Американинг йирик компаниясини сунъий интеллектга ўтказаётган бухоролик йигит — муваффақият ортидаги матонат ҳикояси
Архив сурат
Бугунги глобаллашув даврида ўзбек ёшларининг дунёнинг энг нуфузли минбарларида, йирик корпорацияларда ўз ўрнини топаётгани қувонарли ҳол. Бухоролик Рустам Олтиновнинг ҳаёт йўли ва эришаётган ютуқлари ҳам айнан шундай фахрли ҳикоялардан биридир. Айни дамда у АҚШнинг нуфузли логистика компанияларидан бири – ITF Groupda стратегик таҳлилчи (Associate Financial Analyst/Strategy Consultant) лавозимида фаолият юритиб, йирик бизнес жараёнларини сунъий интеллект асосида модернизация қилмоқда.
Рустам Олтинов зиёли оилаларидан бирида, иқтисодий жараёнлар ва илм-фан қадри баланд муҳитда камол топди. Унинг молия оламига қизиқиши болалигиданоқ оилавий давраларда бўладиган иқтисодий мунозаралар ва Uoll-strit ҳақидаги фильмлар таъсирида шаклланган. Айниқса, бобосининг Бухоро давлат университети ректори лавозимидаги фаолияти, илм-фандаги юксак билими ва интеллекти Рустам учун юксак марраларни кўзлашда катта туртки бўлган.
Бироқ 13 ёшида қаҳрамонимизнинг оиласи дуч келган ҳолат – оилавий бизнеснинг инқирозга учраши ва молиявий қийинчиликлар ёш Рустамни ҳаётга катталардек қарашга мажбур этди. У айнан ўша даврда молиявий барқарорликнинг сир-асрорларини ўрганишга, нима учун баъзи тизимлар инқирозга юз тутишини тушунишга аҳд қилади.
Мактабда аъло баҳолари, намунали хулқи ва турли олимпиадалардаги муваффақиятли иштироки билан доим устозлар мақтовида бўлган Рустам ўз йўлини иқтисодиётда кўрди. Бу қарор қаҳрамонимизни Америка Қўшма Штатлари томон етаклади. У 2020-2023 йилларда Webster ва 2023-2025 йилларда Lindenwood университетларининг иқтисодиёт ҳамда бизнес иқтисодиёти йўналишларида таҳсил олди. Унинг таъкидлашича, Америка таълим тизимидаги энг катта ютуқ – билимни шунчаки ёдлаш эмас, балки маълумотни таҳлил қилиш ва ўз позициясини асослаб бера олиш орқали ўрганишдир.
«Аввалига мен кўпроқ ёдлашга таянардим, аммо у ерда профессорлар фикрларни таҳлил қилишни, очиқ муҳокама ва ижодкорликни талаб қилади. Бу жараён мени мустақил фикрлайдиган, муаммоларга турли нуқтаи назардан ёндаша оладиган шахс қилиб тарбиялади», – дейди Рустам.
Унинг қобилияти университет профессорлари томонидан юқори баҳоланган. Хусусан, мураккаб эконометрик моделларни ҳаммадан тез ва аниқ ечиши Lindenwood университети доценти Грант Блэкни ҳам ҳайратда қолдирган эди. Бугун у молия оламидаги «олтин стандарт» ҳисобланувчи CFA (Chartered Financial Analyst) унвонининг 2-даражали номзоди сифатида халқаро стандартлар даражасидаги мутахассис эканини исботламоқда.
Рустам Олтиновнинг иш фаолияти оддий амалиётдан бошланган бўлса-да, қисқа вақт ичида у компаниянинг стратегик йўналишларини белгиловчи асосий мутахассислардан бирига айланди. Бугунги кунда қаҳрамонимиз йиллик айланмаси 400 миллион доллардан ортиқ бўлган, АҚШнинг 48 та штатида 500 дан ортиқ юк машиналари ва улкан логистика инфратузилмасига эга компаниянинг рақамли трансформациясига, хусусан компаниянинг нархлаш, операция ва қўллаб-қувватлаш функцияларини сунъий интеллектга ўтказиш лойиҳасига раҳбарлик қилмоқда.
«Менинг биринчи йирик ютуғим — компаниянинг «optimal lane roadmap»ини яратиш бўлди. Бу модель ҳайдовчи маршрутларини оптималлаштириб, самарадорликни оширди. Ўз моделларим реал натижа берганини кўриш жуда катта қувонч бўлган. Сунъий интеллект(AI)ни нархлаш ва операцияларга интеграция қилиш таклифим менга катта масъулият юклади. Мен бу жараёнга фақат техник лойиҳа деб эмас, балки бутун жамоанинг иш услубини янгилаш имконияти сифатида ёндашдим. Мақсадим AI фақат такрорий вазифаларни автоматлаштирмасдан, балки аниқлик, самарадорлик ва ҳамкорликни оширишига эришиш эди. Бу тажриба менга технология ва инсон тафаккури ўртасидаги мувозанатни топишни ўргатди. AIнинг ҳақиқий қиймати ҳам одамларга стратегик фикрлашга вақт беришидадир», – дейди у.
Муваффақият йўли ҳеч қачон қийинчиликсиз кечмаган. Қаҳрамонимиз бир вақтлар руҳан толиқиб, ҳатто ҳаммасига қўл силтаб, Ватанга қайтиб кетиш учун чипта сотиб олган кунларини ҳам эслаб туради. Бироқ сўнгги паллада уни келажакка қилган орзулари ва ортида турган инсонларнинг ишончи тўхтаб қолмасликка ундаган.
«Ўша давр менга катта сабоқ берди – амбиция муҳим, лекин барқарорлик ундан ҳам муҳим эканлигини англадим. Шундан сўнг режамни тўғри тузишни, устуворликларни белгилашни ва ўзимга тикланишга вақт беришни ўргандим. Муваффақият истеъдоддан эмас, балки интизом, фидойилик ва энг оғир дамларда ҳам тўхтамасликдан келади. Шахсан мен мотивациямни доимо мақсадларимни қайта кўриб чиқиш ва нима учун бу ерда эканлигимни эслаб туриш орқали топаман. АҚШдаги ҳаёт ҳар куни ўсишимга мажбур қилади, лекин ҳақиқий куч ота-онамнинг юртимдан туриб бераётган қўллаб-қувватловидан келади. Қачонки чарчасам, уларнинг ишончи менга куч беради», – дейди Рустам.
Рустам Олтинов бугун АҚШда тажриба тўплаётган бўлса-да, унинг асосий мақсади – Ўзбекистонга қайтиб, Ватанимиз иқтисодиёти, логистика ва молия соҳаларини модернизация қилишга ҳисса қўшишдир.
«Қийин вазиятларда мен нега айнан бу йўлни танлаганимни эслайман. Мақсаларим – ривожланиш, бошқаларга ёрдам бериш ва юртим мен билан фахрланиши. Энг муҳими, ота-онамнинг ишончи ва умиди. Мана шу олий мақсад мени олдинга етаклайди», – дейди Рустам.
Рустам Олтиновнинг ҳикояси – қатъият, тинимсиз меҳнат ва илмга бўлган садоқатнинг амалдаги исботи. Унинг йўли бугунги ўзбек ёшлари учун чексиз имкониятлар дунёсига очилган бир дарчадир. У ёшларга қарата шундай дейди: «Қайси соҳага кирманг, ҳаммаси моҳиятни тушуниш ва уларни қарорга айлантиришга бориб тақалади. Фаоллик ва ташаббус муваффақият эшикларини очади».
Фазлиддин АБИЛОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг