Алдов йўли билан Туркияга чақирилган ўзбекистонлик вояга етмаган фуқаро ватанга қайтарилди

Туркияга алдов йўли билан чақирилган ва мураккаб вазиятга тушиб қолган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурханов маълум қилди.
Маълум бўлишича, ота-онасидан эрта айрилган Ўзбекистон фуқароси С.С. ўзининг қонуний васийларининг розилигисиз, Туркия олий ўқув юртларида таҳсил олиш мақсадида Истанбул шаҳрига келиб, ўзбекистонлик танишининг тавсияси билан Туркияда таҳсил олаётган, А.Д. исмли шахс билан боғланган.
Фуқаро С.С. Туркияга келганидан сўнг уни фуқаро А.Д. кутиб олган ва унга босим ўтказиб, уни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган. Агар унинг талабларини бажармай, қаршилик қилган тақдирда маҳаллий жиноий гуруҳларга топшириб юбориш билан қўрқитган.
Шундан сўнг, ўз ҳаёти хавф остида қолганини англаган фуқаро С.С. ёрдам сўраб тегишли органларга мурожаат қилган ҳамда фаоллар томонидан Бош консулхонага олиб келинган. Шунингдек, мазкур фуқаронинг ҳолати белгиланган тартибда ўрганилган.
Таъкидланишича, ушбу ҳолатга алоқадор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Жумладан, 2025 йил 14 апрель куни Бош консулхона, «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти» ва Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда вояга етмаган юртдошимизнинг ватанга қайтишини ташкил этган ҳамда у белгиланган тартибда давлат қарамоғига топширилган.
Фуқаро С.С. ватанга қайтгач Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан кутиб олинган ва ҳозирда уни оилавий муҳитга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
«Бош консулхона фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни вояга етмаган фарзандларининг тақдирига бефарқ бўлмасликка, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратишга чақиради», — дейилади Ташқи ишлар вазири матбуот котиби хабарида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг