Аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари, ислоҳотлар руҳи ифодаланган ҳужжат

17:59 26 Апрель 2023 Сиёсат
492 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ва бир гуруҳ депутатлар Андижон вилоятида маҳалла фаоллари, ишлаб чиқариш корхонаси меҳнат жамоалари, фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашиб, янгиланаётган Конституцияга киритилган нормалар, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти тўғрисида маълумотлар бердилар.

Мулоқотларда сўзга чиққанлар янгиланаётган Бош қомусимизда халқимизнинг фикри, хоҳиш-иродаси, барча тоифаларнинг — ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этгани, юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар руҳи ифодалангани, ундаги нормалар фуқароларнинг фаровон яшашига, давлатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Ортиқали ИБРАГИМОВ, Олтинкўл туманидаги “Бўстон” МФЙ раиси:

— Маҳалламизда 3,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Охирги беш йилда маҳалламизда 6 та саноат корхонаси, 1 та тиббиёт муассасаси бунёд этилиб ишга тушди. Айни вақтда уларда 300 дан зиёд маҳалламиз фуқаролари меҳнат қилишмоқда. Фуқароларимиз яратилган шарт-шароитлардан жуда хурсанд. Эътиборлиси, сўнгги икки йилда “Очиқ бюджет” ахборот порталида 4 та лойиҳамиз ғолиб бўлди. Маҳалламизга ичимлик сув тармоқлари тортилди, симёғочлар тўлиқ янгиланди, асфальтланмаган кўча қолмади, десам, асло муболаға бўлмайди. Янги таҳрирдаги Конституцияга қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олиш, шаҳарсозлик, бюджет соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби ҳуқуқларнинг киритилиши фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиради.

Авазбек ИСМОИЛОВ, пенсионер, Олтинкўл туманидаги “Бўстон” МФЙ фаоли:

— Маҳалла — инсон қадр-қиммати яққол кўринадиган меҳр-оқибат маскани эканлиги билан қадрлидир. Бизда азал-азалдан қаттага ҳурмат, кичикка иззат, ночорга кўмак, бир-бирига меҳр, одоб-аҳлоқ тарбияси маҳалла қадрияти сифатида шаклланган. Бу қадриятларимизга жуда кўп халқлар ҳавас қилишади. Уларни асраб-авайлашимиз керак. Асосий қомусимизга киритилган “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт” деган қоида ҳар биримизга ўзимизнинг маданиятимизни, маънавиятимизни асраш ва келажак авлод — ёшларимизга етказишда масъулият юклайди.

Гулбаҳор ТЕМИРОВА, Пахтаобод туманидаги “Ал-Ҳаким” корхонаси иш юритувчиси:

— Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак даражадаги эътибор, яратилаётган имкониятлардан жуда мамнунмиз. Хусусан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ёш қизларимизнинг таълим олишига катта имкониятлар яратилмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масаласи Конституция даражасида мустаҳкамланиши жамият ва давлат ишларини бошқаришда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, қонунлар ва турли қарорлар қабул қилинишида иштирокини янада кенгайтириш имкониятини беради. Биз, албатта референдумда фаол иштирок этамиз.

Улуғбек ҚОСИМОВ, “Комилжон умид бўстони” фермер хўжалиги раҳбари:

— Узоқ йиллар мобайнида юртимизда ерга нисбатан хусусий мулкнинг тўлақонли жорий этилмаганлиги ҳақиқий мулкдорлар қатламининг етарлича шаклланмаслигига олиб келди. Бугунги кунда фуқароларга тегишли уй-жойлар, тадбиркорларга тегишли бинолар жойлашган ер участкалари уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли эмас, яъни бино ўзиники, ер давлатники. Бозор иқтисодиёти ерни ҳам хусусий мулк асосида уларга тегишли бўлишини талаб этади. Янгиланаётган Конституциямизда Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, мазкур норма ҳақиқий инқилобий янгиликларидан бири бўлиб, мулкчилик муносабатларидаги катта кемтикни тўлдиради, мулкдорлар қатламининг кенгайишига хизмат қилади.

Ҳудуддаги учрашув ва мулоқотлар давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?