Аҳоли фаровонлиги йўлида: Маҳаллабай ёндашув ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт

13:49 26 Февраль 2025 Жамият
240 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

2025 йил 26 февраль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази Жаҳон банки ва Буюк Британия ҳукумати кўмагида, Ҳамдўстлик ва Тараққиёт бюросининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий ривожлантириш офиси ҳамкорлигида «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб: аҳоли турмуш даражасини оширишда маҳаллабай ёндашув» мавзусида давра суҳбати ташкил этди.

Тадбирда Ўзбекистон парламенти, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, хорижий дипломатик ваколатхоналар, таҳлилий марказлар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» тадқиқоти натижалари, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлиги, иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражаси, миграция муаммолари ва ижтимоий ҳимоя масалалари муҳокама қилинди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Жаҳон банкининг мазкур лойиҳаси Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳоли ҳаётига таъсирини ўрганишга қаратилган муҳим тадқиқот эканлигини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий тенденцияларни акс эттирувчи таҳлилий тақдимот ўтказилди. Сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий ҳолат яхшиланиб, ислоҳотлар натижасида қуйидаги ўзгаришлар қайд этилди:

— Камбағаллик даражаси 8,9 фоизга қисқарди.

— Инфляция 9,8 фоизга туширилди.

— Мактабгача таълим қамрови 76 фоизга етди.

— Олий таълим билан қамров 43 фоизга ошди.

— ЯИМ ҳажми 115 миллиард долларга етказилди.

— Экспорт ҳажми 27 миллиард долларга етди.

Жаҳон банки 2025 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 5,8 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилмоқда.

Давра суҳбатида мамлакатнинг миграция сиёсати, ижтимоий ҳимоя чоралари ва «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурининг маҳаллабай ёндашуви муҳокама қилинди. Шунингдек, «Маҳаллий ташаббуслардан миллий таъсирга қадар» мавзусида панель муҳокамаси ўтказилди.

Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Икуко Уочи 2025 йил январь ойида 1500 та уй хўжалиги билан ўтказилган сўров натижалари билан ўртоқлашди. У меҳнат бозоридаги вазият, нарх-наволарнинг аҳоли даромадларига таъсири, озиқ-овқат хавфсизлиги ва миграция тенденциялари бўйича таҳлилий маълумотларни тақдим этди.

Тадбир давомида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини БМТнинг «Барқарор ривожланиш мақсадлари»га мослигини кўрсатувчи инфографик таҳлил тўплами ҳам тақдим этилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?