“U-gaz” тизимини жорий этмаган «заправка»лар фаолиятига чекловлар киритилади

16:47 10 Июнь 2025 Жамият
190 0

Иллюстратив фото

Республика бўйлаб газ тарқатиш устунларида маълумотларни реал вақт режимида тўплаш ва юритиш имконини берувчи тизимни жорий этмаган АГТКШлар фаолиятига чекловлар киритилади. Бу ҳақда «Ўзенергоинспекция» матбуот хизмати хабар қилди.

Бугунги кунда табиий газни АГТКШ орқали сотишни тўлиқ рақамлаштириш, ноқонуний фойдаланиш, бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш, тизимни онлайн равишда кузатиб туриш ва бошқариш каби ишларни тартибга солиш мақсадида «U-Gaz» тизими жорий этилган.

Тизим автотранспорт воситаларига белгиланган нормадан ортиқ босимда газ тўлдириш ва автомобилларнинг кўрик муддати ўтган бўлса, унга газ қуйишни тақиқлайди.

Республикамизда фаолият юритаётган 1 442 та АГТКШнинг 424 тасида «U-Gaz» тизими жорий этилган ва 742 тасида рақамлаштириш жараёни кетмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 июлда «Табиий газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 387-сонли қарорига кўра, АГТКШларда ушбу тизимни жорий этиш 2025 йил 1 январдан бошлаб мажбурий ҳисобланади.

Маълумот учун, 2024-2025 йилларда «заправка»ларда 276 та ҳолатда 591,5 миллиард сўмлик табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Шунингдек, АГТКШларда 11 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?