Алишер Усмонов “UBS Europe SE” банкини судга берди
Фото: «The Sun»
“USM Holdings” асосчиси, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов “UBS Europe SE” банкини судга берди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашрига тадбиркорнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Штефани Рабенау маълум қилган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 7 июнь куни миллиардер Алишер Усмонов Франкфурт Майн ҳудудий судига «UBS Europe SE” (собиқ «UBS Deutschland AG”) банкига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Даъво аризасида келтирилишича, 2018-2022 йилларда банк Германия молия органларига шубҳали молиявий операцияларни амалга оширгани ҳақида “бир қатор асоссиз хабарномалар” юборган. Бу эса Усмоновга қарши “сиёсий сабабларга кўра суриштирувлар” ўтказилишига туртки бўлган.
Адвокат Рабенауга кўра, UBS банки Германиядаги Божхона бош бошқармасининг молиявий мониторинг бўлимига “ўндан ортиқ абсурд ва асоссиз хабарномалар” жўнатган.
“Уларнинг орасида нақд пуллар ечиш ва ижара тўловларини тўлашда «пул маблағларини ювиш» каби билдиришнома ва гумонлар бўлган. Банк бу ҳолатда ўз гумонларини тасдиқловчи бирорта фактни тақдим этмаган”, дея адвокат.
Шунингдек, 2022 йилда UBS банкининг хабарномалари Германияда Алишер Усмоновга қарши суриштирув бошланишига сабаб бўлган. Миллиардернинг Бавариядаги кўчмас мулки ва “Дилбар” яхтасида тинтувлар ўтказилган. Мазкур тергов ва тинтувлар оммавий ахборот воситаларида ёритилган ва тадбиркорга нисбатан санкцияларни кенгайтириш учун ишлатилган.
Таъкидланишича, банк хизматлари шартномаси ва банк сирини сақлаш қоидаларига зид равишда UBS мижозлар маълумотларининг махфийлигини бузган, ёлғон баёнотлар тарқатган, шунингдек, умумий шахсий ҳуқуқларни қўпол равишда бузган.
“Банк томонидан шартноманинг бузилиши Усмоновнинг обрўсига катта миқдорда зарар етказилишига ва молиявий йўқотишларга олиб келган. Аслида, UBS бегуноҳ шахсни қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортишни, шунингдек, мижозига нисбатан санкция қўллашни қўзғатган ва ёрдам берган”, дея қўшимча қилган Рабенау.
Усмоновга қарши санкциялар
2022 йилнинг 28 февралида Европа Кенгаши Усмоновни Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишга ҳисса қўшган шахслар “қора рўйхати”га киритган. Унинг Европа Иттифоқига кириш тақиқланган, ЕИдаги активлари эса музлатилган.
Ўтган йилнинг 29 апрель куни Усмонов Евроиттифоқ санкциялар рўйхатига киритилганига норозилик билдириб, Европа судига даъво аризаси берган. Даъвогар ЕИ Кенгашининг унга нисбатан чеклов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни ва суд қарори чиқарилгунга қадар тақиқловчи чораларни қўллашни тўхтатиб туришни сўраган. Бироқ, Европа суди Усмоновнинг даъвосини тез кўриб чиқиш ҳақидаги сўровни рад этган.
Айтиш жоиз, Миллиардер анча вақтдан бери Бремен портидаги “Дилбар” яхтасида ўтказилган тинтувлар унинг мулк дахлсизлигига бўлган ҳуқуқининг бузилиши эканини даъво қилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг