Адвокатлар билан очиқ мулоқот: «Адвокатура соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, муаммо ва ечимлар»

13:46 29 Март 2023 Жамият
440 0

2023 йил 28 мартда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари М. Икрамов, Адвокатлар палатаси раиси А. Эрназаров ва Адвокатлар палатасининг вакиллари, адвокатлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида «Адвокатура соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, муаммо ва ечимлар» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Очиқ мулоқот офлайн ва онлайн режимда ўтказилиб, унда бевосита ва видеоконференсалоқа орқали қарийб 500 нафар адвокатлар иштирок этди.

Мазкур тадбирда адлия вазири ўринбосари М. Икрамов томонидан бугунги кунда адвокатура фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали адвокатура соҳаси тубдан янгиланаётганлиги, бу орқали жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш янги босқичга олиб чиқилаётганлиги ҳақида билдирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 майдаги ПҚ–263-сон қарори билан адвокатура соҳасини рақамлаштиришга доир вазифалар белгилаб ижрога қаратилганлиги, «Юридик ёрдам» ахборот тизими ишлаб чиқилиб, унда адвокатларнинг шахсий кабинети, адвокатларнинг электрон реестри, «электрон адвокатлик ордери»ни олиш ва бошқа кенг имкониятлар яратилганлиги қайд этиб ўтилди.

Республикамизда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш жараёнлари ҳам учинчи шахслар иштирокисиз адвокатни автоматик электрон танлаш йўли билан амалга оширилиши кўзда тутилаётганлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Шу билан бирга, адвокатлар палатаси раиси А. Эрназаров ҳам мамлакатимизда адвокатура соҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаб соҳадаги юзага келаётган муаммолар бўйича тўхталиб ўтилди.

Мулоқот давомида адвокатлар соҳага оид қизиқтирган саволлар, амалиётда учраётган муаммолар ва уларни бартараф қилиш бўйича ўзларининг таклифларини бериб ўтдилар.

Мулоқот жараёни қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтказилиб, соҳага оид муаммолар ва таклифлар бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?