Ахсикент дунё сайёҳларини ҳайратга солмоқда

12:28 30 Октябр 2025 Жамият
193 0

Уч минг йиллик тарихга эга Ахсикент ёдгорлиги аждод ва авлодлар узвийлигини акс эттирган чорраҳа сифатида янги қиёфа касб этаётир. Кўҳна шаҳар харобалари остидан қазиб олинаётган қимматбаҳо осори атиқалар бу ерда ташкил этилаётган археологик кластерни маъно ва мазмун жиҳатидан бойитмоқда.

Айниқса, кейинги пайтларда бунёд этилган рамзий дарвоза, ўша пайт рухини акс эттирган қалъа деворлари ва бир қатор очиқ осмон остидаги музейлар сайёҳлар оқимини янада кўпайтириб юборди. Куни кеча археопаркка турк ноширлари ва медиа вакилларининг гуруҳи келди.

— Наманганга саёҳатимиз ажойиб бўлди, — дейди журналист Ханде хоним. — Ҳаво учоғидан тушибоқ тарихга қоришиб кетдик. Ахсикент туркий дунёнинг бош археоёдгорлигидир. Уни авлодлар учун сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар таҳсинга сазовор.

Ўзбекистоннинг энг сара манзиллари ўрин оладиган катта китоб-альбом яратиш ишига киришга ижодий гуруҳ учун археопаркнинг қўлёзмалар маркази манбалари ҳақиқий совға бўлди.

— Наманган ёрқин ранглари билан хотирамда қолди. Уни ўзгача ракурсларда тасвирларга муҳрладим, — дея таассуротларини изҳор этади видеоэксперт Фатих Пинар.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Фарғона водийсининг жозибали туризм масканларидан бирига айланиб бораётган Ахсикентни томоша қилиш учун келаётган сайёҳлар сони жорий йилнинг ўн ойида 40 минг кишидан ортди. Уларнинг ярмига яқини дунёнинг 72 давлатидан ташриф буюрган хорижликлардир.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

«Халқ сўзи».                                                  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?