Аллома Замахшарий инсоний фазилатлар ҳақида
Аллома Маҳмуд Замахшарий таваллудининг
949 йиллигига бағишланади
Ўзбек халқи жаҳон тамаддунига бешик бўлган буюк алломаларнинг ворислари сифатида улкан интеллектуал, маънавий ва ахлоқий хазинага эга. Замонлар оша бу мерос ўз нуфузи ва аҳамиятини йўқотмаган. Жамият тараққиётида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти маълум даражада ёш авлоднинг ақлий ва ахлоқий тарбияси, эстетик маданияти ва маънавиятининг юксак даражада шаклланганлигига боғлиқ. Бу борада алломалар меросидан замонавий шароитда самарали фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади. Ёшларнинг ҳар томонлама камолга етиши, маънавиятли баркамол шахс сифатида шаклланиши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари бевосита уларга бериладиган таълим ва тарбияга боғлиқ. Зеро, илмли бўлиш фақат инсонгагина хос хусусият сифатида бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Илмли бўлиш инсонгагина хос фазилат
Аслида комиллик, баркамоллик тушунчалари меҳр-оқибат, тўғрилик, виждон, ор-номус, ирода, сабр-матонат, жасорат каби кўплаб асл инсоний хислат ва фазилатлар мажмуасидир. Ана шу мажмуадан ўрин олган асосий жиҳат илм эгаллаш ва илмли бўлишдир. Чунки барча сифатларнинг «калити» илмдир. Илмли киши ҳамиша эъзозда. Илмли киши мураккаб вазиятларни ҳал қилиш учун чора топа олади.
Қадим аждодларимиз бизга ўлмас мерос сифатида қолдирган асарларида комил инсон тушунчаси, баркамол шахс тарбиясида илмнинг ўрни, олимга хос гўзал сифатлар борасида ўзларининг қимматли фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтганлар. Жумладан, хоразмлик аллома Маҳмуд Замахшарийнинг бу борадаги қарашлари алоҳида эътиборга молик. Олимнинг дидактик аҳамиятга эга «Навобиғу-л-калим» («Нозик иборалар») ва «Атвоқу-з-заҳаб» («Олтин шодалар») асарларида, таъкидлаб ўтганимиздек, илм эгаллаш, илмли кишининг фазилатлари ҳаётий мисоллар билан таъсирчан ва образли қилиб баён этилган.
Бироқ фақат илмлилик комиллик белгиси эмас. Зеро, комил инсон ҳар томонлама оқилу доно бўлиши лозим. Инсон камолот сари етакловчи илм чўққиларини эгаллашни истаса, дастлаб фидойилик кўрсатиши, бу йўлда учрайдиган машаққатларни сабр-тоқат билан енгиб ўтиши талаб этилади. Маҳмуд Замахшарий таъкидлаганидек: «Илм олиш оғир, аммо илмсизлик унданда оғир». Аллома ўз фикрини давом эттирган ҳолда шундай дейди: «Ёки илмли бўл ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, бироқ тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан».
Маҳмуд Замахшарий ўз асарларида илмнинг камолоти олимнинг хушхатлигига ишора қилган ҳолда: «Илмли бўлиш ўқиш, ўқитиш, ёзиш билан ҳосилу мукаммал бўладиган бир сабоқдир. Агар олим киши чиройли, хушхат ёзувга эга бўлса, бу унинг камолотга етганидан далолатдир», дея таъкидлайди. Қолаверса, Замахшарий олим киши қатор сифатлар соҳиби бўлиши лозимлигини уқтирган ҳолда: «ҳақиқий олим ўз илмига амал қилиши лозим», дейди. Чунки билиб туриб амал қилинмаган илмдан фойда йўқ. Аллома ўзининг мазкур фикрини «Атвоқу-з-заҳаб» асарида янада батафсилроқ баён этади: «Амал қилгувчи учун илм қурувчининг девор текислигини ўлчайдиган асбобига ўхшайди. Олим учун эса амал сув тортувчининг арқонига ўхшайди. Бас, қайси қурувчида ўша асбоб бўлмаса, биноси текис бўлмайди. Кимнинг сув тортадиган арқони бўлмаса, унинг чанқоғи босилмайди. Ким комил бўлишни хоҳласа, албатта, амал қиладиган олим бўлсин».
Маҳмуд Замахшарий ҳақиқий олим кишиларни осмоннинг зийнати бўлмиш юлдузларга тенглаштириб: «Осмону фалакнинг зийнати юлдузлар билан бўлганидек, еру заминнинг кўркамлиги олимлар биландир», дейди ва «ловиллаб ёнаётган оловни сув ўчиргани каби нодон одамлардан чиқаётган алангани ҳакиму оқил одамларгина сўндирарлар», деб уқтиради.
Бироқ таъкидлаб ўтганимиздек, комил инсон илм соҳиби бўлиш билан бирга қатор фазилатларга эга бўлиши лозим. Илмли бўлишнинг дастлабки шартларидан бири анъанавий устоз-шогирдлик мақоми, бу борада тўғри танлов қилиш, касб эгаллашда содиқлик ва бошқа инсоний фазилатларга эга бўлишлик талаб этилади.
Замахшарий устоз танлаш ҳақида
Халқимизда бир мақол бор: «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар». Дарҳақиқат шундай. Ҳар соҳанинг ўз устозлари, шу соҳага қизиқувчи ёшлар бор. Бу фикр икки муҳим омил – касб-ҳунар ўрганишда мақсадга эришишнинг муҳим омиллари мавжудлигини англатади. Биринчиси, қизиқишнинг даражасидан қатъий назар, шогирдда шу касбга табиий мойиллик, лаёқат бўлмас экан, у шу касбнинг устаси бўлиши даргумон.
Иккинчиси, шогирд устозидан нафақат илм, балки одоб-ахлоқ ҳам ўрганади. Агар устоз маданиятли, шогирдпарвар бўлса, Маҳмуд Замахшарий таъбири билан айтганда, «Кимки бахт-иқболли, солиҳ кишиларнинг этагига ёпишса, у албатта муроду мақсадига эришиб, хайру барака топар», яъни оқил шогирд учун солиҳ устоз мақсадга эришиш, барака топиш калитидир.
Замахшарий ҳар кишининг ўз иши(касби)га садоқати ҳақида
Ҳар бир касбни у қандай соҳа бўлишидан қатъий назар, уни мукаммал эгаллаш йўлида муайян қийинчиликлар кузатилади. Белгиланган мақсадга эришишда қатъиятлилик талаб этилишига ишора қилар экан, Маҳмуд Замахшарий бу борада жиддий муносабатда бўлиш, ортиқча илтифотларга берилмасдан, тўғрилик билан ишлаш лозимлигига ишора қилиб, «Ишларда жиддийлик, енгни шимариш, фикрнинг пишиб, маромига етиши, ортиқча илтифот ва тилёғламаликни тарк қилиш, аниқ ва мустаҳкам билиш, муҳим нарсани илғашдаги тезлик ва алам етказувчи нарсалардан ҳимояланишда кенг қадам босиш – шундай майдонки, у майдонда юқоридаги сифатларнинг биттасига фарзанд бўлган киши (яъни мазкур сифатларнинг ҳар бирини «она» десак, шу оналардан биттасига фарзанд бўлган киши) бу майдонда чопа олади», деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, пишиб етилмаган, муайян илмий назарий замин ва амалий асосга эга бўлмаган ҳар қандай ишнинг охири хайрли бўлмайди. Айни пайтда қатъиятлилик ҳам ўзининг ахлоқий меъёрларига эгалиги аллома Замахшарий асарларида ўзига хос панду насиҳат тарзида баён этилган.
Замахшарий инсоний фазилатлар ҳақида
Педагогик таълимотлар тарихида, айниқса, алломалар қарашларида инсоний фазилатлар – ростгўйлик, кечиримлилик, мардлик ва олийжаноблик, ички ва ташқи маданият, уларнинг ўзаро мувофиқлиги, ҳалоллик ва покизалик, адолатлилик каби сифатлар, шунингдек, гўзал хулқ-атвор комиллик белгилари сифатида тараннум этилган. Бу борада Маҳмуд Замахшарийнинг қарашлари, таълимотлари ҳам ибратлидир. Алломанинг олийжаноблик ҳақидаги қуйидаги фикрлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. «Олийжаноб ва шариф киши шундай кишики, у ҳозир бўлмай ғойиб бўлганида унинг суҳбатини хоҳлаб, мулоқотини орзу қиладилар, башарти у (суҳбатга) келиб қолса, унинг ҳайбатидан сергакланиб ҳушёр тортадилар». Аслида олийжаноб кишилар сўзи амалдаги ишига, ботинию зоҳири ўзаро муносиб бўлиб, бу сифат Маҳмуд Замахшарий таъбири билан айтганда, «Одамнинг сиртию ботини (ичи) тўғри, саломат ва тузук бўлса, унинг зоҳири (ташқариси) ҳам сахий ва салим бўлур». Бундай кишиларнинг даврасида бўлиш, улардан сабоқ олиш ҳамиша завқли эканлигига ишора сифатида аллома айтадики, «Сиймоинг гўзаллиги ва юзинг чиройи ойнинг тулуʼ (чиқиши) кечасидан бир белги каби дилу кўнгилларга шодлик бахш этар». Халқимизда «Ойни этак билан ёпиб бўлмайди», деган нақл бор. Бу ҳақиқат қарор топишига нисбатан ишонч туйғуси белгисидир. Маҳмуд Замахшарий бу ғояни гўзал сатрларда баён этиб, «Қуёш нурларини беркитиб бўлмаганидек, ҳақиқатнинг чироғини ҳам сўндириб бўлмас»лигини уқтиради.
Замахшарий меҳр-мурувват ҳақида
Мамлакатимизнинг тараққиёт стратегиялари тизимида жамиятни барқарор ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинган. Бунда, шубҳасиз, ҳар бир фуқаронинг ўз имкониятларини рўёбга чиқариши учун мос шароит яратиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Имконият эса кўп қиррали бўлиб, унинг ҳар бир жабҳаси ўзига хос аҳамиятга эга. Жумладан, давлат ва жамият билан бирга саховатпеша инсонларнинг қўллаб-қувватлашига қарамай, айрим одамлар учун муҳтожлик ўзининг иқтисодий интеллектуал, ижодий имкониятларини рўёбга чиқариш учун жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Бу борада Маҳмуд Замахшарийнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик. «Мурувват бир сифатки, Оллоҳнинг розилигига лойиқ. Саховат бир табиатки, у ҳақда қанча гапирилса, шунча муносиб». Мамлакатимизда камбағалликни бартараф этиш ҳукумат миқёсидаги давлат дастури сифатида қаралаётган бугунги кунда Маҳмуд Замахшарий ўз даврида буни «… сахий, карим киши ҳар жойда иззату икромда бўлади», дея гўзал тарзда эътироф этган.
Сайру саёҳат инсон онгини бойитади
Буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш асносида уларнинг бошқа юртларга саёҳатлари давомида улар ҳам ақлан, ҳам маънан ривожланиб борганликларини гувоҳи бўламиз. Бу жиҳат Маҳмуд Замахшарий асарларида ҳам ўзига хос тарзда баён этилган. Айниқса, сафарлар чоғидаги қийинчиликларни енгиб ўтиш, биринчидан, инсонни кучли, иродали ва матонатли қилса, иккинчидан, унда турли вазиятлардан керакли хулоса чиқариш учун имконият топиш, ақлан чархланиб, дунёқарашини бойишига эришишини таъкидлаб ўтган. Алломанинг фикрича, «Кимки денгиз тўлқинларини бошидан кечириб сафар қилмаса, турли-туман ташвишу машаққатларнинг сувидан ичмаса, инсон (ҳақиқий) роҳату фароғатга муяссар бўла олмас». Зеро қийинчиликлардан қўрқиб, бир ишга қўл урмаслик, жумладан, сафар қилишдан сақланиш кишини комилликка интилишдаги жиддий камчиликларидан бири сифатида қаралган. Маҳмуд Замахшарийнинг «Баланд тоғларга кўтарилиб ва пастликларга тушиб сафар қилиш уйда, деворлар ичида, машаққатлар орасида оч ўтиришдан авлодир (хайрлидир)», деган фикри айнан шунга ишорадир.
Хулоса тариқасида эътироф этиш жоизки, таълим тизимига ўқитишнинг янги технологиялари, илғор хорижий тажрибалар қанчалик чуқур кириб бормасин, биз буюк алломалар авлоди, илмий қадриятлар вориси сифатида илм олишнинг миллий-тарихий негизларига таянишимиз керак. Зеро, улар ўзига хос ибрат манбаи сифатида юксак қадрга эга. Маҳмуд Замахшарийнинг илмий фаолияти ва илмий мероси шундай манбалар шодасининг энг ноёб дурдоналаридан биридир.
Нигора Сулаймонова,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети
филология фанлари номзоди, доцент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг