Меъёр ва нормаларга риоя қилмаганларга жазо муқаррар
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси мутахассислари томонидан Президентимизнинг 2023 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида олиб борилаётган ишлар доимий назоратга олинган.
Яқинда инспекция мутахассислари Фарғона вилояти ҳокимлиги “Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати” ДУК буюртмачилигида пудратчи “Бек олтин монтаж” хусусий корхонаси томонидан Ўзбекистон тумани “Қирқкетмон” МФЙ ҳудудида 16-умумий ўрта таълим мактабини реконструкция қилиш объектида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини ўрганиш юзасидан навбатдаги назорат тадбирлари ўтказишди.
Афсуски, ушбу объектда техник, муаллифлик ва ички назорат бўйича мутахассислар томонидан белгиланган тартибда назорат ишлари олиб борилмаган. Натижада мактаб биносининг биринчи қаватида баъзи юмушлар лойиҳага зид равишда бажарилган. Лойиҳада хомут қадамлари ҳар 200 мм бажарилиши кўрсатилган бўлса-да, ҳақиқатда 300-400 мм ларда армокаркас ўрнатилиб, қолиплаш ва бетон қуйиш ишлари олиб борилган. Бундан ташқари, объект қурилиш чиқиндиларидан кунма-кун тозалаб борилмаган.
Қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан қурилишнинг масъул шахсларига кўрсатмалар берилди ҳамда сифатсиз ва лойиҳадан четга чиққан ҳолда бажарилган қурилиш ишлари жойида буздирилди.
“Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси“ давлат муассасаси Фарғона вилоят ҳудудий бўлими буюртмачилигида пудратчи “Ифтихор таъмир сервис” МЧЖ томонидан Қува туманининг “Иттифоқ“ МФЙда жойлашган 15-умумий ўрта таълим мактабини реконструкция қилиш объектида ҳам бир қатор камчиликлар аниқланди.
Мисол учун, бинонинг айрим ҳудудларида пол ишлари лойиҳа бўйича бажарилмаган. Яъни ишчи лойиҳа ҳужжатининг 14-варағида пол таснифида кўрсатилган кетма-кетлиги бузилган. Лойиҳа ҳужжатида бино фасад қисмига базальт қопламасидан олдин сувоқ ишлари бажарилиши кўрсатилган, лекин қурилиш жараёнида сувоқ ишлари бажарилмасдан деворга базальт қопламаси қоплаб юборилган.
“Муҳамадсиддиқ қурилиш инвест” хусусий корхонасининг Қувасой шаҳар 17-умумтаълим мактабига амалий фанлар учун қўшимча махсус бино қуриш ва мавжуд мини стадионни қайта реконструкция қилиш объектида ҳам нуқсонлар фош этилди. Айтайлик, бинонинг том қисми белгиланган талабларга зид равишда ҳамда лойиҳадан четга чиққан ҳолда бажарилган. Бошқача айтганда, томни ёпишда меъёрдагидан кам ёғоч материалларидан фойдаланилибди.
— Шу каби ўрганишлар жараёнида Учкўприк туманида “Қўқонагроқурилиш” МЧЖ томонидан “Боғибўстон” МФЙ Муллазоир мавзесида кўп қаватли тураржой биноси қурилиши ҳамда Қўштепа туманида “Мирзо Саодат” МЧЖ томонидан “Қийқи” МФЙда жойлашган Тез тиббий ёрдам марказига қўшимча янги бино қуриш объектида ишчи лойиҳа ҳужжатига зид равишда бажарилган ишлар аниқланди ва жойида буздириб ташланди, — дейди Фарғона вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бўлим бошлиғи Дилмурод Сапаров. — Қурувчиларимиз ҳар объектни бунёд этишда, айниқса, таълим ва тиббиёт муассасалари қурилишида белгиланган меъёр ва нормаларга қатъий риоя қилиши зарур.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг