Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси минтақада осойишталик ва барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади

06:45 27 Март 2018 Сиёсат
3067 0

Содиқ САФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари:

— Афғонистон бўйича халқаро конференция нима учун Тошкентда ўтказилмоқда? Бунга, фикримча, учта омил бор. Биринчидан, тадқиқотчилар ҳамда сиёсатчилар шуни эътироф этаяптики, бугун Марказий Осиёда батамом янги сиёсий муҳит вужудга келди. Яъни минтақавий дастурларни, жумладан, Афғонистон можаросини муштарак ёндашувлар асосида ҳал қилишга замин яратилди. Иккинчидан, охирги бир йил давомида Тошкентнинг халқаро жабҳада тутган ўрни бутунлай ўзгарди. Буни объектив воқелик сифатида барча тан олмоқда. Олиб борилаётган фаол минтақавий сиёсат натижасида Ўзбекистоннинг обрўйи, таъсири, тутган ўрни ошиб бораётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусига эътибор катта бўлмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Юртбошимиз мазкур конференциянинг аниқ фалсафасини белгилаб берувчи концептуал фикрларни билдирди. Алоҳида қайд этиш керакки, Афғонистон муаммоси гарчи глобал муаммолардан бири бўлса-да, 200 га яқин давлатлар раҳбарларидан саноқлиларигина ушбу муаммога халқаро ҳамжамият эътиборини қаратди. Учинчидан, кўп йиллар мобайнида Афғонистон муаммосини ҳал қилишга қаратилган турли ҳаракатлар бўлди. Ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама мулоқотлар ташкил этилди, конференциялар ўтказилди. Бу ерга каттадан-катта маблағлар йўналтирилди. Техник ҳамда ҳарбий ёрдам кўлами оширилди. Назаримда, афғон можаросидаги асосий зиддият шундаки, бу ерда қурол-аслаҳа, молиявий маблағлар бисёр, ортиғи билан. Лекин дипломатия, сиёсат танқислиги сезилмоқда. Тошкент конференцияси айнан шу дефицитни, яъни дипломатия ва сиёсат танқислигини тўлдиради. Шунинг учун ҳам халқаро ҳамжамиятнинг мазкур анжуманга эътибори ниҳоятда катта.

Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон учун транспорт йўлакларини барпо қилиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда мамлакатимиз чиқаётган энг яқин денгиз портлари 3000 километр узоқликда жойлашган. Ўзбекистондан ўша портларга боришга ўртача 20 — 22 кун кетади. Бу, экспертлар ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистондаги экспорт-импорт операциялари ўртача 15 — 17 фоиз қимматлашувига сабаб бўлаяпти. Трансафғон йўлаги очилса, мазкур масофа 2-3 кунгача қисқаради. Бу нафақат минтақа, балки Афғонистон учун ҳам катта аҳамият касб этади. Шу маънода айтганда, ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши минтақада барқарор ривожланишнинг асосий омили бўлади, айни пайтда Осиёнинг Европа давлатлари билан савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлигини фаоллаштириш, транзит-транспорт имкониятлари интеграциялашувини таъминлаш имконини ҳам беради.

Алишер КУРМАНОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси:

— Ҳақиқатан ҳам, охирги йигирма йил давомида халқаро ташаббуслар орқали турли форматдаги конференциялар, мулоқотлар бўлиб ўтди. Бу платформаларнинг аксариятида Афғонистонни тиклаш ишларига молиявий кўмак бериш масалалари қамраб олинган. Халқаро, қолаверса, минтақавий миқёсда Афғонистонга бағишланган қатор платформалар фаолият юритган.

Афғонистон ҳукумати томонидан илгари сурилган “Кобул жараёни”нинг илк мажлиси ўтган йили июнь ойида, жорий йилнинг февраль ойида эса унинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. “Кобул жараёни” ҳақида шуни айтиш мумкинки, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақа, балки дунё ҳамжамияти учун ниҳоятда муҳимлигини ҳамда Афғонистон марказий ҳукумати ва мамлакатдаги асосий сиёсий кучлар юзма-юз учрашиб, ҳеч қандай шартларсиз мулоқот олиб бориши кераклигини илгари сурган эди. “Кобул жараёни” ушбу талабларга жавоб беради. Тошкент конференцияси эса мазкур жараённинг узвий қисми, мантиқий давоми саналади. Ўйлаймизки, Тошкент анжуманида илгари суриладиган ташаббуслар Афғонистонда барқарорликни қарор топтиришда муҳим ўрин тутади. 

Тошкент конференциясида Афғонистонни ҳам Марказий Осиёда юз бераётган жараёнларга кенг жалб қилиш кутилмоқда. Бинобарин, Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамда инфратузилма алоқалари тизимига муваффақиятли интеграцияси, умумминтақавий миқёсдаги аниқ лойиҳа ва дастурларнинг самарали амалга оширилишига хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўзбекистон жафокаш афғон заминида тинчлик ўрнатилишидан энг кўп манфаатдор давлат саналади. Бугунги кунда мамлакатимиз қўшни давлатда узоқ муддатли барқарорлик ҳамда тинчлик сақланишининг қатъий тарафдори сифатида бу мамлакатга нисбатан анъанавий тарзда яxши қўшничилик ва дўстона сиёсат юритаётганлигини кузатишимиз мумкин.
Олдин афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича қатор анжуманлар бўлиб ўтган. Шу жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам. Бу галги халқаро конференция эса бутунлай янги шароитда ташкил этилмоқда. Халқаро анжуманнинг формати ҳам, иштирокчилар сони ҳам олдингиларидан принципиал жиҳатдан фарқ қилади. Конференцияда 20 дан ортиқ мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар делегациялари қатнашмоқда.

Бу галги халқаро конференцияда Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” ҳаракати ўртасида ҳеч қандай дастлабки шартларни илгари сурмасдан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш учун янги платформага асос солиш режалаштирилмоқда. Бошқача айтганда, олдинги анжуманлардан фарқли ўлароқ, Афғонистонда расмий ҳукумат бир томондан, қуролли мухолифат иккинчи томондан миллий консенсус ҳамда ўзаро ярашувни таъминлаш учун муҳим бир механизмга старт бериш кўзда тутилмоқда. Ушбу механизмни жорий этишдан кутилган асосий мақсад эса қуролли мухолифат Афғонистоннинг сиёсий ҳаётига кафолатли интеграция қилиниши ва қонуний сиёсий куч сифатида эътироф этилишини таъминлашдан иборат.

Тошкент конференцияси ҳақидаги ташаббусни илгари сурар экан, Ўзбекистон уни бир марталик тадбир сифатида ўтказиш билан чекланиб қолмай, ундан кейин ҳам икки ҳамда кўп томонлама муносабатлар доирасида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги сиёсий жараёнга кўмаклашишга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади. Конференция якуни бўйича Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, унда қуйидаги муҳим жиҳатлар ўз аксини топиши кўзда тутилмоқда. Шубҳасиз, Тошкентда бўлиб ўтаётган мазкур халқаро конференция Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг барқарор ривожланиши учун шароит яратиш, афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва унинг минтақа ҳамда бутун дунёдаги ижобий жараёнларга жалб этилишини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Жамшид ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири:

— Афғонистон Ўзбекистон ташқи савдосида муҳим аҳамиятга эга. У ҳамкор давлатларимиз орасида бешинчи ўринда туради. 2017 йилнинг якунларини ҳисоб-китоб қилганимизда, шу нарса аён бўлдики, ўзаро савдо айланмаси 617 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу қўшни давлатлар орасида иккинчи ўринда туради, деганидир. 2018 йил учун олдимизга жуда катта вазифаларни қўйганмиз. Афғонистон Президентининг 2017 йил декабрь ойида мамлакатимизга ташрифи давомида 500 миллион долларлик шартномалар имзоланди. Бугунги кундаги мамлакатимиз потенциалини инобатга оладиган бўлсак, ҳозирги пайтга қадар савдо таркибида электр энергияси, қора металлар асосий ўрин эгаллайди. Биз 2018 йилда ва кейинги йилларда уни тубдан диверсификация қилишни ўйлашимиз керак. 

Афғонистон 36 миллиондан ортиқ аҳолиси билан катта бозор имконияти ҳамдир. Масалан, Афғонистоннинг импорти 6,5 миллиард доллардан ортиқроқни ташкил этади. Бу бизнинг умумий савдо айланмамизнинг 10 фоизи атрофида деганидир. Афғонистон бизда ишлаб чиқарилган қайси товарларни импорт қилиши мумкин, деган саволга жавоб излаганимизда шу нарса аён бўлдики, Ўзбекистоннинг 3 миллиард доллардан ортиқ турдош маҳсулотларини импорт қилган. Масалан, ўтган йили 500 минг долларлик фармацевтика маҳсулотларини етказиб беришга шартнома имзолаган эдик.

Улар эса яна 25 миллион долларлик дори воситаларини сотиб олиш истагини билдиришди. Бундай имконият тўқимачилик тармоғида ҳам мавжуд. Чунки Афғонистонда йилига 100 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотларига давлат буюртмаси бор. Бундан ҳам бизнинг тадбиркорларимиз фаол фойдаланишлари мумкин.

Шароф РАҲМОНОВ,
“UzTrade” компанияси бошқаруви раиси:

— Ўзбекистон ҳамда Афғонистон раҳбарларининг учрашуви чоғида эришилган келишувларга мувофиқ, “UzTrade” компаниясининг Мозори Шарифда савдо уйи очилди, ушбу савдо уйи доимий фаолият юритадиган кўргазма зали (шоу-рум)га эга. Унда юртимизнинг турли товарлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, маиший техника воситалари, кимё, қурилиш материаллари ва бошқалар ўрин олган. Шоу-рум чакана-улгуржи савдо амалиётларини бажариш имкониятига эга бўлиб, афғонистонлик шериклар учун кенг турдаги ўзбек маҳсулотлари тақдим этилган.

2017 йилда компаниямиз ушбу мамлакатга 24 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилди. Мазкур экспорт фаолиятида юртимизнинг 9 та ҳудудидан 26 та корхона иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бир йил ичида имзоланган шартномалар кўлами уч баравар ошди. Хусусан, компаниямиз томонидан 2018-2019 йиллар учун 65 миллион долларлик шартномалар имзоланди. Жорий йилда экспорт фаолиятига 12 та ҳудуддан 50 дан зиёд компанияларни жалб қилиш, товарлар турини эса 40 тага етказишни мўлжаллаганмиз. Ҳозирги кунда Ҳирот, Кобул, Қундуз, Қандаҳор, Шибирғон сингари шаҳарларда савдо уйимизнинг саккизта филиалини очиш бўйича музокаралар олиб бораяпмиз. Бинобарин, ўзбек товарлари Афғонистонда ўз нархи ҳамда сифати билан катта талабга эга. Бугун юртимиз маҳсулотлари ушбу мамлакатда Покистон ва Ҳиндистон товарлари билан муносиб рақобат қилаяпти. Қисқача айтганда, икки томонлама савдо алоқаларининг кенгайиши мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Шуҳрат ШЕРАЛИЕВ,
“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари:

— Компаниямиз Афғонистонга 2002 йилдан бери электр энергияси етказиб беради. Ўша йили 62 миллион кВт соат электр энергияси экспорт қилинган.
Электр узатиш линиясининг қуввати 10 кВни ташкил этар эди. Максимал қувват эса 5 мВтдан ошмасди. Ўтган давр мобайнида бу кўрсаткич кескин кўпайди. Масалан, жорий йилда 2 миллиард кВт соат электр энергиясини етказиб бериш кўзда тутилган.

Афғонистон Президентининг мамлакатимизга ташрифи давомида имзоланган Сурхон — Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш бўйича битимнинг амалга оширилиши туфайли мазкур кўрсаткич 70 фоиз ошиши кутилаяпти. Лойиҳанинг асосий мақсади Афғонистон билан яхши қўшничилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда яхшилаш, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий равнақига, аҳоли турмуш сифати ошишига кўмаклашиш, мазкур мамлакатга электр энергияси экспортини кўпайтиришдир. Шу билан бирга, лойиҳа Афғонистонга суткасига 24 миллион, йилига эса 6 миллиард кВт соатгача электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш имкониятини яратади. Мазкур электр узатиш линиясининг умумий узунлиги 260 километр бўлиб, унинг 45 километри Ўзбекистон, 215 километри Афғонистон ҳудудидан ўтади. Лойиҳани амалга ошириш учун, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 150 миллион доллар йўналтирилади ҳамда 2020 йилнинг охирига қадар ишга туширилиши кутилаяпти. Асосий ишлар жорий йилнинг июнь ойидан бошланиши режалаштирилмоқда. Қайд этиш керакки, мамлакатимиз ҳудудида ушбу лойиҳани амалга оширишга аллақачон киришилган.

