Афсонавий ўзбек гимнастикасининг шарафи тикланади

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Бадиий гимнастика қизларнинг координацияси, мусиқийлиги, мослашувчанлиги ва бошқа фазилатларини ривожлантирадиган энг назокатли спорт тури ҳисобланади. Афсонавий гимнастикачи бўлиш осонмас. Аввало гимнастика билан шуғулланадиган махсус марказлар бўлиши, малакали мураббийларни топиш ва сабр, қатъият билан ғалаба қозониш учун иродани ривожлантириш муҳим. Кўпгина ҳолларда болалар 3 ёшдан 6 ёшгача бадиий гимнастика машғулотларига боради. Гимнастика билан шуғулланиш учун қатъий ёш чегараланмаган бўлмасада, ёшликдан ушбу спорт турига бориш келгусида мусобақаларда муваффақият қозонишга ёрдам беради. Бадиий гимнастика билан шуғулланган болалар тенгдошлари орасида чаққонлиги, ихчам қомати ва чиройли юриши билан дарҳол кўзга ташланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23 декабрдаги «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда ҳам мактабгача ёшдаги болаларнинг гимнастика спорт турлари билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш, мактаблардаги жисмоний тарбия дарсларида гимнастика спорт турлари бўйича машғулотларни босқичма-босқич кўпайтириш, айниқса, қизлар ўртасида эрта ёшдан гимнастика спорт турларини оммалаштириш кўзда тутилган. Мамлакатимизда саломатликни мустаҳкамлайдиган, иммунитет тизимини яхшилайдиган, умуртқа поғонаси ва юрак касалликларининг олдини оладиган ушбу бадиий гимнастикани оммалаштириш, бу борадаги мусобақалар, халқаро турнирларда ёшларни муносиб иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда. Нукус, Фарғона шаҳарлари қаторида Самарқандда ҳам замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга ҳудудий гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, Самарқанд шаҳрида гимнастика марказини қуриш ишлари бошланган бўлиб, қурувчи бош пудратчи ташкилот — «Agromir Buildings» масъулияти чекланган жамияти томонидан улкан ишлар амалга оширилмоқда.
— Мазкур объект қурилишини 2023 йилда бошлаганмиз, — дейди «Agromir Buildings» МЧЖ инженери Саидмурод Кунузоқов. — Ҳозирда бинонинг фасад ва ичкарисида пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ошхона ва ётоқхоналар қурилиши давом этмоқда. Жорий йилда бу ишлар тўлиқ якунланиб, марказ фойдаланишга топширилади.
Марказга 2025-2026 ўқув йилидан 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган 132 нафар иқтидорли ўқувчи-спортчилар қабул қилинади. Ўқиш муддати 11 йил бўлиб, битирувчиларга гимнастика спорт турлари мураббийи мутахассислиги берилади.
— Гимнастика маркази гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби негизида барпо этилмоқда, — дейди ушбу мактаб директори Жасур Нурмонов. — Марказ спорт зал, беш қаватли ётоқхона ва ошхона ҳамда маъмурият биносидан иборат. Мазкур иншоот Самарқанд, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари учун хизмат қилади. Ёшлар бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, спорт акробатикаси ва трамплин турлари билан шуғулланади.
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида вилоят спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Туман ва шаҳар спорт мактабларида гимнастика спорт турлари бўйича 20 га яқин бўлим фаолият кўрсатмоқда.
Вилоятдаги 160 нафарга яқин мураббий қўл остида бугунги кунда 4,5 минг нафардан зиёд спортчи гимнастика спорт турлари билан шуғулланади. Вилоят гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби республикада етакчи бўлиб, мактабнинг 25 нафар спортчиси миллий терма жамоанинг асосий ва захира таркибига қабул қилинган. Бундан ташқари, туман ва шаҳар спорт мактабларида гимнастика спорт турлари бўйича 20 га яқин бўлим фаолият кўрсатмоқда. Гимнастикачиларнинг 80 нафардан ортиғи Ўзбекистон, 6 нафари Осиё чемпиони, 2 нафари Осиё ўйинлари ғолиби, 2 нафари жаҳон кубоги чемпиони ва совриндори бўлган.
Келгусида замонавий янги марказ иш бошлагач, гимнастика спорт турлари янада ривожланади. Ёшларнинг спортга қамрови ошади. Иқтидорли спортчилар селекция қилиниб, терма жамоаларга етказиб берилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг