«AGRO PRO EXPO-2025» кўргазмаси ўтказилмоқда
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Жомбой туманидаги «SOF EXPO Samarkand» халқаро кўргазмалар мажмуасида агрономия соҳасидаги маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқариш корхоналарининг 4-халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
«AGRO PRO EXPO-2025» кўргазмасида республикамизнинг барча ҳудудларидан келган тадбиркорлардан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Эрон ва МДҲ давлатларининг 100 дан ортиқ етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилари иштирок этмоқда. Улар кўргазма павильонларида ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим қиляпти.

Аграр соҳадаги етакчи экспертлар, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва инвесторларни бир ерга жамлаган мазкур кўргазма соҳадаги энг сўнгги ютуқларни намойиш этиш, тажриба алмашиш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш учун ташкил этилган.
Кўргазманинг асосий мақсадлари қишлоқ хўжалигидаги илғор технологиялар ва ечимларни тарғиб қилиш, мамлакатлар ва компаниялар ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг аграр секторига инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда фермерлар, агрономлар ва бошқа соҳа мутахассисларининг профессионал даражасини оширишдан иборат.

Кўргазма қишлоқ хўжалиги жараёнларини автоматлаштириш, барқарор деҳқончилик, рақамли технологиялар ва роботлаштиришни намойиш этиш учун қулай платформага айланди.
Ташкилотчилар озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишган. Шунингдек, кўргазмада Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва унинг истиқболларига бағишланган чиқишлар ҳам тақдим этилмоқда.

— Бу кўргазмада кўплаб илмий жамоалар қаторида бизнинг олимларимиз ҳам кейинги йилларда яратилган ноанъанавий экинлар, инновацион ишланмалар, комбинациялашган сеялкалар, агрохизматлар билан иштирок этяпти. Буларга қатнашчиларда қизиқиш катта, — дейди Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори Шакат Ҳасанов. — Шуни айтиш керакки, мазкур кўргазма мана бир неча йилдирки қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан ва ишлаб чиқаришни бир-бири билан боғлашга, ҳамкорликни йўлга қўйишга катта хизмат қилиб келяпти.
27 февралга қадар давом этадиган «AGRO PRO EXPO-2025» кўргазмаси доирасида замонавий қишлоқ хўжалиги техника ва технологиялари намойиш этилиши баробарида жаҳон даражасидаги экспертлар иштирокида муҳокама ва тақдимотлар, қишлоқ хўжалиги амалиётчилари учун семинар ва мастер-класслар, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва шартномалар имзолашга қаратилган бизнес-форумлар ҳам ўтказилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг