сифатли таълим тизими эканлигини чуқур англаган эди. Шу сабабли Соҳибқирон биринчи галда таълим ва тарбияни тўғри йўлга қўйиш, илмли, маърифати шахсларнинг жамиятдаги мавқейини кўтариш йўлидан борди. Улкан салтанатнинг барча шаҳар ва йирик қишлоқларида кўплаб бошланғич мактаблар барпо этилди. Тарихий манбаларнинг далолат беришича, бу даврда ўғил бола 4 йил, 4 ой ва 4 кунлик бўлганда мактабга бериш анъанаси амалда бўлиб, бошланғич таълим улкан салтанатнинг барча маданий ўлкаларини қамраб олган эди.

Бутун ислом даврида бўлганидек, бу даврда ҳам мамлакатда илм фан ривожида мадраса таълими асосий ўрин тутиб, салтанатнинг маданий марказлар бўлган йирик шаҳарларда олий таълим ўчоқлари бўлган мадрасалар кўплаб бунёд этилган. Таълимга эътибор, илм фанга ҳомийлик Амир Темур ва темурийлар даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилган эди. Соҳибқироннинг салтанат маъмурлари олдига «Катта кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар»; «Мударрислар ва шайхларга кундалик маошларини белгиласинлар»; «Сайидлар, уламо, машойих, фузало, улуғларни азиз тутсинлар», деган вазифани қўйганлиги «Темур тузуклари»да ҳам акс этган. Соҳибқироннинг бу топшириғи табиийки бутун салтанат доирасида ижро этилган. «Мусулмонларга диний масалалардан таълим бериб, шариат ақидалари ва ислом дини илмларидан тафсир, ҳадис, фиқҳдан дарс берсинлар деб, ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрислар тайин қилдим»; «Сайидлар, уламо, машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, тарихчиларни сара, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини ўрнига қўйдим», дея таъкидлайди Соҳибқирон ўз тузукларида.

Амир Темур буйруғи билан мадрасаларда диний илмлар (тафсир, ҳадисшунослик, фиқҳ ва бошқалар) билан бир қаторда дунёвий илмлар (ҳандаса, алжабр\алгебра, риёзат\математика, мантиқ, астрономия\илми нужум, адабиёт, тарих, хаттотлик ва бошқалар) ўқитилиши кенг йўлга қўйилди. Мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари аниқ фанларни, хусусан риёзиёт (математика), ҳандаса (геометрия), меъморчилик, муҳандислик бўйича олий даражали мутахассисларга катта эҳтиёжни юзага келтирди. Турон мамлакатидаги олий таълим даргоҳлари бўлган мадрасалар Амир Темур ва темурийлар даврида йирик илмий марказлар, маърифат ўчоқлари вазифасини шараф билан бажарди. Шаҳарлардаги ҳар бир мадрасага вақф ер мулклар ажратилиб, улардан келадиган даромадлар мадрасалар мударрислари ва хизматчилари маоши, кутубхона таъминоти, таъмирлаш ва бошқа ишлар учун етарли бўлган.

Амир Темур Турон юртидаги мадрасаларга дарс бериш учун Ислом дунёсининг таниқли олиму уламоларининг мадрасаларда дарс беришга жалб қилинган. Амир Темурнинг буйруғи билан Самарқандда ўз даврида ягона бўлган кутубхона барпо этилган бўлиб, Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида (1409-1449) бу кутубхона фонди янада бойитилган ва мамлакатнинг ҳақиқий илм маърифат марказига айланган эди.

Аҳли илмни юксак қадрлаган Соҳибқирон олиму фузалолар билан тез тез кенгашиб тургани тарихий манбаларда қайд этилган. Хусусан, Шарофиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида Амир Темур бирор масалани ҳал қилмоқчи бўлса, аввал шу соҳанинг билимли мутахассислари, олимлар билан маслаҳат қилганлигини қайд этади. Амир Темур тарихчи олимларни жуда эъзозлаган ва Соҳибқироннинг буйруғи билан саройда битикчилар, тарихчилар фаолияти йўлга қўйилган эди. Бу Амир Темур ва темурийлар даврида тарихнавислик фани юксак даражада ривожланишига олиб келди.

Шу тариқа, олиму уламолар Амир Темур ва темурийлар салтанатида катта ҳурматга ва мавқега эга ижтимоий қатламга айланган эдики, бу Мовароуннаҳр ва Хуросонда Иккинчи Ислом уйғониш даврини юзага чиқарди. Самарқанд, Кеш, Бухоро, Ҳирот ва бошқа шаҳарларнинг маърифат ва илм фан марказларига айланишига олиб келди. Буюк ипак йўли бўйлаб халқаро савдо ва маданий алоқалар тикланди, илм фаннинг турли соҳаларидаги ҳамкорлик йўлга қўйилди, қўшни ва узоқ мамлакатлар билан элчилик муносабатлари ўрнатилди. Бу ўзгаришлар замирида Амир Темур асос солган ва кўплаб темурий ҳукмдорлар давом эттирган илм фанга, маданият ва санъатга, маорифга эътибор, уларга ҳомийликка йўналтирилган давлат сиёсати муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Улкан салтанатнинг турли ҳудудларидан Самарқандга келган олиму уламолар ижоди, уларнинг илму фаннинг турли соҳаларида олиб борган илмий фаолиятлари қадимий Турон ўлкасида янги ренессанс даврини юзага келишида асосий ўрин тутди.

Дунё тарихидан маълумки илм фан тараққиёти катта сармоя ва давлат ҳомийлигини талаб этади. Буни маърифатли ҳукмдор Амир Темур теран англагани боис улкан салтанатнинг барча ҳудудларида аҳли илм, аҳли ижодга ҳомийликни давлат сиёсати даражасига чиқарди. Замонавий терминлар билан айтганда, илм фаннинг турли соҳаларига, таниқли олиму уламоларга «давлат грантлари» ажратилиб, уларнинг илмий фаолияти давлат ғазнасидан молиялаштирилди. Бу сиёсат натижасида Ислом дунёсининг интеллектуал салоҳияти Турон пойтахти Самарқандга ва бошқа шаҳарларга оқиб кела бошлади. Олимлар жамиятнинг нуфузли ижтимоий қатламига айланди. Уларнинг яшаши ва илмий фаолият билан шуғулланишлари учун барча шарт шароитлар яратилди.

Амир Темурнинг илм фанга ҳомийлик сиёсати унинг ворислари, хусусан, Мирзо Улуғбек томонидан эттирилди. Мирзо Улуғбек гарчи узоқ Султонияда таваллуд топган бўлсада, салтанат пойтахти Самарқандда тарбия топди, илк саводини бобоси Амир Темурнинг саъй ҳаракатлари билан бутун ислом дунёсининг нуфузли илм фан ва маърифат марказига айланган шу азим шаҳарда чиқарди. Мирзо Улуғбек (1409-1449) ислом дунёсининг йирик таълим даргоҳларига айланган мадрасалар барпо этиш ва бу мадрасаларда дарс беришга ўз даврининг етук олиму уламоларини жалб етишга катта эътибор қаратди. Бу жиҳатдан Мирзо Улуғбек темурий ҳукмдорлар ичида алоҳида ўрин тутади.

Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида Самарқандда Расадхона, Бухорода, Ғиждувонда ва Самарқандда мадрасалар қурилди. Бу даврда биргина Самарқанд шаҳрида 100 дан ошиқ олимлар фаннинг турли соҳаларида ажойиб ютуқларга эришган. Улар орасида Тафтазоний, Мавлоно Аҳмад, ўз замонасининг «Афлотуни» деб ном олган Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший, Муҳаммад Ҳафовий, мавлоно Али Қушчи ва бошқа таниқли зотлар бор эди. 1410 йилда Самарқандга келган ва 1420 йилда иш бошлаган Улуғбек мадрасасида мударрислик қилган Қозизода Румий (1360 йил Бурса - 1437 йил Самарқанд)нинг ташаббуси билан кейинчалик Самарқандга Ғиёсиддин Жамшид ал-Коший ва бошқа таниқли олимлар таклиф этилган. Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида 60га яқин олимлар фаннинг турли соҳаларида фаолият олиб борган. Замондошлари томонидан «Афлотуни замон» дея улуғланган Қозизода Румий мадрасада математика ва астрономиядан дарс бериб, Ғиёсиддин Жамшиднинг вафотидан кейин расадхона мудирлиги вазифаси бажарган. Қозизода Румий Самарқандда Улуғбек расадхонаси қурилишига ҳам раҳбарлик қилган, Улуғбекнинг «Зижи Курогоний» асарида юлдузлар жадвалини тузишда қатнашган.

Шу тариқа, олиму уламолар Амир Темур ва темурийлар салтанатида катта ҳурматга ва мавқега эга ижтимоий қатламга айланган эдики, бу Мовароуннаҳр ва Хуросонда Иккинчи Ислом уйғониш даврини юзага чиқарди. Самарқанд, Кеш, Бухоро, Ҳирот ва бошқа шаҳарларнинг маърифат ва илм фан марказларига айланишига олиб келди. Буюк ипак йўли бўйлаб халқаро савдо ва маданий алоқалар тикланди, илм фаннинг турли соҳаларидаги ҳамкорлик йўлга қўйилди, қўшни ва узоқ мамлакатлар билан элчилик муносабатлари ўрнатилди. Бу ўзгаришлар замирида Амир Темур асос солган ва кўплаб темурий ҳукмдорлар давом эттирган илм фанга, маданият ва санъатга, маорифга эътибор, уларга ҳомийликка йўналтирилган давлат сиёсати муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Шоҳруҳ (1405-1447), Мирзо Улуғбек (1409-1449), Султон Абу Саид (1451-1469), Султон Ҳусайн (Бойқаро) (1469-1506) даврларида фан ва маданият юксалиб, Мовароуннаҳр ва Хуросон ислом дунёсининг йирик маданий марказлари сифатида шуҳрат топдилар.

Алишер Навоий ҳам ўз даврининг кўплаб фан, санъат ва адабиёт намояндаларига ҳомийлик қилиб, Соҳибқирон асос солган анъаналарни давом эттиргани маълум. Жумладан, Камолиддин Беҳзод, Султон Али Машҳадий, Ҳусайн Уддий, Камолиддин Биноий, Давлатшоҳ Самарқандий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Мирхонд, Зайниддин Восифий ва бошқалар ижодий фаолиятида Алишер Навоийнинг ҳомийлиги катта ўрин тутган.

Янги Ўзбекистонни 2022-2026 йилларда ривожлантириш стратегиясида таълим тизимини юксак даражада ривожлантириш, Ўзбекистонда учинчи ренессанс даврини яратадиган баркамол авлодни тарбиялаш масаласи долзарб вазифа сифатида белгиланди. Бу масалалар Президент Ш.М. Мирзиёевнинг Халқ таълими соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича белгилаган вазифаларида ҳам яққол баён этиб берилди. Бу вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда Амир Темур ва темурийлар даври таълим тизимини чуқур ўрганиш ва тарихий тажрибалардан замонавий асосда фойдаланиш ҳам амалий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ў. Мавланов,

ЎзМУ профессори, тарих фанлари доктори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер