Аграр тармоқда юритилаётган оқилона сиёсат ўзбек деҳқончилигининг тарихий довруғини қайта тиклаш имконини бермоқда

11:11 16 Сентябр 2025 Иқтисодиёт
135 0

Ўзбекистон замини ҳақида гап кетганда, “тупроғи — олтин, суви — зар”, дея таъриф берилади. Деҳқону соҳибкорларимиз еримиз унумдорлиги, иқлим мўътадиллиги билан ҳақли равишда фахрланишади. Чунки тупроқ-иқлим шароитимиз қишлоқ хўжалигининг барча тармоғини ривожлантириш, қўшимча даромад манбаларини шакллантириш учун жуда қулай. Японлардек сув устига, хитойликлардек қум устига тупроқ ташлаб, деҳқончилик қилинмайди. Исроилдаги фермерлар сингари хориждан унумдор тупроқ келтиришга ҳам ҳожат йўқ. Заминимиз ўта саховатли. Ерга уруғ қадасак, бехато униб чиқади. Бироқ ана шундай табиий имкониятларни тўлиқ ишга сола оляпмизми? Ернинг ҳақиқий эгаси ҳисобланган фермерлар ихтиёрига ишониб топширилган 3,85 миллион гектар экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги қай даражада?

Масалага бу жиҳатдан ёндашишимизнинг боиси бор, албатта. Сабаби, глобал иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар, ер ва сув ресурсларининг камайиши таъсирида озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунёда энг долзарб вазифага айланди. Бу масала аҳолисининг сони муттасил ўсиб бораётган мамлакатимизга ҳам тааллуқли. Ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳолини муҳим истеъмол товарлари билан барқарор таъминлаш давлат ва ҳукуматимизнинг доимий диққат-эътибори марказида турибди. Шундай экан, ер ресурсимизнинг “олтин фонди” бўлган суғориладиган майдонларда деҳқончилик қилаётган фермер хўжаликларининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги роли қандай?

Ўзбекистон Фермерлари кенгашидан олинган маълумотларга қараганда, айни пайтда республикамизда 91,9 мингта фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлиб, улар табиат инжиқликларига қарамасдан қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олишга эришмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида 9 млн. тонна дон, 16 млн. тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 5 млн. тонна мева ва узум, 4 млн. тонна картошка, 15 млн. тоннадан кўп гўшт ва сут, 30 минг тонна пилла етиштирилди. Бу рақамлар йил якуни бўйича янада ортиши кутиляпти. Негаки, қишлоқ хўжалигида пишиқчилик мавсуми кеч кузгача давом этади.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги мақоми қандай?

Юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида аграр соҳани ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, фермерлик ҳаракатининг нафақат мамлакатимиз иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётидаги муҳим ролини инобатга олган ҳолда, уларни кўп тармоқли бизнес тузилмаларига айлантириш чора-тадбирлари кўриляпти. Бу саъй-ҳаракатлар замирида, аввало, қишлоқ аҳолиси ва фермерларнинг манфаати мужассамдир. Чунки фермер фақатгина деҳқончилик ёки чорвачиликка кўз тикиб ўтирмай, қўшимча тармоқларни йўлга қўйса, янги иш ўринлари очилиб, одамларнинг бандлиги таъминланади, уларнинг даромад манбаи кўпаяди. Қолаверса, бугунги шиддаткор даврнинг ўзи қишлоқ мулкдорлари олдига замон талабларига мос фаолият юритишни қўяётир.

Табиий савол туғилади: кўп тармоқли фермер хўжалигининг мақоми қандай? Кимларни бу тоифага киритиш мумкин?

Ўзбекистон Фермерлари кенгаши бўлими бошлиғи Зокир Алламурадовнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан бирга, боғ ва дала неъматларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш, бир сўз билан айтганда, фаолиятнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари билан шуғулланувчи фермер хўжаликларига нисбатан кўп тармоқли фермер хўжалиги мақоми қўлланилади.

— Бугунги кунда республикада мавжуд фермер хўжаликларининг 83,4 мингтаси кўп тармоқли бўлиб, улар деҳқончилик баробарида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сервис хизматлари кўрсатиш ҳамда бошқа йўналишларда ҳам самарали фаолият юритиб келишмоқда, — дейди З. Алламурадов. — Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги “Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрини юритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Фермерлари кенгаши томонидан Адлия ҳамда Рақамли технологиялар вазирликлари билан биргаликда Давлат хизматлари маркази “my.gov.uz” платформасига “Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестри” тўлиқ интеграция қилингани фермерлар учун қўшимча қулайлик бўлди. Эндиликда фермер хўжаликларини “Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестри”га киритиш учун барча фермер хўжаликлари раҳбарлари “my.gov.uz” платформасига ариза билан мурожаат этиш имкониятига эга. Бунинг натижасида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 15,7 мингта фермер хўжалиги Давлат хизматлари маркази орқали “Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестри”га киритилди.

“Чўлни бўстонга айлантирамиз!”

Очиғини айтиш керак, яқин-яқингача аксарият фермерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланиб қолаётган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йилдан эътиборан фермер хўжаликлари фаолиятини кенгайтириш, қишлоқнинг чинакам тадбиркорига айлантириш бўйича амалий ишлар кучайтирилди. Натижада соҳадаги камчиликлар бартараф этилиб, барча фермер хўжаликлари босқичма-босқич кўп тармоқли субъект мақомига эга бўла бошлади.

— Тўғриси, илгари минг машаққат билан етиштирган пахтамизнинг пулини ололмай, сарсон бўлиб юрардик, — дейди Қизилтепа туманидаги “Сафаробод боғи” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Турсунпўлат Ражабов. — Бугун ҳалол ишлаган фермер ҳам пулини оляпти, ҳам қўшимча рағбат кўряпти. Бошқани қўя турайлик, ўзим мисолимда айтсам, 2017 йилда пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришганим учун Президент совғаси — “Каптива” автомобили билан тақдирландим. Бир деҳқонга эътибор бўлса, шунчалик бўлади-да!

Биласиз, қишлоқ хўжалиги ривожи, экиннинг тақдири сувга боғлиқ. Бизнинг ерлар чўл ҳудудида жойлашгани учун сувни етаклаб келишнинг ўзи минг азоб эди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан сув йўлларини бетонлаштириш ҳаракати бошлангач, бу муаммо ҳам ечилди. Биз сув оладиган Қарноб каналининг 17 километри бетонлаштирилди. Бу жараёнда томошабин бўлиб ўтирмасдан фермер хўжалигимиз ҳисобидан ушбу каналнинг 5 километрига ўзимиз бетон ётқиздик. Натижада авваллари даламизга сув 10 соатда келса, эндиликда 1 соатда етиб келяпти.

Сув муаммоси ҳал этилгач, ундан тежаб-тергаб фойдаланиш мақсадида томчилатиб суғоришни йўлга қўйдик. Энг қувонарлиси, 400 гектар янги ер ўзлаштириб, ушбу жойда ҳам деҳқончилик қиляпмиз. Пахта майдонимизнинг ўзи 500 гектар. Ундан 2 минг тоннадан ортиқ ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз.

Фермернинг айтишича, деҳқончиликдан ташқари, асал-аричилик, паррандачилик, чорвачилик ҳам улар зиммасида. Биргина бўрдоқичилик фермасида 100 бош новвос тайёр бўлди. Аҳолига арзон гўшт маҳсулотлари етказиб беришни ният қилган хўжалик жамоаси булар билан чекланиб қолмасдан, қўйчиликни ҳам йўлга қўйди. Бунинг ортидан фермер хўжалигида ишлаётган 520 кишининг рўзғори бут, турмуши фаровон.

Энг ибратлиси, фермер “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилоятидан 10 минг туп арча кўчати олиб келиб экибди. Бугун бу ниҳолларни кўрган киши бир қувонса, чўлнинг боғу бўстонга айланаётганидан юз чандон севинади. Буларнинг бари аграр соҳада юритилаётган оқилона сиёсатнинг мевасидир.

Қишлоқ хўжалигида янги давр

Бугун юртимизнинг қай бир ҳудудига борманг, фермерлар ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, такрорий экинлар етиштириб, эл дастурхонини турфа ноз-неъматлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшиш ниятида тер тўкаётганининг устидан чиқасиз. Биргина шу йилнинг ўзида 414,1 минг гектар асосий майдон ва 200,9 минг гектар токзор ораларида сабзавот, полиз ва картошка етиштирилган бўлса, ғалладан бўшаган яна 896,5 минг гектар майдонда такрорий экинлар парваришланяпти. Бунга янги ўзлаштирилган 341,3 минг гектар ерда ҳам дуккакли, полиз ва сабзавот экинлари жойлаштирилганини қўшадиган бўлсак, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами яққолроқ кўринади.

Шубҳасиз, бу сўнгги йилларда соҳани замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, фермерларга имтиёзли кредит ва солиқ енгилликлари бериш, кооперация алоқаларини йўлга қўйиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани, айниқса, ер эгаларининг ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилгани самарасидир. Эътибор қилинг-а, Кенгаш ҳуқуқшунослари фермерлар ҳуқуқий ҳимоя борасида судларга 1,1 трлн. сўмлик 4 400 та даъво аризаси киритган эди. Улардан 3 152 таси қаноатлантирилиб, фермерлар ҳисобига 517,9 млрд. сўм маблағ ундириб берилди. Шу билан бирга, қарздор ташкилот ва корхоналарга 1,4 трлн. сўмлик 9 766 та талабнома юборилиб, 547,1 млрд. сўм ихтиёрий равишда ундирилди.

Қишлоқ мулкдорларини молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ, албатта. Шу йилнинг биринчи ярмида “Агросубсидия” ахборот тизими орқали 242,6 млрд. сўмлик субсидия тақдим этилгани фикримиз тасдиғидир. Ушбу маблағ, асосан, сув тежайдиган суғориш тизимлари ва лазерли ер текислагичлар харидига йўналтирилди.

— Ўз ҳисобидан пахта етиштирган фермерларга 10 фоиз субсидия бериш тизими жорий қилингани фермерларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги навбатдаги қадам бўлди, — дейди Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри” фермер хўжалиги раҳбари Отабек Қурбонов. — Шу боис биз 190 гектар ерда банк кредити олмасдан, ўз ҳисобимиздан пахта етиштиряпмиз. Гектаридан 60 центнердан ҳосил кутяпмиз. Бу натижага амалда эришсак, гектарига 5 миллион сўмдан субсидия оламиз. Бу пахта етиштириш учун кетган харажатимизнинг тўртдан бирини қоплайди.

Яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, фаолиятимизни кўп тармоқлига айлантирмоқчимиз. Бунда аҳолининг гўштга бўлган талаби ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, чорвачиликни йўлга қўймоқчимиз. Айни пайтда 1000 бош қорамолни парваришлаш бўйича бизнес-режа устида ишлаяпмиз.

Фермердан деҳқоннинг қўл-қаноти бўлган техникалари ҳақида сўраймиз:

— Қандай техникаларингиз бор?

— Қандай техникаларингиз йўқ, деб сўрамайсизми? — дея саволимизга савол билан жавоб қайтаради фермер. — Имтиёзли лизинглар машина-трактор паркимизни замонавий ва қудратли техникалар билан тўлдириш имконини берди. Қишлоқ хўжалигида зарур бўладиган қандай техника бўлса, барчасидан бор. Ҳатто 2 та “John Deere” пахта териш машинаси ҳам олганмиз. Бу йил Хитой компаниясидан 2 та дрон сотиб олдик. Илгари трактор кашф қилинганда, у деҳқонларга қанчалик енгиллик яратган бўлса, бугун дронлар фермерларнинг қўл-қанотига айланиб боряпти. Ҳисоб-китобларимизга кўра, 50 килогача юк кўтариш қувватига эга ушбу учувчисиз учиш қурилмалари сарф-харажатни камайтириш баробарида, ҳосилдорликни 10 — 15 центнерга ошириш имконини беряпти. Бу қишлоқ хўжалигида янги даврга қадам қўйганимизни англатади.

Устувор мақсад — ҳосилдорликни 100 центнерга етказиш

Бугун деҳқончилик ортидан бой бўлиш, катта меҳнат ресурсига эга қишлоқ жойларда бандлик масаласини узил-кесил ҳал этиб бўлмаслигини барча англаб етган. Соҳага илм-фан ютуқлари, инновацияларни кенгроқ қўллаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, албатта, қўшимча тармоқларни ўзлаштириш янги истиқболларни очиши мумкин. Шу боис фермерларнинг билим ва малакасини кучайтиришга устувор аҳамият қаратилиб, шу йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган техникум ҳамда бошқа ўқув марказларида 600 нафарга яқин раҳбар ва мутахассислар қайта тайёрланди.

Натижасими? Илгари фермер хўжалигининг асосий даромади пахтачилик ва ғаллачилик ҳиссасига тўғри келган бўлса, бугун бу борадаги манзара ўзгаряпти: даромаднинг катта қисми қайта ишлаш, чорвачилик, сервис хизматлари ва саноат тармоқларини ривожлантириш орқали шаклланмоқда. Кўплаб илғор фермер хўжаликларида Германия, Россия, Исроил, Хитой ва бошқа хорижий давлатлардан замонавий технологик ускуналар олиб келиниб, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилди. Тайёрланаётган истеъмол товарларининг салмоқли қисми экспорт қилинаётгани ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини кўрсатади.

— Илгари пахтадан 18 — 20 центнер, ғалладан 15 — 20 центнер ҳосил олсак, қувониб юрардик, — дея мулоҳаза қилади Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманидаги “Бекман Аллаберганов” фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Палвонов. — Президентимиз чақириғига жавобан, илм-фан ютуқларига таяниб, сидқидилдан меҳнат қиладиган бўлсак, ҳосилдорликни бемалол 100 центнергача чиқаришимиз мумкин. АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Исроил, Туркия сингари кўплаб хорижий давлатларда пахтадан 80 — 90 центнердан ҳосил олинаётган пайтда нега биз 50 — 60 центнер билан кифояланиб ўтиришимиз керак?..

Ота-боболаримиз деҳқон ўтган, бизда пойдевор кучли. Ҳозир пахтачиликда пешқадам бўлганлар вақтида юртимизга келиб, деҳқончилик сир-асрорларини биздан ўрганиб кетишган. Қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар ана ўша довруғимизни қайта тиклаш имконини беради.

Кўп тармоқли фаолият — бу бозор иқтисодиёти шароитида фермер хўжаликлари учун асосий турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришда иқтисодий ёрдам бўладиган қўшимча даромад манбаидир. Қолаверса, у қишлоққа саноатни олиб кириш, қишлоқ инфратузилмасини шакллантириш орқали бандлик даражасини таъминлаш, табиий офат ва бошқа кутилмаган ҳолатлар юз берганда йўқотишлар оқибатларини юмшатиш имконини беради. Энг асосийси, инновация ҳамда илғор технологияларни қўллаган ҳолда, ердан ва хомашёдан чуқур фойдаланиш эвазига ички бозорда маҳсулотларга бўлган талаб тобора мўътадиллашувига, экспорт ҳажми кескин ошишига хизмат қилади. Зеро, бугун фермерлик ҳаракати равнақи йўлида ҳаётга татбиқ қилинаётган янгиликлардан кўзланган мақсад-муддао ҳам ушбу эзгу мақсадларга тезроқ эришишдир.

Саид РАҲМОН,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?