Адвокатлик лицензиясини олишда юридик мутахассислик бўйича 2 йиллик иш стажи талаби бекор қилинади

20:25 15 Май 2023 Сиёсат
763 0

“Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Адвокатура замонавий давлат ҳуқуқий тизимининг энг муҳим институти бўлиб, унинг асосий вазифаси фуқаролар ва юридик шахсларга малакали ва давлатдан мустақил ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларнинг ҳимояланишини таъминлашдир.

Шу боис, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали институтларидан бири бўлган адвокатуранинг роли ва аҳамиятини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, адвокатура институтини ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд ишини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишувчанлик принципи асосида ишни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб, адвокатларнинг ўз профессионал фаолиятини бажаришлари учун зарур қонунчилик базаси такомиллаштирилди.

Шу билан бирга, адвокатура соҳасига ёш мутахассис кадрларни кенг жалб қилиш, соҳанинг жозибадорлигини кўтариш орқали мамлакатимизда аҳолига малакали юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар салмоғини ошириш билан боғлиқ муаммолар ҳанузгача сақланиб қолмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан адвокатлик лицензиясини олишга имтиҳон топшириш учун талабгор шахснинг юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши талабининг бекор қилиниши олий таълим ташкилотлари битирувчи ҳуқуқшунослари орасида адвокатура соҳасига бўлган қизиқишнинг ошишига, соҳада кадрлар алмашинуви жараёнлари тез ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

Йиғилишда депутатлар партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар беришди. Кўплаб асосли таклифлар илгари сурилди. Узоқ давом этган савол-жавоблардан сўнг, ушбу қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?