Афруза Ҳамдамова: Жаҳон шахмат юлдузларини тарихий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳримизда кўрганимдан хурсандман

Куни кеча дунёнинг 39 мамлакатидан ташриф буюрган 170 дан ортиқ шахматчилар тарихий ва азим Самарқандда жам бўлди. Бунинг асосий сабаби эса юртимизда илк бор ташкил этилаётган “Grand Swiss 2025” халқаро шахмат турниридир.
Маълумки, ушбу нуфузли мусобақа кўп йиллардан буён швейцарча тизимда 11 тур давомида ўтказилади ҳамда унда жаҳон шахмат рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келаётган кучли гроссмейстерлар, шунингдек, FIDE президенти тавсияси билан таклиф этилган шахматчи ва халқаро мусобақалар ғолиблари иштирок этиб келади.
Юртимизда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE), Спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 855 минг АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, мусобақа орқали дунё рейтингининг “ТОП-100”талигига кирган кучли шахматчилар орасидан тўрт нафар шахматчи — 2 нафар эркак ва 2 нафар аёл жаҳон шахмат тожи учун “Талабгорлар турнири”га саралаб олинади.
— Мамлакатимизда шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида қатор лойиҳа ҳамда дастурлар амалга оширилмоқда, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. — Сўнгги йилларда республикамизнинг турли ҳудудларида кўплаб замонавий шахмат клублари ташкил этилди, ёшлар ўртасида ҳар ойда мунтазам нуфузли чемпионатлар ўтказилмоқда. Пировардида ёшларимиз халқаро мусобақалар, жаҳон чемпионати ва кубоги баҳсларида ғолибу совриндорларга айланишмоқда. Мазкур турнир ҳам нафақат жаҳон даражасидаги шахматчиларни саралаш, балки келгуси йил юртимиз, айнан Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олдидан тайёргарлик жараёнининг муҳим босқичи ўлароқ аҳамиятлидир.
3 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида турнирнинг очилиш маросими ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Аркадий Дворкович сўзга чиқиб, ушбу шахмат байрами билан ҳаммани қутлади ва мусобақа иштирокчиларига омад тилади. Шундан сўнг қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Мусобақада мазкур турнирининг биринчи рақамли иштирокчиси Рамешбабу Праггнанандха, амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш, яқинда Ҳиндистонда ўтказилган нуфузли турнирда ғолибликка эришган германиялик Винсент Каймер ҳамда Алириза Фирузжа, Аниш Гири, Видит Сантош Гужрати, Нодирбек Абдусатторов, Левон Аронян каби ўнлаб жаҳон рейтингида юқори натижалар қайд этаётган шахматчилар ғолибликка асосий даъвогар сифатида баҳс олиб бормоқда.
Қайд этиш жоизки, беллашувнинг эркаклар гуруҳида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ортиқ Ниғматов, Абдумалик Абдусалимов, аёллар гуруҳида эса Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулдона Каримова ва Мадинабону Халилова юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
— Жаҳон шахмат юлдузларини тарихий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳримизда кўрганимдан хурсандман, — дейди Афруза Ҳамдамова. — Одатда мен ёшлар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларда қатнашаман, бу гал эса катталар ўртасидаги мазкур турнирда омадимни синаб кўрмоқчиман. Мусобақада жаҳон рейтингидаги шахматчилар билан 11 раунд муносиб кураш олиб бориб, яхши натижалар кўрсатаман, деган умиддаман.
Ишонамизки, ушбу мусобақа нафақат шахмат ихлосмандлари учун йирик воқеа, балки Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузи янада ошишига хизмат қилади.
Мусобақа 15 сентябрь куни якунланади.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг