Аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлида янги босқич: Қўшработда амалий ислоҳотлар самараси

Абдулазиз Йўлдошев/«Халқ сўзи». Президентимиз томонидан илгари сурилган «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги фармон халқимиз фаровонлигини таъминлашда амалий йўналиш сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу фармонга мувофиқ, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мамлакат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланган. Бу борада барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотлар фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, Адлия вазирлиги ҳам ҳудудларда махсус дастур ва чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Шу муносабат билан адлия вазири Акбар Тошқулов жорий йилнинг 3–4 февраль кунлари Қўшработ туманида бўлиб, вазирликка бириктирилган Хонназар, Майинтепа, Навкат, Дўстлик ва Қийқим маҳаллалари аҳолиси билан учрашди. Учрашувларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, кам таъминланган оилаларнинг ҳуқуқий муаммолари ўрганилиб, ҳудуднинг ички ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали камбағалликни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, «Майинтепа» маҳалласида янги маҳалла биноси қурилиши, тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва сув таъминотини яхшилаш каби долзарб масалалар кўтарилган эди.
Орадан кўп ўтмай, Майинтепа маҳалласининг янги маҳалла биноси ҳамда оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди. Туман марказидан 25–30 километр узоқликда жойлашган, қир-адирликлардан иборат мазкур ҳудуддаги 3,5 минг нафарга яқин аҳоли учун «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида бунёд этилган ушбу иншоотлар муҳим аҳамият касб этди.
Маҳалла ёнидаги фойдаланилмаётган қишлоқ врачлик пункти биноси реконструкция қилиниб, у ерда Қўшработ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 43-сонли Оилавий поликлиника филиали иш бошлади. Бу тиббиёт маскани бир кунда 50 нафар беморга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, 5 турдаги тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланган.
Биноларнинг очилиш маросимида адлия вазири, туман ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини ошириш, кам таъминланган оилаларни камбағалликдан чиқариш ва ҳудудларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр билдирди.
Сув танқислиги Майинтепа маҳалласининг асосий муаммоларидан бири эди. Бу борада ҳам амалий қадам ташланиб, ер ости сув қудуғи қазилди ва фойдаланишга топширилди. Қудуқнинг ишлаб чиқариш қуввати кунига 156 куб метрни ташкил этиб, 18 гектар ерни суғориш имконини яратади. Бу эса нафақат уй хўжаликларида сув таъминотини яхшилайди, балки аҳолига томорқаларда экин экиш ва шу орқали даромад топиш имконини ҳам беради.
Тадбирда масъуллар сувдан оқилона фойдаланиш, хусусан, томчилатиб суғориш технологиялари орқали юқори ҳосил олиш имкониятларини аҳолига тушунтирдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг