“Ал-Ваҳда” жамоаси “Насаф”га муносиб рақибми?
3 ноябр куни “Насаф” клуби ОФК Элит чемпионлар лигаси мусобақасининг 4-тури доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Ваҳда” жамоаси билан куч синашади. Қуйида ушбу жамоа ҳақида бироз тўхталамиз.
“Ал-Ваҳда” жамоаси 41 йиллик тарихга эга. Клуб 1984 йили “Абу Даби SK” ва “Ал-Эмирейтс” жамоаларининг бирлашишидан ташкил топган.
Жамоага мухлислар томонидан “The Maroons” (“тўқ қизиллар”) деган лақаб берилган.
“Ал-Ваҳда” ўз уй учрашувларини Абу-Даби шаҳридаги “Ал-Наҳён” стадионида ўтказади. Ушбу майдон 15 мингдан зиёд мухлисни сиғдира олади.
Жамоа Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатининг 4 карра ғолиби, 2 карра Президент кубоги соҳиби ва 4 карра мамлакат Суперкубоги ғолиби ҳисобланади.
“Ал-Ваҳда” шу вақтга қадар Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан ўтказилган расмий мусобақаларда 81 та ўйин ўтказган. Улардан 29 тасида ғалаба, 25 тасида мағлубият, 27 тасида эса дуранг натижа қайд этилган.
“Ал-Вахда”нинг ўзбек клубларига қарши натижалари
“Локомотив” 2:0 “Ал-Ваҳда” (2019)
“Ал-Ваҳда” 3:1 “Локомотив” (2019)
“Локомотив” 5:0 “Ал-Ваҳда” (2018)
“Ал-Ваҳда” 1:4 “Локомотив” (2018)
“Ал-Ваҳда” 1:1 “Бунёдкор” (2011)
“Бунёдкор” 3:2 “Ал-Ваҳда” (2011)
“Ал-Ваҳда” 1:3 “Бунёдкор” (2010)
“Бунёдкор” 4:1 “Ал-Ваҳда” (2010)
“Ал-Ваҳда” 1:1 “Пахтакор” (2004)
“Пахтакор” 4:0 “Ал-Ваҳда” (2004)
“Ал-Ваҳда” 1:2 “Насаф” (2002)
Шу тариқа, жамоа ўзбек клубларига қарши 11 та баҳсда майдонга тушган ва шуларнинг 8 тасида мағлубиятга учраган.
Мураббий ҳақида
Жамоани айни пайтда 60 ёшли анголалик мутахассис Хосе Мораиш бошқармоқда. У ўз фаолияти давомида “Интер”, “Реал Мадрид”, “Челси” каби клубларда фаолият юритган.
Мураббийнинг қўл остидаги “Жеонбук Моторс” жамоаси 2 карра Жанубий Корея чемпиони бўлган, “Ал-Ҳилол” билан эса Саудия Арабистони профессионал лигаси ғолиблигини қўлга киритган. Шунингдек, у 2023/24 йилги мавсумда “Сепахон” клуби билан Эрон Ҳазфи кубогини ютиб олган.
Футболчилар
Жамоа таркибида айни вақтда қуйидаги футболчилар тўп сурмоқда:
Душан Тадич — сербиялик футболчи. 36 ёшда. У ўз фаолияти давомида Нидерландиянинг “Гронинген”, “Твенте”, “Аякс”, Англиянинг “Саутгемптон” ҳамда Туркиянинг “Фенербахче” каби клубларида тўп сурган.
Душан Сербияда 4 марта “Йилнинг энг яхши футболчиси” деб топилган. 2019 йилги мавсумда 28 та гол билан Нидерландия чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган.
У 2025 йилнинг август ойида “Ал-Ваҳда” сафида фаолиятини бошлаган. “Transfermarkt” портали айни пайтда футболчини 2,2 миллион еврога баҳолаган.
Омар Харбин — Сурия терма жамоаси етакчиси. 31 ёшда. У фаолияти давомида Ироқнинг “Ал-Кува Ал-Жовия”, Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол”, ҳамда БААнинг “Шабаб Ал-Аҳли” каби Осиёнинг гранд клубларида тўп сурган.
Омар Сурия терма жамоасининг энг яхши тўпурари ҳисобланади. У шу вақтга қадар миллий жамоаси учун 29 та гол киритган. “Transfermarkt” порталига кўра, у айни пайтда 5 миллион еврога баҳоланмоқда.
Кайо Канедо — бразилиялик футболчи бўлиб, кейинчалик Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролигини қабул қилган. 35 ёшда. У фаолияти давомида Бразилиянинг “Интернасьонал”, “Ботафого”, “Витория” клубларида, шунингдек БААнинг “Ал-Айн” ва “Ал-Васл” жамоаларида тўп сурган.
Кайо 2025 йилнинг ёзида “Ал-Ваҳда” клубига кўчиб ўтган. У фаолияти давомида 2 карра БАА чемпиони, 1 марта Президент кубоги ва 1 марта Лига кубоги ғолиби бўлган. “Transfermarkt” портали футболчини 400 минг еврога баҳолаган.
Реза Гандипур — эронлик ёш ҳужумчи. 19 ёшда. У фаолияти давомида Эроннинг “Сепахон”, “Пайкан”, “Малаван” каби клубларида ҳамда БААнинг “Шабаб Ал-Аҳли” жамоасида тўп сурган. 2025 йилнинг январь ойида “Ал-Ваҳда” клубига ижара асосида келиб қўшилган.
Ушбу клуб Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари учун ҳам бегона эмас. Яқин йилларда “Ал-Ваҳда” сафида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ҳожимат Эркинов ҳам фаолият олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит чемпионлар лигаси 4-туридан ўрин олган “Насаф” – “Ал-Ваҳда” учрашуви 3 ноябрь куни соат 18:45 да бўлиб ўтади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг