«Айрим қадимий қўлёзмалар қуриган япроқни эслатади» ёхуд вазирлик, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги қачонгача сукут сақлайди?

15:11 18 Май 2021 Маданият
470 0

Бундан бир ойча муқаддам расмий сайтимизда, кейин эса газетамизда ҳам Бухородаги қадимий қўлёзмаларни асраб-авайлаш, уларни ўрганиш, келгуси авлодга зиён-заҳматсиз етказиш борасида тўпланиб қолган муаммолар ҳақида таҳлилий-танқидий мақола эълон қилинган эди.

Мақолада, жумладан, тадқиқотчи олим, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ўқитувчиси Ҳусен Жўраевнинг «Афсуски, ҳозирги кунда ушбу қўлёзмаларни асраш ачинарли аҳволда. 500 — 700 йиллик тарихга эга айрим қўлёзмалар қуриган дарахт баргини эслатади. Майдаланиб титиладиган ҳолатга келиб қолган», деган сўзлари келтирилган эди.

Муаммони бартараф этиш йўллари ҳақида жўяли фикр-мулоҳазалар ўртага ташланганди.

Афсуски, мақола эълон қилинганига анча вақт бўлганига қарамай, на республика Маданият вазирлиги, на Бухоро вилоят ва шаҳар ҳокимлигидан муносабат билдирилди. Яқинда Бухоро давлат музей-қўриқхонасида бўлганимизда соҳа ходимларидан бу йўналишда бирор бир ўзгариш рўй бермаганини эшитдик. Шу аснода мавзу юзасидан айрим мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳам тингладик. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, манбашунос Комилжон Раҳимовнинг таъкидлашича,кўпгина қўлёзма ва тошбосма китоблар таъмирга муҳтож. Масалан, муқовалари йўқ, қоғозлари йиртилган, айрим китоблар моғорлаб кетган.Махсус китоб жавонлари йўқ. Улар иссиқ хоналарда кичик шкаф жавонларда сақланмоқда. Хоналарда иқлимни назорат қилиш учун шароит, китоблар учун махсус сканер ва бошқа техник асбоблар мавжуд эмас. Шу сабабли бирор китоб ёки тарихий ҳужжат цифровизация (рақамлаштириш) қилинмаган. Бунинг оқибатида китоблар йиртилиб кетмоқда.

Тадқиқотчилар ва соҳа мутахассисларининг қўлёзма манбалар билан ишлашлари учун замонавий қироатхоналар йўқ.

— Қадимий қўлёзмаларни асраб-авайлашнинг мавжуд тартиб-қоидалари бор, — дейди К. Раҳимов. — Уларга албатта, амал қилиш керак. Акс ҳолда минг йиллар давомида сақланиб келган қадимий манбалар ташқи таъсирлар оқибатида йўқ бўлиб кетади. Агар юқоридаги чоралар ўша фондларда амалга оширилмаса, унда «Бухоро қўлёзмалари маркази» номи билан алоҳида бир жой танлашга тўғри келади.

Манбашунос олимнинг бу таклифини қўллаб-қувватлаган ҳолда ташаббус вилоят ёки шаҳар ҳокимлигидан чиқишини жуда-жуда хоҳлаган бўлур эдик. Дейлик, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида боғ-хиёбонлар барпо этилади, йўллар тартибга келтирилади, бутун бошли маҳаллалар обод қилинмоқда. Шундай экан, буюк аждодларимиз қалб қўри билан битилган, халқимизнинг бой маънавий мероси саналган қадимий қўлёзмаларни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш учун наҳотки, Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Наршахий каби кўплаб буюк зотларга бешик бўлган, бутун бошли хаттотлик мактаби яратилган Бухорода замонавий қулайликларга эга қўлёзмалар фонди ёки махсус бир марказ барпо этишнинг имкони йўқ?! Агар шу иш амалга оширилса бу давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 майдаги «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси йўлида ташланган катта қадам бўлур эди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?