Акмал КАМОЛОВ,
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари:

— Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 2009 йилда Ҳайратон ва Мозори Шариф биринчи афғон темир йўлини қуриш тўғрисидаги битим имзоланган эди. Бу лойиҳа муддатидан олдин, яъни 11 ойда фойдаланишга топширилди. Ўтган даврда ушбу транпорт йўлаги орқали 20 миллион тоннадан ортиқ юк ташилди. Шунинг 5,5 миллион тоннага яқини юртимизнинг экспорт товарлари бўлди. Биргина ўтган йилнинг ўзида Афғонистонга 
1 миллион тоннадан ортиғини етказиб бердик.

Афғонистон темир йўл тизимини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатлар охирги пайтларда бир оз сусайиб қолган эди. Президентимиз ташаббуси билан мазкур лойиҳа фаоллаштирилди. Ўтган йили Афғонистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи давомида мана шу темир йўлни қуриш бўйича ҳукуматлараро келишувга эришилди. Унга мувофиқ, Мозори Шарифдан Ҳирот шаҳрига қадар 657 километрлик йўналиш келишиб олинди. Уни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ лойиҳалаштирадиган бўлди. Январь ойида Афғонистон тарафи учун ушбу лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Февраль ойида икки мамлакат темир йўлчилари учрашиб, “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. 

Дастлабки ҳисоб-китоблар асосида ўнлаб кўприклар қурилиши, иккита катта тоннелни қуриш режалаштирилаяпти. Апрель ойида жойига чиқиб, йўналиш ўрганилади ҳамда унинг техник-иқтисодий асоси тайёрланади.

Акмалжон УМИРЗОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган 1992 йилдан буён турли соҳаларга оид 47 та ҳужжат имзоланган. Шундан 3 таси давлатлараро, 14 таси ҳукуматлараро ҳужжатдир. Мунтазам ташкил этиб келинаётган турли даражадаги учрашувлар чоғида 20 га яқин шартномалар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган. Эътиборлиси, мазкур ҳужжатларнинг 17 таси сиёсий ҳамда хавфсизлик соҳасига тааллуқлидир. 15 таси бевосита транспорт, транзит ва логистика соҳаларига оид. Маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари ҳам тобора чуқурлаштириб борилаяпти. 

Ўтган йили Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Афғонистоннинг Жамоат соғлиғини сақлаш вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Афғонистон Олий таълим вазирлиги ўртасида тузилган келишувлар таълим, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини ташкил этмоқда. Бундан ташқари, яна тўртта шартнома лойиҳалари тайёрланган бўлиб, улар судланганларни ва маҳкумларни бериш, икки мамлакат ўртасида ҳаво алоқаси, Ўзбекистон ҳамда Афғонистон фуқароларининг ўзаро борди-келдиси ва темир йўл транспортига оид ҳужжатларни келтириш мумкин. Яқинда парламент қуйи палатаси томонидан Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди ҳамда Сенатга юборилди.

Абдусамад ҲАЙДАРОВ,
сиёсий фанлар доктори, эксперт:

— БМТ афғон можаросини ҳал этиш борасида улкан салоҳиятга эга. Гап бу ерда Афғонистон халқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳақида эмас, балки мамлакат атрофидаги чора-тадбирлар хусусида ҳам бораяпти. Муаммога кенгроқ ёндашиш, қўшни давлатларнинг, дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур.

БМТ миссияси, авваламбор, Афғонистоннинг ичида мулоқот ўрнатишда муҳим роль ўйнайди. Аммо шуни унутмаслик керакки, бу салоҳиятдан тўлақонли фойдаланилмаяпти. Бу борада янги ташаббуслар илгари сурилиши, қўшниларни ўзаро мулоқотга ундаш айни заруратдир. ШҲТ, ИҲТ сингари бошқа халқаро ташкилотларнинг салоҳияти ҳам бу борада алоҳида аҳамиятга эга. Уларнинг саъй-ҳаракатлари бирлаштирилганда сезиларли натижаларга эришиш мумкин. Дунё ҳамжамияти олдида турган асосий масалалардан бири тинчлик жараёнини қандай йўлга қўя олишдир. Тошкент конференцияси айнан шу жиҳатдан мазкур муаммога оқилона ечим топишга қаратилгандир. Глобал муаммолардан бири халқаро терроризмдир. 

Афғонистон ҳудудида кўплаб радикал гуруҳлар фаолият юритаяпти. Аммо Афғонистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўлақонли самара бераяпти, деб бўлмайди. Биз бу борада ушбу мамлакатга кўмаклашишимиз керак. Чунки бу умумий вазифадир.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер